КИТОБ

КИТОБ — ахборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик карашларни шакллантириш воситаси; билимлар тарғиботи ва тарбия қуроли; бадиий, илмий асар, ижтимоий адабиёт. Халқаро статистикада ЮНЕСКО тавсиясига кўра, ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни, шартли равишда, Китоб дейиш қабул қилинган.

Китоб иши Китобни яратиш, тайёрлаш, уни тарқатиш, сақлаш, тавсифлаш ва ўрганиш б-н боғлиқ катта жараённи ўз ичига олади. Фан, адабиёт, санъат асарларидан матбаада кўпайтириш ва таркатиш учун танлаш, уларга илмий ва бадиий нуқтаи назардан ёндошиш, таҳрир қилиш, бадиий безаш, матбаа ижросини белгилаш ва нашрга тайёрлаш ноширликнинг вазифаси. Китобни кўплаб чиқариш — китоб босиш иши полиграфия саноатиаа олиб борилади. Китобларни тўплаш, сақлаш, ўқувчилар ўртасида ташвиқот қилиш, улардан китобхонлар фойдаланишлари учун қулай шароит яратиш кутубхона ишига қарайди (қ. Кутубхона, Кутубхонашунослик). К. ва б. босма асарлар ҳақида муайян мақсад билан ўқувчиларга маълумот бериш ва уларни ташвиқот қилиш библиография вазифасидир ва ҳ. к.

Китобнинг пайдо бўлиш тарихи езувнинг яратилиши ва шаклланиши жараёни билан ўзвий боғлиқ. Ёзувнингтўзилиш хусусиятлари (белгилар тизими, уларнинг жойлашиш тартиби), ёзув материали ва қуролининг ўзига хос томони ва б. маълум даражада Китоб тузилишини қам белгилаб берди. Қад. Миср, Рим, Юнонистон ва Ўрта Осиёда кишилар тош, пальма дарахти барглари, сопол ва б. материалларга ёзиб фикр изхрр этганлар. Ҳар бир Китоб ўнлаб шундай материаллардан тайёрланган плиталардан иборат бўлиб, оғирлиги бир неча кг бўлган. Ёзув материали сифатида папирус усимлиги ишлатилиши (мил. ав. 4—3 минг йилликларда) билан ўрама К. лар пайдо бўлди. Бундай Китоб ларнинг ўзунлиги ўртача 10 м атрофида бўлиб, ингичка, юмалоқ таёқларга ўралган ва махсус чарм ёки ёғоч ғилофларда сақланган. Шарқ мамлакатлари, Қад – Рим ва Юнонистондаги кўпгина нодир асарлар папирусга битилган. Мил. ав. 2-асрга келиб Китоб материали сифатида пергамент (тери)дан фойдаланиш кенг расм бўлди. Дастлаб бундай Китоб ўрама ҳолда сақланган. Айрим маълумотларга Қараганда, Ўрта Осиёда, хусусан, Хоразмда мил. ав. 1-мингйилликнинг 1-ярмида вужудга келган зардўштийлик динининг муқаддас китобларидан Авестонинг қад. нусхаси ҳам 12 минг мол терисига битилган. Арабларнинг Ўрта Осиёдаги истилосига қадар (8—10-а. лар) у ерда кўп нодир Китоблар сақланган кутубхоналар бўлган. Лекин уларнинг кўпи босқинчилик урушлари натижасида йўқотиб юборилган. 2—4-а. лардан бошлаб Қад. Римда худди ҳозирги Китоб ларнинг варақалари сингари буклаб, тикиб тайёрланган ва бир-бирига бириктирилган, муқовали Китоблар — кодекс пайдо бўлди. Улар дастлаб папирус, сўнг пергаментга ёзилган. Бундай Китоблар оғир ва бесунақай эди. 6-а. дан бошлаб кодекс шакли асосида ҳоз. кўринишдаги Китоблар пайдо бўлди. Терига ишланган ноёб Китоб лардан бири — Мус-ҳафи Усмон Куръонидир. Қуръони каримнинг бу нусхаси 644—656 й. ларда халифа Усмон кўрсатмаси билан Муҳаммад (сав)нинг котиблари Зайд ибн Собит, Амир ибн алОъс ва Ҳишом ибн Ҳакимлар томонидан куфий хатида ёзилган. Мазкур қўлёзма К. Амир Темур томонидан Самарқандга олиб ке-линган. Жами 353 варақ, ҳажми 68x53x22 см. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади.

