КИШИНЁВ — Молдавия Республикаси пойтахти. Бик дарёси (Днестрнинг ўнг ирмоғи) соҳилида. Т. й. станцияси Янв. нинг ўртача т-раси —3,5°, июлники 21,5°. Аҳолиси 700 минг киши (1990-й. лар охири; шаҳар маъмуриятига бўйсўнган аҳоли пунктлари билан бирга). Кишинёвда 3 шахар тумани бор.
Ҳозирги Кишинёв ўрнида катта қишлоқ бўлганлиги ҳақидаги дастлабки маълумот 1466 й. га мансуб. 17-а. нинг 2-ярмида Кишинёв шаҳарга айланган. 16-а. бошларидан 1812 й. гача Молдавия князлиги таркибида Туркияга қарам бўлган. 1812 й. да Россия империяси Бессарабияни босиб олган. 1818 й. дан Кишинёв — Бессарабия вилояти маркази. 1873 й. дан янгидан тузилган Бессарабия губерняси таркибига кирган. Кишинёвда 1918 й. 1(14) янв. да шўролар ҳокимияти ўрнатилди. Ўша йили янв. да шаҳар Руминия тасарруфига ўтди. 1940 й. 2 авг. да Молдавия Совет Республикаси тўзилгач, Кишинёв унинг пойтахти, 1991 й. да шўролар империяси қулагач, мустақил Молдавия Республикаси пойтахти бўлди.
Кишинёвда машинасозлик (қ. х. машиналари, савдо ва озиқ-овқат саноати жиҳозлари, совиткичлар, электр ўлчаш приборлари, телевизорлар ва б.), озиқовқат (вино, мева-сабзавот консерва, тамаки), енгил (кўн пойабзал, трикотаж ва б.) кимё, ёғочсозлик (шу жумладан, мебель) саноати корхоналари бор. Молдавия ФА, 7 олий ўқув юрти (шу жумладан, Молдавия ун-ти), 5 театр, 9 музей (шу жумладан, ўлкашунослик, тарих, бадиий, А. С. Пушкин музейлари) мавжуд. Черков (18-а.), кафедрали собор (19-а.) ва Зафар токи (ҳозир Ғалаба тоқи; 19-а.) сақланган. 60—80-й. ларда янги саноат ва турар жой бинолари қурилган.