
КОБАЛЬТ ҚОТИШМАЛАРИ
КОБАЛЬТ ҚОТИШМАЛАРИ — кобальт асосидаги қотишмалар. Иссиқликдан кенгайиш коэффициенти кичиклиги, иссиқбардошлиги ва коррозиябардошлиги юқорилиги, магнит хоссалари яхшилиги билан бошқа қотишмалардан фарқ қилади. Кобальтнинг темир, хром, никель, молибден, вольфрам ва б. оғир металлар билан қотишмалари кенг ишлатилади. Кобальт қотишмалари кесувчи асбоблар қирраларига ва машина деталларига эритиб ёпиштириладиган қаттиқ: юқори т-рада ишлайдиган деталлар, мас, турбореактив двигателларнинг парракларини тайёрлашда ишлатиладиган иссиқбардош; доимий магнитлар, индуктивлик ғалтақлари тайёрлашда ишлатиладиган магнитли қотишмаларга бўлинади. Деформациябоп ва қуймабоп қотишмалари ҳам бор. Деформациябоп Кобальт қотишмалари асосини кобальт ва хром (баъзан, никель) ташкил этади. Қотишманинг иссиқбардошлигини ошириш учун унга қийин суюқланадиган элементлар — молибден, вольфрам, ниобий, углерод ва оз миқдорда бор қўшилади. Деформациябоп Кобальт қотишмаларини 1150—1200° гача қиздириб, ҳаво ва сувда тобланса ҳамда 750—800° гача қиздириб бўшатилса (чиниқтирилса), механиқ ва иссиқбардошлик хоссалари жуда яхшиланади. Куймабоп Кобальт қотишмалари асосан, карбид фазалар ҳисобига мустаҳкамланади. Етарли миқдорда карбидлар ҳосил қилиш учун эса қотишмага углерод, хром, молибден ёки вольфрам, бор қўшилади. Бу қотишмалардан қуйилган деталларнинг мустаҳкамлигини ошириш учун улар 735—815° гача т-рада қиздириб бўшатилади.