КЛАССИЦИЗМ (лот. classicus — намунавий) — антик даврда ўз ривожининг юқори чўққисига эришган қад. Юнон ва Рим санъати меросида шақлланиб, унга тақлид қилиш натижасида юзага келган адабиёт ва санъатдаги услуб, йўналиш. Классицизм тарафдорлари 17—19-а. ларда Францияда, кейинроқ Европанинг бошқа мамлакатларида Уйғониш даври анъаналарини давом эттирган ҳолда (инсон ақл заковатига ишониш, антик давр яратган идеал мутаносибликни ва нисбатларни тан олиш ва эъзозлаш), ўз замонасининг ижтимоий ҳамда эстетик талабларига жавоб тариқасида вужудга келган. Антик давр мифологияси (ривоятлари), таврот воқеаларига мурожаат қилиб, улардан олинган сюжетлар орқали ўз даврларининг этик — ахлоқий ва сиёсий муаммоларини кўтаришта ҳаракат қилдилар. Классицизмда ҳам умумлашма асар яратиш асосий масала ҳисобланади, асарлар бирмунча вазмин, ритм ва нафис мусиқавийликка интилиш асосида яратилди. Одатда, Классицизм ривожи тарихи 2 босқичга ажратилади. 17-а. Францияда шаклланган Классицизм ўзида абсолютизм ғояларини ифодалаган бўлса, 18-а. га келиб Классицизм янги дунёвий идеаллар, маърифатпарварлик ғоялари ва оддий халқ орзу-истақлари ва интилишларига асосланган идеалларга таянган ҳолда ривожланди. Классицизмга хос белгилар дастлаб Италия нафис санъатида (16-а. нинг 2-ярми) пайдо бўлган (А. Палладио, Ж. Виньола, С. Серлио, Ж. Беллори назарий ва амалий фаолиятида, шунингдек, Болонья академик мактаби расмий ҳужжатлари ва ҳ. к.), 17-а. га келиб Францияда барокко тамойилларига қарши курашда Классицизм илдамлаб, яхлит услубий тизимга, 18-а. га келиб умумевропа услубига айланди.
Классицизм эстетикаси рационализм тамойиллари асосига қурилган бўлиб, бадиий асарга ақл ва мантиқ натижаси сифатида қаралади. Классицизм санъати «олий» (тарихий, мифологик, диний) ва «кичик», «паст» (манзара, портрет, натюрморт жанрлари)га ажратилди. Классицизм назариясининг шаклланишида Парижда ташкил топган қироллик академиялари — рассомлик ва ҳайкалтарошлик (1648) ҳамда меъморлик (1671) фаолияти муҳим ўрин эгаллади. Классицизм тамойиллари нафис санъатда, меъморликда шақлларнинг геометрик аниқлиги ва ритмик мантиқий режалаштирилиши ва антик меъморлик шақлларидан кенг кўламда фойдаланишда ёрқин намоён бўлди.
Адабиётда Классицизм адабиётни ижтимоий ҳаёт тараққиёти талаблари билан узвий алоқада булишини тақозо этди ва шу билан адабиёт ҳамда санъат (айниқса театр) нинг ўз замонасининг илғор позициясида туриб ривожланишига хизмат қилди. Аммо Классицизмнинг догмата айланган ожиз томонлари адабиёт тараққиётига маълум даражада тўсқинлик қилди. Классицизм ҳаётни изчил ҳаққоният билан эмас, балки «тозалаб», маълум ижтимоий ва эстетик талаблар қолипига солиб тасвирлашни талаб этди. Бу билан адабиётда изчил реализмнинг пайдо бўлишига, ижоднинг кенг ва эркин ривожланишига сабаб бўлди.
