КИСТОН ҚОРА СУЛТОН

КИСТОН ҚОРА СУЛТОН, Кистин Қаро султон (? — 1544.8.10, Балх) — шайбонийлардан амалда мустақил бўлган Балх хонлиги асосчиси ва биринчи хони (1526—44). Шайбоний султонлардан Жонибек султоннинг ўғли. Бобур ҳузурида унинг элчиси (Хожа Камолиддин қўноқ) бўлган. Убайдуллахоннинг Хуросонга қилган юришларида (1528,1531) қатнашган. Балхга тажовўз қилган бобурийлардан Ҳумоюн (Кобул ҳокими) ва темурийлардан Бадахшон ҳокими Сулаймоншоҳ билан (1536) кўраш олиб борган. 1537—38 й. лардан бошлаб Балх билан Эрон ўртасида нисбатан тинч муносабатлар ўрнатилган. Кистон қора султон Қ-С даврида Балхда кўплаб масжид, Мадраса, шифохона ва б. бинолар қурилган. Хусусан, Ҳиндувон (қалъа)да янги қалъа, шаҳардаги хон хиёбонида султон ҳаммоми ва майд. 100×100 газ га тенг сарой қурилган. Султон ҳаммомини қуриш 4 йилга яқин (1528—31) давом этиб, ўз даврининг улкан иншооти бўлган. Манбалар Мирзо Бойқаро чорбоғида қурилган чортоқни (1539) ҳам Кистон Қора Султон номи билан боғлайдилар. Унинг саройида Подшоҳхожа, Бақоий, Шайдо, Ошиқ, Абдий, Ховарий каби форсигўй ва туркигўй шоирлар яшаб ижод қилганлар. Убайдуллахон вафотидан сўнг, Кистон қора султон Қ-С – Бухорога бориб, 1541 й. июлида Мўғулча хонимга (асли Ойша султонбегим — Бобурнинг тоғаси Тошкент ҳокими Маҳмудхоннинг қизи, дастлаб Шайбонийхон ва у Марвда ҳалок бўлгач, Убайдуллахон хотинликка олган) уйланиб қайтади. Тарихчи Саид Роқимнинг хабарича, Кистон қора султон Қ С – умрининг сўнгги йилларида савдойи касалига йўлиққан бўлиб, кўпгина ножўя ишларни қилган. Бу аҳоли ва қўшин ўртасида ғалаён кўтарилишига олиб келган.

Манба: Ҳ о ф и з Таниш ал-Бухорий, Абдулланома, 1,2-ж. лар, Т., 1999, 2000.

Ад.: Ахмедов Б. А., История Балха, Т., 1982.