КОКСИТ

КОКСИТ (лот. соха — сон) — чаноқсон бўғимининг яллиғланиши. Кокситга кўпгина инфекцион касалликлар (ангина, грипп, терламалар, сил, бруцеллёз ва б.), шунингдек, йирингли инфекциялар сабаб бўлади. Организмнинг заифлашуви, болаларнинг юқумли касалликлари (қизамиқ, скарлатина, кўкйўтал) ҳам баъзи ҳолларда Кокситга олиб келиши мумкин. Сил коксити ва силга алоқаси йўқ Коксит фарқ қилинади.

Сил коксити, одатда, 5—10 яшар болаларда учрайди. Касаллик аста-секин бошланади. Дастлаб сил интоксикацияси юзага чиқади: боланинг иштаҳаси йўқолади, бўшашади, инжиқланади, оза бошлайди, т-раси кўтарилади, узоқ юрганда оқсайди, тиззаси оғрийди, лекин бўғим ҳаракати чекланмайди. Бола кечаси уйқусида безовталанади, оғриётган томонини авайлаб, соғ ёнбоши билан ётади. Оқсокланиш ва оғриқ борган сари зўраяди. Чаноқ-сон бўғими соҳасида оғриқ кучли бўлади, бемор оёғини боса олмай қолади. Оёқ ингичка тортиб, мускуллари атрофияланади, шакли ўзгаради, касалланган томондаги чаноқ юқорига кўтарилиб. олдинга эгилади; умуртқа поғонаси ён томонга (сколиоз) ёки олдига эгилиши (лордоз) мумкин. Бўғим халтачасига йиринг тўпланиб, ёрилади. Бўғим ва суяк чирийди. Натижада сон суяги бўғимдан чиқади, артроз ривожланади.

Грипп, ангина, скарлатина ва б. инфекцион касалликлар, сепсис, турли шикастланишлар силга алоқаси йўқ Кокситга сабаб бўлиши мумкин. Бу барча ёшдаги кишиларда кузатилади. Касаллик муддати унинг кечишига, организмнинг қаршилик кучига ва беморнинг ёшига боғлиқ. Ўз вақтида тўғри даво қилинса, касаллик узоқ чўзилмайди, асоратларнинг олди олинади, энг муҳими бўғим ҳаракати сақлаб қолинади.

Д а в о с и. Организмнинг қувватга киритадиган дорилар буюрилади, силга қарши даво қилинади, касалланган бўғимнинг қимирламай тўғри туришига қаратилган чоралар (гипс боғлов) кўрилади. Зарур бўлса, жарроҳлик усули қўлланилдади. Махсус курортларда даволаниш тавсия этилади.

Loading...