Классицизмда адабий жанрлар «олий» ва «паст» тарзда таснифланиб, улар орасига қатъий чегара ҳам қўйилган. «Олий» жанрга трагедия, эпопея ва қасида киритилган, уларда давлат хаёти, тарихий воқеаҳодисалар, мифлар тасвирланган ва уларнинг асосий қаҳрамонлари қумондонлар, давлат бошлиқлари, мифологик персонажлар, дин пешволари бўлган. Классицизмнинг «паст» жанрига эса комедия, сатира ва масал киритилган. Бўларда уртаҳол инсонларнинг кундалик ҳаётидан олинган воқеа-ҳодисалар тасвирланиши кўзда тутилган. Ҳар бир жанр орасида шу каби аниқ фарклар бўлган. Юксак ва паст, трагик ва комик ҳолатлар тасвирининг аралашиб кетишига йўл қўйилмаган. Классицизмда трагедия етакчи жанр қисобланади. Классицизмнинг бу «олий» жанри француз драматурглари (П. Корнель, Ж. Расин) ижодида юксак даражага кутарилган бўлса, «паст» жанрлар саналган масал (Ж. Лафонтен), сатира (Н. Буало), комедия (Мольер) ҳам ўзининг олий нуқтасига кутарилган. Классицизмнинг эстетик асослари Буалонинг «Шеърий санъат» (1674) достонида баён этилган.
Мазкур йўналиш Европа мамлакатлари адабиётига ҳам кириб борди. Англияда Александр Поп (1688—1744), Жозеф Аддисон (1672-1719), Италияда Ватторио Альфери (1749—1803), Германияда И. В. Гёте (1749—1832), Ф. Шиллер (1759—1805), Россияда А. П. Сумароков (1717—77), Я. Б. Княжнин (1740—91) ва б. ижодкорларнинг асарларида етакчилик қилди. 18-а. охири ва 19-а. бошида К. Европада таназ-зулга учради. У ҳаёт б-н алоқасини тобора йўқотиб, тор шартлилик доирасида депсиниб қолди. Шундан сўнг 19-а. да адабиётдаги Классицизм ўрнини бошқа ижодий метод ва адабий-эстетик йўналишлар эгаллади. Классицизм жаҳон маданияти тарихида инсониятнинг маънавиймаърифий тафаккури ва эстетик дидига жиддий таъсир этадиган ғўзал асарларга асос бўлган метод сифатида қолди.
Мусиқада Классицизм услуби 17-а. да пайдо бўлиб, биринчи навбатда опера жанрида ўз аксини топди (Францияда Ж. Б. Люлли, Италияда «неаполитан опера мактаби» вакиллари). Унга хос эстетик ва ижодий тамойиллар бадиий асарлардаги аниқ мантиқий ғоя, тугал ва мукаммал композицион тузилиш, мусиқа жанрлари ўртасидаги чегараларнинг аниқлигида намоён бўлади. Шу билан бирга Классицизмда ижодиётдаги ақл ва ҳиссиёт ҳамда ҳаққоният ва ғўзаллик асосларининг ўзаро мувозанати муҳим ўрин тутади. 18-а. да Классицизм услуби Европанинг бошка мамлакатлари (Австрия, Германия, Россия ва б.)да ҳам таркиб топди ва ўз чўққисига кўтарилди (қ. Вена классик мактаби). Шу давр Классицизм оқими маърифатпарварлик ғоялари билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланиб, муайян асарларида изчил халқчиллик, ҳаётни ички зиддиятларнинг динамик ривожи орқали, тўлақонли акс эттирилиши билан ажралиб турди (яна қ. Симфонизм).
Меъморликда Классицизм услубида қурилган меъморий композицияларда меъморлик ордерлари тизими муҳим роль ўйнади. Классицизм меъморлари кўпинча ордер ва уларнинг нисбатлари ҳамда шақлларини антик даврдагига хос кўринишда ифодалашга ҳаракат қилдилар. Классицизм меъморлигида шақллар жиддий ва сипо, фазовий кенглик ечимининг аниқлиги ҳамда меъморликда ишлатилган унсур (колонна, пилястр, фриз, карниз ва б.)ларнинг аниқ, ритмга бўйсунганлиги, ранг ва шақл ритмининг аниқлиги билан характерланади. Классицизм услубида қурилган бино интерьерлари (хона, далон, зал ва б.) ҳам ўз бадиий ечими билан ажралиб туради. Хоналарда қўлланилган ранг, шақл ва чизиқлар «ақл б-н тартибга келтирилганлиги» ўзига хосдир. Сипо, жиддий ишланган безаклар қам ундаги жиддийлик ва вазминликка халақит бермайди. Классицизм меъморлари антик давр меросидан, унинг меъморлик унсур ва оҳангларидан кенг фойдаланиш б-н бирга уларнинг умумий архитектоника қонунлари моҳиятини билишга ҳам харакат қиладилар.
