КИЙИМ

КИЙИМ — инсон танасини ташқи муҳит (иқлим, об-ҳаво ўзгаришлари, қуёш нури ва б.) таъсири ва турли механиқ таъсирлардан асрайдиган воситалар тўплами; эстетик вазифани бажаради ҳамда жинс, ёш, миллийлик ва б. хусусиятларни ўзида акс эттиради. Кенг маънода «Кийим» тушунчаси бош К. лар, оёқ К. лар (пойабзал), қўлқоп ва б. ни ҳам ўз ичига олади.

Кийим турига кўра — ички Кийим, устки Кийим, бош Кийимлар, оёқ Кийимлар (пойабзал); вазифасига кўра — кундалик, уйда, дам олиш пайтида, байрам ва тўй маросимларида кийиладиган (кишилик) Кийимлар, иш Кийим (жомакор), спорт К., расмий Кийим (форма) лар, махсус Кийим ларга бўлинади; аёллар, эркаклар ва болалар Кийим ларига ажратилади.

Кундалик Кийим, одатда, халқнинг маданияти, кишининг дидига мос бўлиб, турли модада, турли хил матолардан тикилади; унда касб, этник ва ижтимоий гуруҳга мансублик ўз ифодасини топади. Дам олиш пайтида кийиладиган Кийим юмшоқ ва майин матодан, эркин ҳаракат учун қулай қилиб тикилади. Байрам, маросим (кишилик) Кийим лари миллий услубда, қимматбаҳо матолардан тайёрланади, турли безаклар (кашта, мунчоқ ва б.) билан бойитилади. Иш К. и (жомакор) оддий матолардан меҳнат жараёнига мос қилиб тикилади (мас, ўт ўчирувчининг иш Кийими ўтга чидамли брезентдан, балиқчиларнинг Кийими сув ўтказмайдиган матодан тикилади, тракторчининг иш Кийими комбинезондан, тиббиёт ходими, сартарош, ошпазларнинг иш Кийими асосан, оқ халатдан иборат ва ҳ. к.). Спорт Кийим жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун қулай қилиб тикилади. Расмий Кийим (форма) ҳарбий Кийим, матрос, милиционер, алоқачи ва расмий кишилар (прокурор ва б.)нинг махсус низомда белгиланган Кийим лари. Махсус Кийим ҳомиладор аёллар, беморлар ва б. киядиган Кийим лар. Болалар К . и ранг-баранг пишиқ матодан қулай қилиб тикилади, улар турли қўшимчалар билан уқа, жияк, кашта тикиб, қуроқ усулида безатилади. Кийим ихчам, иқлим ва фаслга, жинс, ёшга мослаштирилган, энг муҳими қулай бўлиши, кишига ярашиб туриши лозим. Кийимни бичиш ва тикиш катта санъат. К. тикиш учун олдин табиий (пахта, жун, жут, ипак) ёки сунъий (синтетик) матолардан танланади, тикувчилар уйда, ательелар ва ф-каларда Кийим тикишади. Бунинг учун аввал матони бичиб олиш керак. Бу ишни бичиқчи бажаради. Ўнга модельер рассом К. расми (модели)ни чизиб беради. Хуллас Кийим битиб магазинга тушгунча бир неча киши меҳнат қилади.

Енгил саноат, хусусан, тўқимачилик саноатининг жадал ривожланиши кишилар дидининг тинимсиз ўсиб бориши, халқлар орасидаги алоқаларнинг кучайиши Кийим модасининг тез-тез ўзгариб туришига олиб келади; ҳаёт ҳам шуни тақозо қилади. Айниқса, аёллар Кийимлари модаси тез-тез ўзгариб туради. Ҳозир Кийим инсон танасини ташқи таъсирлардан асрайдиган восита бўлиш билан бирга ўзига ва атрофдагиларга эстетик завқ бағишлайдиган бадиий санъат асарига ҳам айланиб бормокда. Кийим тикишда турли-туман безак материаллардан, кашталардан фойдаланилади.

