КЎК СОМСА — ҳамирли таом тури. Оширма ёки оддий ҳамирдан тайёрланади. Оширилган ҳамирдан ёнғоқдай зувалалар ўзилади ва жўва билан қалинлиги 1 мм қилиб жилдлар ёйилади. Янги униб чиққан отқулоқ, ялпиз, йўнғичқа, жағ-жағ, исмалоқ, шўра, тоғ пиёзи (матор) каби кўкатларнинг баргпояси кўк пиёз ёки бош пиёз билан бирга чопилади. Қиймага туз, қалампир (мурч), жизза (майда тўғралган қўй ёғи ёки доғланган пахта ёғи) қўшилади. Жилдга бир қошиқдан қийма солиб тугилади ва тандирда (ёки духовкада) пиширилади. Кўк сомса учун озроқ ёғ ёки эритилган маргарин, сувга туз қўшиб юмшоқ қилиб ҳамир қорилади. 10—15 мин. тиндирилгач, зувалачалар норин ҳамиридек юпқа қилиб ёйилади. Ўртасига қийма солиб тугилади.