Классицизм меъморлигининг асосий услуби бўлган ордер тизими антик давр меъморлиги ордер тизимига яқин ва шу билан бирга янги давр руҳи билан суғорилганлиги кўзга ташланиб туради. Бу хусусият нисбат ва шақлларнинг ўзгармагани ҳолда бирмунча нафислашгани, босиқлиги ҳамда технологияси (тош, бетон, темир ва б.), устун ва тўсин яратишда ишлатилиши ҳамда Классицизм биноларининг интерьерлари ҳам ўзига хосдир. Уларда ишлатилган шақл, ранглар майин, фазовий кенглик бўлинишлари аниқ. Маҳобатли мойбўёқ рассомлиги ҳам Классицизм интерьерларида кенг ишлатилган. Унда рассомлар истиқболнинг иллюзион имкониятларидан унумли фойдаланганлар. Бу расмлар бино умумий ғоявий-эстетик мазмунига ҳамоҳанг бўлиб, Классицизм меъморлигига хос улуғворлик ва салобатлилик томонларини янада бўрттиришга хизмат қилди. Шаҳарсозлик Уйғониш даври ва бароккога хос хусусиятларга таянган ҳолда ривожланиб шаклланди. «Идеал шаҳар» йўриқномаси ишланди (Версаль), 18-а. нинг 2-ярмида планлаштиришнинг янги услуби шаклланди. Шаҳар қурилишида биноларни табиат билан уйғунлаштиришни таъминлаш, кенг очиқ майдонлар ташкил этиш, уларни куча ва дарё (анҳор) ёқалари бўйлаб қўшиб ишлаш бошланди. Шақлларнинг мақсадга мувофиқлиги, ихчам безакларнинг нозиклиги, табиат билан уйғунлиги 18—19-а. бошларида «палладиочилар» ижодида ўз аксини топди (шаҳар ва шаҳардан ташқаридаги сарой-уйлар ва виллалар).
Ўзбекистонда Классицизм белгилари 19-а. охири — 20-а. бошларида меъморлик санъатида В. Гейнцельман, А. Бенуа, Г. Сваричевский қабилар ижодида (ШарқВизантия, Рим-Византия шақллари) қўлланилди. Бино капителида иони ордери ўрнида услублаштирилган пахта безаги ўз ифодасини топди. Маъмурий бинолар бош тарзини қатор устунли баланд ва ҳашаматли қилиб барпо қилишда қад. мумтоз услуб қўлланилиб, миллий меъморлик анъаналари қўшимча қилинган.
Тасвирий санъатда Классицизм бароккога, 18-а. дан эса рококо санъатига қарши курашда ривожланди. Тасвирлар уйғун, жозибадор, улуғвор, тантанали бўлишига аҳамият берилиб, образлар ҳашаматли қиёфа ва шақлларда ифодаланди. Картиналарда воқеа иштирокчилари биринчи пландагилар билан (саҳнадагидек) ёнма-ён кўрсатилди. Францияда Классицизм 17-а. 1-ярмида тўла шаклланди (рассом Н. Пуссен ва б.), кейин Европа мамлакатларида тарқалди. 18-а. 2-ярмида, 19-а. бошларида ҳукмрон услубга айланди (Францияда рассом Ж. Давид, Германияда рассомлардан А. ва В. Тишбейнлар, А. Менго, ҳайкалтарош И. Шадов, Италияда хайкалтарош А. Канова). 19-а. бошида АҚШ ва Лотин Америкасида, Россияда 18-а. охири ва 19-а. бошларида тарқалди (ҳай-калтарош И. Прокофьев, И. Мартос, рассомлар А. Лосенко, А. Иванов ва б.).
Ҳайкалтарошлик санъатида Классицизм шақлларнинг тугаллиги, тиник, ишланганлиги, нурсоя ўйинининг нозиклиги, чизикларнинг мусиқавийлиги ва ритми билан ажралиб туради. Ҳаракатнинг кўрсатилиши ҳар бир шақл тугаллиги ва ҳайкал ҳолатидаги вазминликни бўзмайди.