Кийим инсон яратган турар жой каби энг қад. ихтиролардан; сўнгги палеолит давридаёқ мавжуд бўлган Кийим географик муҳит, хўжалик шакли, ижтимоий муносабатлар, маданият, этник қатламлар ва б. га боғлиқ ҳолда тараққий этган. Палеолит даври ёдгорликлари орасида терини ишлайдиган тош ва тикадиган суяк игналар топилган. Кийим учун матодан ташқари барглар, ўтлар, дарахт пўстлоқлари ҳам хом ашё вазифасини ўтаган. Ибтидоий одамлар ҳай-вон терилари, дарахт пўстлоклари ва баргларини суяк ва ҳайвон шохидан ишланган «игналар» б-н шунчаки чатиб, баданларига «илиб» олишган. Неолит даврида ип йигириш ва мато тўқиш санъатини ўзлаштирган инсон Кийим тикишда дастлаб ёввойи ўсимлик толаларидан фойдаланган, чорвачилик ва деҳқончиликнинг ривожланиши мато тайёрлаш учун уй ҳайвонларининг жуни ва маданий ўсимликларнинг толаларидан фойдаланиш имконини берди. Барча Кийим турлари 2 бошланғич кўринишдан — елкага ташлаб қўйиладиган тери, ўт, барг ва парлардан тўқилган ёпқич ва (белбокса) боғламлари (белбоғ) дан ривожланиб шаклланган. Кейинчалик ёпқичлар ёпинчиқ(плашч), кўйлак, кафтан каби, бел боғламлари иштон, юбка, фартук каби турли хил шаклларга эга бўлди; шиппак ёки оёқни ўраб турган бир парча ҳайвон териси энг содда қад. пойабзал тури бўлган, шунингдек, пойабзал учун дарахт пўстлоғи ва дарахтдан ҳам фойдаланилган.

Эстетик хусусиятларга эга дастлабки К. Қад. Миср К. ларидир. Қад. Мисрда эркаклар (белларига мато ёки тери боғлаган) ва аёллар (боғичли тўғри кўйлак) К. ларида бурма (драпировка)лар қўлланилган; кейинроқ нозик мато и. ч. га эришилгач, плиссировка кенг тарқалган. Турли рангдаги нозик матодан тайёрланиб кашталар билан безатилган Кийимни, одатда, ҳукмрон табақа вакиллари кийган, қуллар дағал мато ёки теридан тайёрланган Кийим кийган. Қад. оссурияликларда узун кўйлак ва ҳошия безакли ёпинчиқ расм бўлган. Юнонлар хитон (енгеиз кўйлак), туника (калта енгли кўйлак), гиматий (ёпинчиқ) кийишган, бу Кийимлар инсон қиёфасига улуғвор соддалик бахш этган, инсон танасининг эгилувчанлигини курсатган (улар, асосан, оқ жун ва каноп матолардан тайёрланган), тўғноғич, белбоғ ва б. билан бойитилган. Оёқ Кийим вазифасини болдирни ўраб турадиган тасмали шиппаклар бажарган. Қад. Рим К. и ҳам юнонларники каби бурмали бўлган. Эркакларнинг асосий устки Кийими тоға (ярим айлана ёки овал шаклидаги мато бўлаги) бўлган. Эркак ва аёлларнинг ички Кийими вазифасини туника бажарган, аёллар унинг устидан (столахитон кўринишидаги кенг узун Кийим) ва палла (гиматийга ўхшаш) кийишган.

Византияда диний таркидунёчилик таъсирида Кийим қатъий, қоматни яшириб турадиган шаклга эга бўлиб, мато (парча, шойи) қалин, оғир, йирик гулли бўлган.