Қоғознинг кашф қилиниши Китоб тарихида янги давр очди. Айрим маълумотларга қараганда, 650 й. лардаёқ Самарқандда қоғозли Китоблар бўлган. 13-а. дан Европада қоғоз асосий ёзув материали бўлиб қолди. Қоғоз Китобнинг кўпайишига ва тарқалишига янги имконият очди. Китоб безашга алоҳида аҳамият берилди. Унинг саҳифаларига турли миниатюралар, ҳошияларига безаклар ишлана бошлади. Аста-секин хаттотлик (каллиграфия), муқовасозлик каби касблар ажралиб чиқди. Айниқса, Ўрта Осиёда ўрта асрларда хаттотлик санъати кенг ривожланди. Машҳур хаттотларнинг кўп авлодлари Китоб тайёрлаш усулини — материаллар, сиёҳ, хат кўчириш техникасини такомиллаштириб бордилар.

10—12-а. ларда Мовароуннаҳрда муайян соха сифатида шаклланган китобат санъати 14—15-а. ларда янги тараққиёт босқичига кутарилди. Ҳар бир Китоб қоғозидан тортиб муқовасигача, сиёхдан то буёқлари-ю зарҳалигача маълум меъёрдаги модда, режа ва қоида асосида тайёрланади, ҳатто Китобдан хушбўй ҳид анқиб туриши учун баъзан сиёҳга гулоб ёки анбар қўшиларди. Қўлёзмалар нафис ҳуснихат, зарафшон (тилла суви сочиш), сувли буёқлар билан ҳошияга нафис нақшлар ишлаб бадиий безатилди. 15—16-а. ларда бир қанча истеъдодли хаттот, мусаввир, лаввоҳ ва сахдофлар (Абдураҳмон Хоразмий, Султонали Машқадий, Султонали Хандон, Мирали қилқалам ва б.) етишди. Ҳирот хаттотларига устозлик қилиб, китобат санъати равнақига улкан ҳиссасини қўшган хушнавис хаттотлардан Султонали Машҳадий эди. У Низомий, Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Ҳусайн Бойқаро ва б. нинг асарларини кўчириб шуҳрат қозонди. Султонали томонидан кўчирилган 50 дан зиёд Китоб бизнинг давримизгача етиб келган. Темурий ҳукмдорлар девонхоналари қошида, хусусан, Самарқанд, Ҳиротда махсус сарой кутубхоналари ташкил этилган. Бундай кутубхоналар ўрта асрнинг ўзига хос ҳунармандчилик корхонаси бўлиб, уларда қўлёзма Китобларни тўплаш ва сақлаш билан бирга Китоб созлик б-н боғлиқ бўлган бир қанча амалий ишлар бажарилди. Бундай сарой кутубхоналарининг бошликлари «кутубхона доругаси» ёки «китобдор» деб аталган. Уларнинг қўл остидаги кўплаб хушнавис хаттот, наққош-мусаввирлар, лаввоҳ, саҳҳофлар Китоб яратишга дойр турли вазифаларни бажаришган. Мас, 15-а. нинг 1-ярмида Ҳиротда Улуғбекнинг укаси Бойсунқур кутубхонасида 40 хаттот ва бир қанча наққош қўлёзма асарлардан нусхалар кўчириш ва уларни безаш билан банд бўлган. Ҳар бир қўлёзма Китоб бир неча мутахассис қўлидан ўтарди. 1425—29 й. ларда Жаъфар Бой-сунқурий томонидан Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» асари кўчирилиб, 20 та турли мазмундаги рангдор миниатюралар б-н безатилган. Ноёб санъат асари сифатида бу Китоб Теҳрон музейида сақланади. Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий сарой кутубхонаси ҳам ўз даврида машҳур бўлган. Навоий бадиий қўлёзма санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Унинг бевосита кўмаги билан Беҳзод, Султонали Машҳадий, Шоҳ Музаффар каби ўнлаб Китоб соз усталар етишиб чиқди. Бу усталарнинг услуб ва анъаналари кейинги йиллардаги каллиграфия санъатининг асосини ташкил этди. Туркистонда хаттотлик йўли билан Китоб тайёрлаш ўзоқ вақт давом этди. Ҳатто Китоб босиш кашф қилингандан кейин ҳам, дастлабки вақтларда Китоблар қўлёзма йўли билан кўпайтирилар эди.

