КОКЦИДЛАР

КОКЦИДЛАР (Cocciniea ёки Coccoidea) — тенг қанотлиларга мансуб ҳашаротлар туркуми. Майда (0,6 — 1 мм), баъзан ўртача (1,5 см) катталикда. Жинсий диморфизм яққол ривожланган. Урғочиларининг тузилиши жуда соддалашган; танаси бош, кўкрак ва қорин қисмига ажралмаган; сирти мумсимон модда билан қопланган, қанотлари бўлмайди. Эркақлари бир жуфт қанотли, оёқлари ривожланган, оғиз органлари редукцияга учраган. Кокцидлар кенг тарқалган, айниқса, тропикларда жуда кўп ва хилмахил бўлади. Ер юзида Кокцидларнинг 4000 тури, Ўрта Осиёда эса 120 тури қайд этилган. Унсимон червецлар (Pseudosoccidae), кермеслар (Кертоcoccidae), жуфт безли червецлар (Asterolecaniidae), сохта қалқонли Кокцидлар (Coccoidae), ақлердлар (Aclerdidae), қалқондорлар (Diaspididae) ва б. кенг тарқалган. Кокцидларнинг личинка ва урғочилари мевали ҳамда манзарали дарахтларга жиддий зарар етказади. Кўпчилик турлари партеногенетик кўпаяди. Уруғланмаган тухумлардан чиққан сер-ҳаракат «дайди» личинкалар озиқланиш ва ривожланиш учун дарахт танаси бўйлаб жой излайди; қулай жой топгач, танага ёпишиб олиб узун санчибсўрувчи оғиз аппаратини ўсимлик танасига санчиб ҳаракатсиз ҳолатга ўтади ва устига қалқонча ҳосил қилиб, 3 — 4 марта пуст ташлайди ва шу қалқонча остида вояга етган ҳашаротга айланади. Одатда, йилига 1—2, ҳатто 3—4 мартагача насл беради. Кокцидларнинг кўпчилик турлари (мас, калифорния қалқондори) карантин объект ҳисобланади. Кокцидлар орасида фойдали турлари ҳам учрайди; бўёқ берувчи қуртлар томонидан ажралиб чикддиган елимсимон моддадан кошениль бўёғи олиш учун фойдаланилади. Кураш чоралари: янги барпо этилаётган ва қуриган кўчатлар ўрнига янгиси экиб тўлдирилаётган боғларга Кокцидларнинг тушишига йўл қўймаслик ва мавжуд боғларда тарқалган қалқондорларни йўқотишдан иборат. Кимёвий кураш чораларидан экиладиган кўчат ва қаламчаларни махсус камераларда бромметил билан фумигация қилиш, зарарланган дарахтларга эрта баҳорда нугор, малфос, 30-препарат пуркаш қўлланилади.