14—15-а. ларда Ғарбий Европада чизмачилик илмининг тараққиёти ҳозирга қадар мавжуд бўлган андазаларнинг барча турларини яратилишини таъминлади, матоларнинг нафислиги, ипларининг жойлашиши бичишни мукам-маллаштирди. Бу ютуқлар Кийимни аниқ лойиҳалаш ва қоматга мос нафис К. нинг пайдо бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Халқлар ўртасида иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши натижасида Кийим бичимлари бир мамлакатдан иккинчисига тарқалган. Mac, 11 — 14-а. ларда Ғарбий Европага француз, 14 — 16-а. ларда Фландрия ва Бургундия, 16-а. 2-ярмидан испан, 17-а. 2-ярмидан яна француз модалари тарқалган. Рус зодагонлари Шарқда тайёрланган зарбофт, кимхоб тўнлар, зардўзи телпак ва б. буюмларни жуда қадрлашган (мас, Мономах телпаги). 14-а. да Кийим тараққиётига маълум даражада меъморлик ва тасвирий санъатдаги услублар таъсир этган. Mac, 10 — 12-а. ларда Ғарбий Европада Кийим бичимида роман услуби акс этган, яъни узун кўйлак ва елкага ташлаб юриладиган ёпинчиқ урф бўлган; 12—15-а. ларда готика услубида тикилган калта ва тор К. кийишган. Уйғониш даври (15—16-а. лар) да калта, лекин кенг бичимдаги Кийим расм бўлган, 16 — 18-а. ларда барокко, 18-а. да рококо услубидаги, яъни мураккаб бичимли Кийимлар кийила бошланган. Кийим тўр, бурма, бантиклар билан безатилган. 18-а. француз инқилоби даврида юзага келган эркаклар либоси Европа эркаклар Кийим ини шаклланишида муҳим роль ўйнади. 19-а. да ягона Европа Кийими шаклланиши якунланди, 19-а. 2-ярмидан Кийимларни оммавий и. ч. натижасида қуйи қатламлар орасида ҳам янги модали Кийимлар кенг тарқалди. Англия эркак Кийими яратишда етакчи бўлиб қолди.

20-а. да техника тараққиёти ва ўнга боғлиқ ҳолда ўзгарган ҳаёт тарзи, тикувчилик саноатининг ўсиши Кийим тарихида янги даврни очиб берди, автомобиль ва мотоциклда юришнинг кенг тарқалиши туфайли эркаклар Кийим ида ўзгаришлар рўй берди: калта шим, куртка, рангли кўйлак, бош Кийим — кеплар пайдо бўлди. 20-й. лардан эркаклар ягона бичимдаги Кийим кия бошлади. 50-й. лардан эркин ҳаракатга қулай бўлган Кийим юзага келди, анча енгил ва шаклан нафис Кийим яратилди, енглари яхлит бичимли кўйлаклар, почаси тор шимлар пайдо бўлди, спорт Кийимлари кенг тарқалди.

Аёллар Кийим ида 20-а. 10-й. лар Кийим шаклидаги бежамдорлик, чизиклар ва безакдаги асимметрия йўқолди, кўйлакларда эластик матоларнинг эркин бур-малари б-н ҳосил қилинадиган чизиқларнинг оқувчанлиги пайдо бўлди.

Уруш йилларида кундалик Кийим — юбка ва блуза бўлиб, кўйлаклар калталашди. Бу К. да пайпоқ муҳим ўрин тутди. 30 — 40-й. ларда нозик шаклда (эгри ип йўналишида бичилган мато қоматга мос ётади) қарбий Кийим хусусиятлари (елканинг кенг ва баландлиги бўрттирилган ва б.) кўзга ташланади, пойабзал қалин тагликка (платформага) эга бўлди; 50-й. ларда аёллар Кийим ида услубий ўзгаришлар рўй берди: қатъий шаклдан майин оқувчан чизиқларга эга бўлган янги бичим яратилди; енги билан яхлит бичимли қоматга мос Кийим тури (бели ва юбкаси тор кўйлак) ва учли, нафис ва ингичка пошнали пойабзал юзага келди. 60-й. лар бошида юбкалар ўрнини эғаллай бошлаган шимлар кенг тарқалди.

