
КОБАЛЬТ
КОБАЛЬТ (Cobaltum), Co — Менделеев даврий системасининг VIII гуруҳига мансуб кимёвий элемент. Тартиб рақами 27, ат. м. 58,9332. К. металини илк бор 1735 й. да швед кимёгари Ю. Бранд рудалардан ажратиб олган. Узоқ, вақтгача Кобальтни рудадан ажратиб олиш мумкин бўлмаган, шунинг учун Kobold деб аталган (нем. Kobold тоғ ва конларда яшайдиган жин демакдир; металл Кобальт номи шундан олинган).
Табиатда 2 та барқарор изотопдан ташкил топган: 59Со (99,83%) ва 57Со (0,17%). Оксидланиш даражаси +2 ва +3, гоҳо +1, +4 ва +5; Сунъий радиоактив изотопларидан Ы1Со(Т]/2=5,27 й.) муҳим аҳамиятга эга. Полинг бўйича электроманфийлиги 1,9; атом радиуси 0,125 нм. Кобальт масса жиҳатидан ер пўстининг 4-10~3% ини ташкил қилади, океан сувларидаги микдори 0,005 мг/л. 30 га яқин минераллари бор. Энг муҳимлари: карролит CuCo2S4, линнеит Co3S4, кобальтин CoAsS, саффлорит (CoFe)As2, скуттерудит CoAs3, шмальтин CoAs2, абсолин Co3O4-mMnO2 пН2О, эритин Co3(AsO4)2-8H2O, сферо-кобальтит СоСО3 ва ҳ. к. Соф. Кобальт рудалари жуда кам. К., асосан, мис, никель, кумуш, темир, маргимуш, марганец билан бирикма ҳолида учрайди. Кобальт — кумушсимон оқ, қизғишочсариқ рангда товланадиган металл. Суюқланиш т-раси 1494°, кайнаш т-раси 2960°, зичлиги 8,90 г/см3. Ферромагнит хоссасига эга. Бренел бўйича қаттиқлиги 470—1230 МПа. Зичжойлашган Кобальт ҳаво таъсирига чидамли, 300° да оксид парда б-н қопланади, кукун ҳолдаги Кобальт ҳавода ўз-ўзидан алангаланади. Сув, ишқор, карбонат кислота билан реакцияга киришади. Фторид кислота ҳатто қиздирилганда ҳам унга таъсир қилмайди, тутунланувчи нитрат кислота К. нинг фаоллигини сусайтиради (оксидлайди). Оддий хароратда галогенлар (Ғ дан ташқари) билан бирикмалар ҳосил қилади. Ўювчи ишқорлар К. эритмаларига таъсир эттирилганда ҳаворанг (СоОН)2 чўкмага тўшади, ҳаво таъсирида эса у (СоОН)3 га ўтади. Кобальт анорганик ва органик бирикмалар билан 2 ва 3 валентли комплекс бирикмалар, кўпгина металлар билан қотишмалар ҳосил қилади. Кобальт металини Кобальт рудаларидан ажратиб олиш учун дастлаб рудаларни оксидловчи шароитда махсус печларда куйдириб эрувчан ҳолга ўтказилади. Кобальтни бошқа металлардан тозалаш учун кимёвий ва гидрометаллургия усулларидан фойдаланилади. Охирги маҳсулот сифатида Со3О4 олинади. Уни кўмир, водород, СО каби қайтарувчилар иштирокида қайтариб ёки алюмотермия ва электролиз усуллари билан металл ҳолидаги Кобальт олинади.
Ҳоз. ажратиб олинаётган Кобальтнинг тахминан 65%и махсус қотишма ва пўлатлар, 10%и катализаторлар, 10%и пигментлар тайёрлашда қўлланилади. Кобальт бирикмалари рангли шишалар, керамика, органик синтез учун катализаторлар олишда, нефть ва аммиакни тозалашда, мой бўёқларни қуритишда, чиройли ва турғун эмаль ва бўёқлар, яримўтказгичлар (CoSb2, CoSb3) ва ўта кесгич асбоблар тайёрлашда ишлатилади. Сўнгги йилларда радиоактив 60Со («Кобальт лушкаси») тиббиётда саратон касаллигини даволашда қўлланмокда. Ҳайвонлардаги анемия касаллигига қарши курашда ҳам Кобальтдан фойдаланилади.
Ад.: Большаков Кобальт, Химия и технология кобальта, М., 1981; Борбат В. Ф., Волков В. И., Каза некий Л. А., Производство кобальта из сульфидных руд, М., 1983; Ахметов Н. С Общая и неорганическая химия, М., 1998.
Саиджамол Эшонхўжаев.