КОГОН

КОГОН (1935 й. гача Янги Бухоро деб аталган) — Бухоро вилоятидаги шаҳар (1929 й. дан); Когон туманининг маъмурий маркази. Т. й. тугуни. Канпир девор қолдиқлари ичкарисидаги обод ерда. Вилоят маркази Бухородан 12 км жан.-шаркда, Бухоро—Қарши автомобиль йўли ёқасида. Шаҳар 220 м баландликдаги текис ерда жойлашган. Янв. нинг ўртача т-раси —0,6°, июлники 29,6°. Йиллик ёғин 125 мм. Харгуш каналидан сув олади. Майд. 14,7 км2. Аҳолиси 53,3 минг киши (2002), асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, рус, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолисининг аксари қисми т. й. транспортида ишлайди.

Ўтган асрларда Когон ўрнида шу номда қишлоқ ва йирик сомон бозори бўлган. Шаҳар номининг келиб чиқиши ҳам шу сомон бозори билан боғлиқ деган тахминлар мавжуд. Шундан келиб чиқиб «коҳкон» (коҳ форс. — сомон), яъни сомон кони атамаси ҳақиқатга яқинроқ. Кейинчалик бу ном ўзгариб Когонга айланган бўлиши мумкин. Когон этимологиясининг бошқа, ишончсиз вариантлари ҳам бор. Шаҳар саноат тармоқларининг шаклланиши Бухоро амирлиги даврида маҳаллий аҳоли кучи билан қурилган (1888) Закаспий (Красноводск — Тошкент) т. й. нинг Янги Бухоро орқали ўтиши билан боғлиқ. 1920-й. ларгача Когонда ёғ з-ди қурилган, тошбосма (унда Наршахийнинг «Бухоро тарихи» ва б. асарлар босилган), т. й. идораси қошида мактаблар, пахта фирмалари, турли савдо банкларининг бўлимлари очилган. Кейинги даврда янги саноат корхоналари ва маданий объектлар қурилди. Газли — Когон газ қувури ўтказилди, 1959 й. да газ компрессор ст-яси барпо қилинди.

Когонда 20 дан ортиқ йирик корхона фаолият кўрсатади. Пахта тозалаш, ёғ, гипсоҳак з-длари, 2 автокорхона, локомотив ва вагон деполари ва б. мавжуд. Когон автомобиль йўллари орқали вилоят маркази ва б. шаҳарлар билан боғланган. Шаҳарда 10 умумий таълим мактаби, лицей, касбҳунар мактаби, 2 маданият ва истироҳат боғи, 2 клуб, 3 маданият уйи, 9 жамоат кутубхонаси, стадион, 20 дан ортиқ спорт иншоотлари бор. 2 касалхона (ҳар 10 минг аҳолига 33,6 врач, 88,1 тиббий ҳамшира) мавжуд.

Когонда тарихий-меъморий ёдгорликлардан Шоҳмасжид, Шоҳинажиб (Зиробод) масжидлари, Бухоро амири Абдулаҳадхониинт 1894—1903 й. ларда Европа ва Шарқ услубларини уйғунлаштириб қурдирган ҳашаматли саройи (1947 й. дан шаҳар темирйўлчилари маданият саройи) сақланиб қолган.

Loading...