60-й. ларда оёқ Кийимда ўзгаришлар рўй берди: спорт услубидаги кенг ва ўртача баланд пошнали пойабзал пайдо бўлди. Қишки пойабзаллардан этиклар кенг тарқалди. 60-й. лардан эркак ва аёллар Кийим идан ёшлар либоси ажралиб туради: ўсмир йигит ва қизлар Кийим би-чимининг ўхшашлиги деярли бир хил бўлган буюмлар яратишга олиб келди.

70-й. лардан Кийим тури ва унинг шакллари жуда ранг-барангликка эга. Модельерлар ана шу хилма-хилликда айрим қисмларни уйғунлаштирувчи ўзига хосликни кўрадилар.

Кийим моделини яратишда замонавий Кийимларни лойиҳалаш маркази шаклланган Франция етакчи ўрин эғаллайди (Г. Шанель, К. Диор, П. Карден ва б.). 20-а. 2-ярмидан Англия (М. Куант), Италия (опа-сингил Фонтаналар, Валентино), шунингдек, АҚШ, Япония ва б. фирмалар улар билан эркин рақобатлашади. ‘ МДҲ ҳудудида матодан тикилган Кийим неолит давридан маълум. Мил. ав. 1-минг йилликда скиф-сармат қабилаларининг эркаклари кўйлак ва кафтан, учли қалпоқ, этик, аёллар кенг кўйлак, устки (ёпинчиқ) Кийим кийишган. Рус, украин ва белоруслар тўғри бичимли узун кўйлак, камзул, пўстин, мўйнали қал-поқ, этик, пийма, бошмоқ, лапта (чипта кавуш) кийишган. Кавказликлар (арман, грузин, озарбайжон) узун кўйлак, черкаска (камзул), бурка, папаха, аёллар белигача тор, этаги кенг кўйлак, ихчам қалпоқча кийиб, юпқа рўмол ўраб юришган. Ўрта Осиё халқлари тўғри бичимли узун кўйлак, яктак, чопон, дўппи, салла, рўмол, мўйнали қалпоқ, маҳси, кавуш, этик ваб. Кийим кийишган.

Ўзбек миллий Кийим Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий Кийим қадимдан иқлим, турмуш шароитлари ва уруғ-қабила анъаналари асосида шаклланган. Республика ҳудудидан топилган археологик ёдгорликлар, деворий расмлар, ёзма манбалар, қўлёзма китобларга ишланган мўъжаз тасвир (миниатюра)ларда ўзбек миллий Кийим ининг бой тарихи намоён бўлади.

Шарқ Уйғониш даврида барча соҳаларда бўлгани каби либосларга тус беришда ҳам ғоят илгарилаб кетилган. Киши қоматининг гўзаллигини аниқ кўрсатадиган бели қисма либослар тарқалган. Бироқ Кийимнинг киши қоматига қараб бичиш усули бу ерда унча ривожланмаган. Кийим шакли эстетик идеал, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, хусусан, дин, ахлоқ билан чамбарчас боғлиқдир.

