КИРИШИШ

КИРИШИШ (тўқимачиликда) — газламаларни сақлаш, ҳўллаш, кийим-кечакларни кийиб юриш, ювиш ва кимёвий тозалаш жараёнида турли омиллар (мас, нам, кимёвий эритмалар) таъсирида уларнинг бўйига ёки энига қисқариши. Газламаларнинг асосий хоссаларидан бири. Киришиш даражаси танда ва арқоқ ипларининг қандай толалардан тайёрланганлигига, хоссаларига, тўқиманинг тўзилиши (зичлиги) ва пардозлаш хилларига боғлиқ. Ип-газламаларнинг Киришиш даражаси (киришувчанлиги) жун ва ипак толаларидан тўқилган газламаларникига қараганда, кейингилариники эса сунъий толалардан туқилган газламаларникига нисбатан юқорироқ бўлади. Агар танда ва арқоқ ипларининг Киришиш даражаси бир хил бўлса, газлама бўйига ҳам, энига ҳам бирдай, агар қар хил бўлса — ҳар хил киришади. Умуман, газламалар ва улардан тикилган кийим-бошларнинг Киришиш даражаси танда бўйича 1,5—5%, арқоқ бўйича 1,5—3,5% ни ташкил этади. Шунинг учун айрим киришувчан газламалардан бирор нарса тикишдан олдин уларни ювиб ёки кимёвий ишлов бериб «кириштириб» олинади.

Prev Article

КИРИСИМА

Next Article

КИРОВ