КЛАУЗИУС (Clausius) Рудольф Юлиус Эмануэль (1822.2.1, Кёслин, ҳоз. Кошалин, Польша — 1888.24.8, Бонн) — немис физиги, термодинамика ва газлар кинетик назарияси асосчиларидан бири. Берлин ун-тини тугатган (1848). Цюрих (1857 й. дан), Вюрцбург (1867 й. дан) ва Бонн (1869 й. дан) ун-тлари проф. Термодинамиканинг иккинчи бош қонунини таърифлаб берган (1850). Энтропия тушунчасини киритган (1865). Модданинг эриш т-раси ўзгаришини босим ўзгариши билан боғловчи тенгламани (қ. Клапейрон—Клаузиус тенгламаси) асослаб берган (1850). Идеал газ, шунингдек, молекулаларнинг эркин югуриш узунлиги тушунчасини фанга киритган ва биринчи бўлиб шу узунликни ҳисоблаган (1860). Клаузиус электролиз назариясига муҳим ҳисса қўшган. Жоуль—Ленц қонунинп назарий жиҳатдан асослаган, термоэлектр назариясини ривожлантирган, диэлектрикларнинг қутбланиш назариясини ишлаб чиққан.