19-а. К. лари (тўн, кўйлак, яктак, чопон ва б.) кенг, узун, яхлит бичими, одам қоматини беркитиб эркин тўкилиб туриши каби қад. хусусиятларни сақлаган. Қишки ва ёзги, эркак, аёл ва болалар Кийимлари бир хиллиги, шакли ва бичими яқинлиги билан ажралиб туради: оқ ёки малла бўздан кўйлак, қалами яктак ёки тўн, олачи чопон, дўппи ўзбек эркаклари учун, аёллар учун кенг кўйлак, узун лозим, нимча, калтача асосий миллий Кийим ҳисобланган. Турмушга чиқмаган ўзбек қизлари билан аёллари Кийимлари бичимида айрим тафовутлар бўлган. Мас., қизлар кўйлаги ёқаси кўндаланг очилиб, четларига бошқа рангли матодан ўқа ёки жияк ҳошия тикилган; аёллар кўйлаги ёқаси тахм. 25 см узунликда бўйлама очилган. Ўрта Осиё Россияга қўшиб олингач, тик ёқа (нўғой ёқа)ли кўйлаклар пайдо бўлди (Зарафшон водийсида қозоқи кўйлак деб юритилган). Ёш жувонлар биринчи фарзандларини туққунларига қадар парпара ёқали (ёки жимжима тик ёқали) кўйлак кийган. 19-а. охирларида кўкрак бурма аёллар кўйлаклари пайдо бўлди, бундай бичимли кўйлаклар ҳозир ҳам миллий Кийим сифатида асосий ўрин тутади.

Эркаклар тўғри бичимли кўйлак, яктак, тўн, чакмон кийган. Тўнлар авраастарли ёки пахта солиб қавилган, олди очиқ, узун бўлган. Астарли тўнлар баъзи хрлларда калта ва кенг енглик қилиб ҳам тикилган. Тўнлар авраси беқасам, кимхоб, бахмал, шойи, қора сатин, чит ва б. матолардан, астари чит ёки сатиндан тикилган. Турли вилоятларда турлича тўнлар кийилган. Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва б. жойларда тўнлар қимматбаҳо матолардан тикилиб, ёкаси, этаги, енг учларига турли хил рангдаги зар ипларда кашта тикиб, атрофларига тошлар қадаб безатилган. Бундай тўнларни хон ва амирлар бой ва амалдорларга яхши хизматлари эва-зига инъом этишган. Умуман ҳурматли кишилар — устозлар, қудалар, куёвлар ва ш. к. га тўн кийгазиш удуми ҳоз. кўнгача сақланган.

Аслзодаларнинг байрам Кийим ларида белбоғ — камарлари тўқали, бахмалдан тайёрланган ёки зардўзи кашталар билан тикиб безатилган. Кундалик Кийимлар устидан узун қўшоқ ва чорси қийиклар билан боғланган. Эркаклар иштони кенг, узун бўлиб, почаси томон торайиб борган. Бош Кийим лардан дўппи, кулоҳ кийилган, устидан салла ўралган, (аслзодаларнинг бош Кийимлари зар ва кумуш иплар билан безатилган). Қиш фаслида мўйнали телпаклар кийишган.

Ўзбек халқи орасида энг кўп тарқалган енгил бош Кийим дўппидир. Асосан, бахмал, сидирға шойи, сатин каби матоға ип, ипак, зар билан кашта тикиб тайёрланган.

Оёқ Кийим ларидан узун қўнжли, пошнасиз, таг чарми юмшоқ бўлган кавуш билан кийиладиган маҳси, зодагонлар орасида уч қисми қайрилган баланд пошнали этик кийиш урф бўлган.

Аёллар Кийимлари кўйлак, лозим, камзул, нимча ва ш. к. тўғри бичимли бўлган. Аёллар лозими кенг, узун, паст (поча)га томон торайиб борувчи шаклда бўлиб, очиқ рангли матолардан тикилган. Лозимнинг почаси жияклар билан безатилган. Келинчаклар ўзгача жияк тақишган. Бош Кийим сифатида асосан рўмол ўралган. Ёши ва мавкеига, оилавий аҳволига қараб турли хил рўмол — дока рўмол, шол рўмол, ғижим рўмол ва б. хил рўмоллар ўралган, ўралиш усули ҳам турлича бўлган. Қизлар учун қулай бош Кийим дўппи ҳисобланган. Дўппилардан ироқи чоргул, йўрмадўзи, мунчоқ гулли, зардўзи, ироқи дўппилар машҳур. Бош Кийимлари устидан чиройли нақшлар билан безатилган тиллақош, бўйинга уларга мос бўйинтумор, зебигардон, қўлга билагузук, узук ва б. тақинчоқлар тақилган. Аёллар одми матодан тикиладиган, аёл қоматига ёпишиб, кўйлак этагидан бир оз юқорироқ турадиган авра-астарли пахталик чопон ҳам кийишган. Чопоннинг ёқа ўймаси чуқурроқ, бағри тугмачасиз бўлган. Аёллар шариатга кўра, бегона кишилардан ўз юзларини яширишган. Шунинг учун улар чодра, кейинчалик паранжи ёпинишган.