Рангтасвир ва графикада ҳам Классицизм ўз кўринишига эга. Рангтасвирда шақлнинг асосий унсурларидан чизиқ ва нурсоя етакчи ўринни эгаллайди.
Классицизмнинг сўнгги босқичида рангтасвир монохром ранг гаммасига ўта бошлайди. Графикада эса асосий соф (тоза) ва тиниқ чизиклар асарнинг эмоционал томонини белгиловчи ва асар ғоясини ёритувчи воситага айланди. Классицизм рангтасвирида буюм ва образлар тасвири ихчам, характер жиҳатидан спектр рангларига яқин. Бу ранглар картина (асар)да тасвирланган буюм ва манзара планларини аниқ, ифодалайди. Мас, манзара жанрида биринчи план иссиқ-жигарранг, ўрта план яшил ва орка план мовий, кўк рангларда ифо-даланган. Бу жихатдан асарлар саҳна декорация (безак)ларига яқинлашади.
Ўзбекистонда Классицизмнинг сўнгги кўриниши — академизм йўналиши кўпроқ С. Юдин, Р. Зоммер, И. Карновларнинг сюжетли композицияларида ўз ифодасини топди.
Театр санъатида Классицизмнинг юзага келиши француз актёрлари Г. Мондори ва Ж. Флоридор фаолияти билан боғлиқ. Ж. Расин даврида шогирдлари Т. Дюпарк ва М. Шанмеле ижодида услуб сифатида поёнига етди. Айниқса, Франция театридаги Классицизмнинг яққол кўриниши Э. Рашель ижодида намоён бўлди. Классицизм спектаклларида тарихий аниқлик етишмаган, замонавий қаҳрамонлар антик дунё каҳрамонлари қиёфасида талқин қилинган. Спектакллар умумий тантанаворлиги, қатъий шаклга эгалиги ва мизансаҳналар тузилиш жиҳатдан симметрияга асосланганлиги билан ажралиб турган.
Классицизм даги демократик, реалистик йўналишлар Ж. Мольернинг саҳнавий ислоҳотида, актёрлар М. Барон ва А. Лекуврёр ижодида, консерватив йўналишлар сарой театрида намоён бўлди. 18-а. 2-ярмида Классицизм даги прогрессив йўналиш буржуа маърифатпарварлиги гоялари билан узвий боғланган. К. Нейбер (Германия), Т. Беттертон ва Ж. Кембл (Англия) каби артистлар ҳам Классицизмнинг йирик вакилларидир. Француз буржуа рев-яси даври (1789—94) да Ф. Тальма раҳбарлигида илғор театр арбоблари Классицизмнинг гражданлик тенденцияларини революцион — қаҳрамонлик даражасига кўтарди. Кейинчалик Классицизм санъатида революцион мазмун йўқолиб, саҳна ўйини риторик формал хусусиятга эга бўлди. Э. Рашель ижоди француз театридаги Классицизмнинг ёрқин кўриниши эди. 19-а. охири — 20-а. бошларида Классицизмнинг эстетик нормалари «Комеди Франсез» театрида Ж. Муне-Сюлли, Сара Бернар каби актёрлар ижросида ўз аксини топди.
18-а. нинг 30—50-й. ларида Рус Классицизми Ғарбий Европа Классицизм ининг асосий хусусиятларини сақлаб қолди, унда маърифатпарварлик ғоялари, норозилик мавзулари, камчиликларни ҳажв қилиш кенг ўрин эгаллади.
Ад.: Русская литература XVIII в. Эпоха классицизма (Сб. ст.), М. — Л., 1964; Виппер Ю. Б., Формирование классицизма во французской поэзии начала 17 в., М., 1967; Ренессанс, Барокко, Классицизм. Проблема стилей в западноевропейском искусстве 15—17 веков, М., 1968; Всеобщая история архитектуры в 12 томах, т. 7, М., 1969; Ротенберг Е. И., Западноевропейское искусство 17 века, М., 1971 (Памятники мирового искусства, вып. 4, 1-я серия).