КЛОАКАЛИЛАР, тухум қўювчилар, бир тешиклилар, дастлабки даррандалар (Prototheria) — ҳоз. сут эмизувчиларнинг энг тубан тузилган кенжа синфи. Қазилма қолдиклари Австралия ва Жан. Америкада плейстоцен даври қатламларидан маълум. Сут эмизувчиларнинг судралиб юрувчиларга ўхшаш умумий аждодидан келиб чиққан, лекин кейинчалик мустақил ривожланган. Бош қутиси тоғайининг тузилиши, бош қутиси қопқоғи суякларининг ўзаро нисбати, елка камарида қоракоид ва прокоракоид суяклари бўлиши, юраги ва бош мияси тузилиши судралиб юрувчиларникига ўхшайди. Танасининг ўз. 30—80 см. Вояга етган Клоакалиларда тиш бўлмайди. Ошқозонида хазм безлари йўқ. Жинсий ва айириш системаси найи, ичаги клоакага очилади. Тана ҳарорати нисбатан паст, 25° дан 36° гача, 1—2 та, баъзан 3 та тухум қўяди. Тухумини халтасида олиб юради (ехидна) ёки уяда босиб ётади (ўрдакбурун). Боласини сут билан боқади. Сут безлари сўрғичи бўлмайди. Сути териси устига оқиб чиқади, боласи уни ялайди. Битта туркум — бир тешиклиларни ўз ичига олади. Австралия, Тасмания, Янги Гвинеяда тарқалган. 2 оиласи (ехидналар, ўрдакбурунлар) бор. Сони камайиб кетган.