Болалар Кийими, асосан, катталар Кийими шаклини такрорлайди. Чақалоқнинг биринчи Кийими «чилла кўйлак» бўлган. 2—3 ёшидан бошлаб кўйлак-иштон, чопонча кийдирилган. Бола 6—7 ёшга киргандан сўнг унинг Кийими катталар Кийими бичимида тикилган.

Айрим уруғ, туман, вилоятларнинг Кийимлари (дўппи, рўмол, чопон ва б.)да ва унинг безакларида ҳам фарқ бўлади. Вилоятлардаги аҳолининг кундалик Кийим ларигина эмас, байрам Кийимлари ҳам фарқланган. Зарафшон водийси аёлларининг яланг қават делегай, румчаси, тошкентликларнинг мурсаги, Шаҳрисабзнинг калтачаси байрам ва тантаналарда кийиладиган кишилик либослари ҳисобланган.

19-а. охири — 20-а. бошларида қарийб барча вилоятларда камзул, нимча урф бўлди, бироқ турли вилоятлардаги хотин-қизлар уларни ўзига хос безаклар б-н бойитишган. Ҳоз. такомиллашган Кийим ларда ҳам мана шу ўзига хосликни фарклаш мумкин.

19-а. нинг 80-й. ларигача Кийимлар тўғри бичимли шаклни сақлаган. Кийим шакллари миллий йўл-йўл, сидирға ва гулли матолар билан мослашган, олди, этаги, енг учи, ёқаси гулли жияклар билан ҳошияланган.

80—90-й. ларда бой хонадонларнинг Кийим ларида қоматга мослаб бичиш каби нафис ўзгариш кузатилади. Шу даврда урф бўлган бурама (кокеткали — кўкрак бурма) кўйлаклар ҳоз. кунда ҳам барча ўзбек аёллар кўйлагининг асосини ташкил қилади. Шунингдек, рус ва татарлар К. и таъсирида бичимнинг қоматга мос шакли юзага келди, бичим мураккаблашди, бироқ кенг омма орасидаги Кийим шакли кам ўзгаришларга учради, аввалгидек эркин тўғри бичимли шакл сақланиб қолди. Ўзбек миллий Кийимлари бичими, асосан, 3 турга бўлинган: БухороСамарқанд; ФарғонаТошкент; Хоразм турлари. Бу турлар бичимининг кенг-торлиги, енгининг узун-қисқалиги ва б. билан бирбиридан фарқ қилади.

20-а. нинг 20—30-й. ларида Кийим бичими ўзаро бир-бирига яқин бўлган 2 йўналишда ўзгариб борди. Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида европача бичимда тикилган К.-бош расм бўла бошлади. Миллий Кийимга европа Кийим хусусиятларининг киритилиши миллий кўйлакни шим б-н, аёллар кўйлакларини нимча билан кийилишига олиб келди. Кийим даги аввалги уйғунлик йўқолди. Бу тарихан ҳаёт шароитининнг ўзгариши ва оммавий саноат и. ч. нинг ҳунармандликдан устунлиги туфайли келиб чикди. Шу билан бирга қадимдан иқлим ва ижтимоий ҳаёт шароитлари белгилаган миллий Кийим шакллари ҳам ўсиб борди. Миллий бичимдаги Кийимлар қоматнинг нисбатларига яқинлашди, аёл кўйлаклари торайиб ва калталашиб борди, илгарироқ юзага келган кўкрак бурма (кокеткали) ва қайтарма ёқали кўйлаклар ҳаётга муқим кириб борди, енги калталашди. Рўмол билан бир қаторда бош Кийим сифатида чиройли дўппилар кенг тарқалди.