Китоб нусхаларини оммавий кўпайтириш йўлидаги изланишлар натижасида ксилография пайдо бўлди. 15-а. нинг 40-й. ларида Германияда Иоганн Гутенберг томонидан Китоб босиш ихтиро қилиниши Китоб тараққиётида янги давр очди. Китоб босиш техникаси аста-секин такомиллашиб, бошқа мамлакатларда ҳам тарқала бошлади (қ. Китоб босиш, Босмахона).

Туркистонда босма усули билан Китоб чиқариш Ўрта Осиё Россияга қўшиб олингандан кейин тарқалди. 1868 й. Тошкентда Туркистон харбий округи штабининг босмахонаси ташкил этилди. Шу босмахонада нашр этилган рус олими ва сайёҳи Н. А. Северцовнинг «Чу ва Норин тизмалари этагидаги тоғли ўлка тўғрисида лавҳалар» (рус тилида) китоби Туркистондаги илк босма Китоб дир. Ўзбек тилидаги биринчи босма Китоб Шоҳимардон Иброҳимовнинг 1871 й. Хивада босилган «Календар»идир. Бирин-кетин Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам хусусий литографиялар ташкил этилди. Бўлардан Отажон Абдалов (Хивада), Семён Лахтин (Тошкентда), Ғулом Ҳасан Орифжонов (Тошкентда) литографиялари машҳур. Бу босмахоналарда адабий, фалсафий, диний, тарихий асарлар ва дарсликлар чиқарилди.

Октябрь тўнтаришидан сўнг совет тузуми даврида Китоб босиш иши бирмунча ривожланиб, оммавий Китоблар яратиш ишига катта аҳамият берилди. Лекин Китобга, бошқа оммавий ахборот воситалари каби, КПСС ва Совет ҳукуматининг қудратли мафкуравий қуроли сифатида қаралди. Шу мақсадда жуда кўп номда ва нусхада марксизм-ленинизм асарлари, ижтимоий сиёсий, бадиий, илмий Китоблар нашр этилди. Айни вақтда, 20—30-й. ларда, Ўзбекистонда асрлар мобайнида сақланиб келинган қўлёзма Китоблар, айниқса диний, тарихий мазмундаги Китоблар, кейинроқ катағонга учраган ўзбек ёзувчиларининг асарлари йўқ қилина бошланди: ўтда куйдирилди, сувга ташланди.

