КЎЧАТЗОР

КЎЧАТЗОР — мевали, резавор-мевали ва б. ўсимликлар кўчатлар етиштириладиган ер участкаси. Одатда, Кўчатзор З бўлимдан иборат бўлади. Биринчи бўлимда уруғдан пайвандтаг етиштирилади. Бунинг учун олма, нок ва беҳи уруғлари гектарига 30—40 кг нормада экилади. Ток, анор, анжир, смородина, малина ва б. мевалар кўчатлари ҳам қаламчасидан шу бўлимда етиштирилади. Уруғдан чиққан ниҳолдар келгуси йил эрта баҳорда иккинчи бўлимга кўчирилади (қатор орасини 70—75 см, қатордаги туп орасини 20 — 25 см қилиб экилади), тана йўғонлиги 0,8—1 см га етганлари июль—сент. да куртак пайванд қилинади. Данакли мева ниҳолдари уруғли мева ниҳолдарига қараганда тез ўсганидан, уларнинг данаклари (гектарига ўрик данаги 180 — 800 кг, шафтоли данаги 500—700 кг, олча, гилос данаги 60— 150 кг) тўғридан-тўғри Кўчатзорнинг иккинчи бўлимига экилади, ўша йилиёқ уруғли мева ниҳоллари билан бир вақтда пайванд қилинади. Келаси йили эрта кўкламда пайванд қилинган жойнинг устки қисми кесиб ташланади, куртакдан кўкарган новдага шакл берилади (яна қ. Пайвандлаш). Шундай қилиб, Кўчатзорда қаламчасидан етиштирилган кўчатлар бир йилда, данакли мева кўчатлари 2 йилда ва уруғли мева кўчатлари 3 йилда ўтқазишга тайёр бўлади. Кўчатзорнинг учинчи бўлимида пайвандтаг етиштириш учун уруғ, пайвандтагга улаш ва вегетатив кўпайтириш учун қаламча олинадиган дарахтлар ва буталар ўстирилади. Кейинги йилларда 3-бўлимда дусен, парадизка ва жайдари беҳи кўчатлари ўстирилмоқда. Уларга пайвандланган мева дарахтлари пакана бўлиб, барвақт ҳосилга киради. Ўзбекистонда акад. Р. Р. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик и. т. ин-тининг вилоятларда жойлашган филиалларида йирик Кўчатзорлар мавжуд. Шунингдек, ширкат, пудрат ва якка хўжаликлардаги Кўчатзор ларда турли хил мевалар кўчатлари етиштирилади.

Ад.: Мир за ев М. М., Собиров М. К,., Мева ва ток кўчатлари етиштириш, Т., 1982; Мирзаев М., Собиров М. Қ., Ўзбекистонда токчилик, Т., 1979.

Реимбой Машарипов.

Loading...