Эркакларнинг иш Кийим ида ҳам ўзгаришлар бўлди. Умуман олганда, оммавий миллий Кийим таркибига кура соддароқ ва чиройли бўлиб борди.

40—50-й. лар бошида Кийим санъатида аввалгидек 2 йўналиш кузатилади. Кийимнинг умум европа шакли қоматнинг қатъийлиги ва нисбатлар муносабатининг умумийлиги билан белгиланди: эркаклар Кийим ини тўғри елкали қоматга мосланган пиджак, кенг шимлар, аёллар кўйлагини тўғри елкали эркин кесма лиф, этакка томон кенгайган юбка ташкил этди.

50-й. ларнинг ўртасида Кийимни моделлашда янги хусусиятлар юзага келди. Кийим қоматга тўлиғича мосланди, қоматга майин ёпишиб, оқувчан қомат чизиғини ҳосил қилди. Бироқумумий йўналиш билан бирга миллий Кийим ҳам урфдан қолмади. Унинг ўзига хослиги шаклида ва миллий мато колоритида намоён бўлди. Бу жиҳатдан аёлларнинг кенг ёзги кўйлаги ва эркакларнинг ишчи Кийими диққатга сазовор. Кекса одамлар орасида тўннинг сакланиб қолиши анъанавий тус олди. Моделлар уйининг ишга тушиши (1949) билан андазалаш санъати юзага келди. Миллийликни сақлаган ҳолда Кийимнинг умумий шакли йил сайин кенг тарқала борди.

Ўзбек Кийими ранг-барангликка эга. Унда 19-а. охири — 20-а. бошларида яратилган миллий Кийим турларини, шунингдек, энг сўнгги андазадаги Кийимларни баббаравар кўриш мумкин. 60-й. лардан ан-дазаларни режалаш бошланди. Рассомлар билан ҳамкорликда Кийимни моделлаш ва лойиҳалаш, андазалаш санъати тараққиёти янги йўлдан бормокда.

Мода йўналиши модельер рассомларнинг энг яхши ютуқларига, асосан, йилнинг маълум мавсумини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Турли касбдаги кишилар учун қулай ишчи Кийими яратишга катта аҳамият берилади. Ўзбек модельер рассомлари янги шароитга тўғри келадиган ифодали Кийим шакллари устида изланмокда.

Шунингдек, халқ орасида муқим сақланган анъанавий миллий Кийим шакли устида ҳам ишланмокда. 20-а. Бошида юзага келган янги шаклли аёллар кўйлаги айрим қисмларидагина ўзгарди. Анъанавий миллий Кийимнинг сақланиб қолишида табиий иқлим шароитига мослиги, ҳар бир аёл учун ижро усулининг қулайлиги, бичимининг соддалиги, тикилишининг осонлиги муҳим роль ўйнайди. Ўзбек модельер рассомлари ишларида андазалашда миллийлик ва байналмилал хусусиятлар ўз уйғунлигини топмоқда.

Ад.: Содиқова Н. С, Ўзбек кийими, Т., 2002; Занятия и быт народов Средней Азии, Л., 1971; Абдуллаев Т. А., Хасанова С. А., Одежда ўзбеков (XIX — начало XX в.), Т., 1978; Костюм народов Средней Азии, М., 1979; Сухарева О. А., История среднеазиатского костюма. Самарқанд (2-пол. 19 – нач. 20-в.), М., 1982; Рахимова 3. И., Среднеазиатский женский костюм на миниатюрах Мавераннахра XVI—XVII в. (Культура Среднего Востока), Т., 1990; Ундерова Л. В., Ўзбекская народная одежда конца XIX-XX в., Т., 1994.

Сайёра Маҳкамова.

Loading...