Истиқлолдан кейинги йилларда Китоб маҳсулотлари мавзу-мундарижасида кескин ўзгариш бўлди. Тарихий, диний, миллий қадриятларга тааллуқли Китоблар нашрига алоҳида аҳамият берилди. Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси икки бор нашр этилди (1991 й., «Чўлпон» нашриётида; 2001 й., Тошкент Ислом ун-ти нашриётида). Имом Бухорийнинг 4 жилдли «Ҳадис»лари (1991— 96 й. лар, Комуслар Бош таҳририяти), Амир Темур мавзуи билан боғлиқ ўнлаб Китоблар чиқарилди. Алишер Навоийнинг 20 жилдли тўла асарлари (1998 — 2002, Ўзбекистон ФА «Фан» нашриёти) чоп этилди. Турли нашриётларда Форобий, Беруний, Ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд аз-Замахшарий, Улуғбек, Яссавий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори, Фитрат, Усмон Носир ва б. нинг асарлари, 33 жилдли «Хотира» К. и чиқарилди. «Ўзбекистон» нашриётида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг 10 жилдли Асарлари нашр қилинди (1997—2002). Мавжуд нашриётлар омманинг талабэҳтиёжларидан келиб чиқиб бадиий, илмий, оммабоп, дарслик ва б. тур К. лар нашр этмоқдалар. Китоб ларнинг бадиий ва матбаа ижроси ҳам жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган даражада юксалиб бормокда (яна қ. Ноширлик).

Китоб ларнинг тўзилиши ва турлари. Ҳозирги Китоблар ўқувчилар талаби ва эстетик дидига кўра муайян шаклга эга. Китоб саҳифаларга ажратилиб, ўртасидан тикилади ва муқоваланади. Муқованинг Китоб саҳифалари билан бириктирилган қисми форзац дейилади. Айрим ҳолларда муқовани сақлаш ва безак сифатида муқовага жилд (суперобложка) кийгизилади. Китобнинг бош қисмида сарварақ (титул лист) бўлади. Унда муаллиф исмшарифи, Китобнинг номи, нашр этилаётган жойи, йили, нашриёт номи ва б. ёзилади. Сарварақ қўш саҳифада бўлиши мумкин; бу ҳолда у К. нинг 2-(муқобил сарварақ) ва 3-бетларини эгаллайди. Сарварақ маълумотларининг айримлари Китобнинг l-саҳифаси — пешварак, (авантитул)да ҳам ёзилиши мумкин. Сарварақнинг орқа саҳифасига китоб белгиси қўйилади. Баъзи ҳолларда сарварақ ўрнида саррасм (фронтиспис) бўлади. Матннинг мазмунига караб, Китобда турли усулда сарлавҳалар қўйилади. Айрим ҳолларда йирик сарлавҳалар алоҳида саҳифада берилади. Бундай саҳифа зарварақ (шмуцтитул) дейилади. Китобнинг рукнсарлавҳа (колонтитул) ва рукнрақам (колонцифр) лари ундан фойдаланиш ишини осонлаштиради. Шунингдек, Китобда мундарижа, муқаддима, хотима, аннотация, илова, изоҳ, турли кўрсаткичлар, библиографик рўйхатлар ҳам бўлиши мумкин. Китоб саҳифасининг ҳажми унинг нашр бичими билан белгиланади (қ. 7а-бок).

Китоблар қандай ўқувчилар оммасига мўлжалланганлиги, мақсади ва мавзуига қараб турларга ажратилади. Ўқувчиларга кўра, Китоблар оммавий, мутахассислар учун ва болалар китоби бўлиши мумкин. Мақсадига кўра, расмий, илмий, илмийоммабоп, ўқув, адабий-бадиий, маълумотнома ва б. хил Китоб ларга бўлинади. Илмий Китоблар ичида монография кенг тарқалган. Ўқув Китоблари дарслик, ўқув қўлланмаси, ўқув методик қўлланма ва б. турларга ажратилади. Маълумотномалар эса луғат, энциклопедия, календарь, йўл кўрсаткичлар қабиларга бўлинади.

Ад.: Кацпржак Е. И., История книги, М., 1964; Сидоров А. А., Книга и жизнь, М., 1972; Люблинский B. C., Книга в истории человеческого общества, М., 1972; Рустамов М., Ўзбек китоби, Т., 1968; Муродов А., Ўрта Осиё хаттотлик санъа-титарихидан, Т., 1971,3иганшина Н. А., Мусаввир ва китоб, Т., 1987.

Муроджон Аминов.

Loading...