КЎЛ ТЕМИР РУДАСИ

КЎЛ ТЕМИР РУДАСИ — кўлларнинг тубида ҳосил бўладиган темирли жинслар. Кўлга сув билан оқиб келган гил ҳолидаги темир бирикмаларининг чўкишидан ҳосил бўлади. Минерал таркиби, асосан, лимонит (HFeO2nH2O) дан иборат. Энг аввал водород сульфид (H2S) гази кўплаб ҳосил бўлади ва у коллоид ҳолатдаги темир бирикмаси билан қўшилиб, темир дисульфид (пирит)ни ҳосил қилади. Кўл темир рудаси бошқа йўл билан пайдо бўлган темир рудасидан ўзининг таркибида олтингугурт борлиги билан ажралиб туради. Кўл темир рудаси, одатда, майда думалоқ донали тузилишда тупроқсимон юмшоқ ёки қўнғир темиртош ва гил минераллари билан бириктирилган зич ҳолда учрайди. Қатламлар, қатламчалар ва линзалар шаклида тупланади. Кўнғир, тўқ қўнғир, қизғиш ёки сариқ рангли бўлади. Табиий бўёқ олишда фойдаланилади. Саноат аҳамиятга эга бўлмаган Кўл темир рудаси Ўзбекистоннинг қуйи юра, бўр ва неоген ётқизикларида тарқалган.

Loading...