КОЛЕСОВ ВОҚЕАСИ

КОЛЕСОВ ВОҚЕАСИ, Бухорода 1918 йил март ойи воқеалари — Бухоро амирлигини тугатиш мақсадида қизил армия томонидан қилинган қуролли ҳужум (1918 й. март). 1917 й. нояб. да большевикларнинг зўравонлик билан ҳокимиятни эғаллаши оқибатида совет Россияси билан Бухоро амирлиги ўртасидаги муносабатлар ҳам кескин ёмонлашди. Бухоро амирлигида сиёсий вазият кескинлашди. 1917 й. 2 дек. да янги Бухоро (Когон) да бўлиб ўтган амирлик худудидаги рус манзилгоҳлари кенгашларининг 2-съездида амир тузумини ағдариб ташлаб, ҳоки-миятни Ёш бухороликларга беришга қарор қилинди. Ёш бухоролик жадидларнинг бир қисми, Бухорода демок-ратик тартиботларни ўрнатиш учун инқилобий кураш йўлини танлади. Улар амирликни ағдариш учун Туркистондаги совет ҳукуматидан ёрдам сўрашга мажбур бўлишди. Бироқ Туркистон Мухторияти ҳукуматини тугатиш йўлларини излаётган Туркистон ХКС раиси Ф. И. Колесов (1891 — 1940) Бухоро амирлигига ҳужум қилишга дастлаб шошилмади. Туркистон Мухторияти хукумати қизил аскарлар томонидан тор-мор қилиниб, Қўқон ш. қонга ботирилгач (1918 й. фев), Колесов бутун диққатини амирликни тугатишга қаратди. 1918 й. 1 мартдаЯнги Бухорога Колесов бошчилигидаги 3500 кишилик кизил аскарлар отряди замбарак ва пулемётлар билан қуролланган ҳолатда етиб келди. Ёш бухороликларнинг 7 кишидан иборат инқилобий қўмитаси (раис — Ф. Хўжаев, аъзолари — Фитрат, Ота Хўжаев, Абдулвоҳид Бурҳонов, Исқоқ Ағдаров, Қори Йўлдош Пўлатов, Фазлиддин Махсум) тузилди. Улар билан Колесов ўзаро маслаҳатлашиб, амир Сайд Олимхон номига талабнома матни тайёрланди. Колесов ва Ф. Хўжаев имзолари билан Олимхонга жўнатилган талабномада Бухорода сўз, матбуот ва б. демократик эркинликлар жорий қилиниши, амир ҳузуридаги ҳукумат тарқатиб юборилиб, унинг ўрнига Ёш бухороликлар Ижроия Қўмитасидан иборат янги ҳукумат тузилиши, амирликдаги қўшин қуролсизлантирилиши таъкидланган эди. Амир Олимхон 24 соат ичида ушбу талабларга рози эканлигини маълум қилса, у ўз ўрнида қоладиган бўлди. Олимхон, мабодо, рад жавобини берадиган бўлса, қурол кучи билан амирлик тугатилиши пўписа қилинди. Амир Олимхон вақтдан ютиш учун музокаралар бошлади. У ўз жавоб мактубида ислоҳотларни секинаста амалга ошириши мумкинлигини баён қилди. Бу жавобдан қаноатланмаган Колесов ҳарбий ҳаракатларни бошлашга буйруқ берди, 2 мартда Бухорога ҳужум бошланди. Уларга ҳар бири 200 кишидан иборат Ёш бухороликлар ва янги Бухоро ишчиларининг отрядлари кўмак бериб турди. Бухоро яқинидаги Фатхободда бўлган дастлабки тўқнашувда амир Олимхон қўшинлари мағлубиятга учраб, шаҳарга чекиндилар. Вазият бундай тус олишини кутмаган Олимхон Колесовга ўзининг махсус фармони олийини юбориб, унда барча талабларга рози бўлиш б-н бир қаторда мамлакатда солиқлар камайтирилиши, тан ва ўлим жазоси бекор қилинишини айтди. Ҳарбий қаракатлар тўхтатилиб, музокаралар қайтадан бошланди. Олимхон бу фурсатдан унумли фойдаланиб, 35000 кишилик лашкар тўплади. Бухороликлар шаҳар ҳимоясига қўзғалди. Карманадан Қоракўлгача 170 км масофадаги т. й. излари амир сарбозлари томонидан бузиб ташланди. Уруш ҳаракатлари бошланиб, Колесов отряди қуршовда қолди. Тошкент, Самарқанд, Чоржўй, Ашхобод, Марв, Карки, Термиз гарнизонларидан қизил аскар отрядлари Колесовга ёрдамга жунатилди. Бирок,, Бухорони босиб олиш режаси амалга ошмаслигига кўзи етган Колесов 5 март куни кечкурун Тошкент томонга чекинишга буйруқ беради. Бунинг асосий сабаби, Ёш бухороликлар кенг халқ оммасининг ишончини қозона олмаганлиги эмас, балки қизил аскарлар бухороликлар томонидан босқинчилар сифатида қабул қилинганлиги бўлди. Тошкентдан жўнатилган Колузаев бошчилигидаги қизил аскарлар отряди 11 мартда Карманадаги амирнинг ёзги қароргоҳини эгаллаб, бу ерни талон-торож қилади. Улар Қизилтепада Колесов билан бирлашди. Колесов Қизилтепага келгач, сулҳ музокаралари олиб бориш учун Олимхонга, вакиллар жўнатди. Олимхон ўз навбатида, Колесов билан сулҳ музокаралари олиб боришга тайёр эканлигини билдирди. 17 мартда Колесов отряди б-н Самарқандга етиб келди. Бу пайтда қизил аскарлар Хатирчи, Зиёвуддин, Мир, Кармана, Қизилтепа, Қоракўл ва Чоржўйни босиб олган эдилар. Бир неча кун давом этган музокаралардан сўнг, 1918 и. 25 мартда совет Туркистони билан Бухоро амирлиги ўртасида Қизилтепа битими имзоланди. 9 банддан иборат битим шартига кўра, мустақиллигини ҳимоя қилган Бухоро амирлиги ўз худудидаги ҳарбий ҳаракатлар учун жавобгар деб ҳисобланди ва товон тўлаши лозимлиги белгиланди. Амир ўз сарбозлари миқдорини 12000 кишидан оширмаслик мажбуриятини олди. Қизил аскарлар амирлик худудидан чақириб олинди. Колесов отряди талон-тарож қилинган катта бойлик (Кармана, Хатирчидаги хазина ва б.) билан Тошкентга қайтди. Колесов воқеаси Бухоро амирлигида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқарди. Қизил армиянинг хужуми аввало Бухоронинг яқин кўшнилари совет Россияси ва Туркистонидаги янги режимнинг ҳақиқий моҳиятини очиб ташлади. Олимхон ўз ички сиёсатида катта микдордаги замонавий қуролланган мунтазам армияни тузишга интилди, у Афғонистон ва б. хорижий мамлакатлар б-н яқинлашишга интилди. Шунингдек, амирлик ҳудудидаги 3000 киши жадидликда айбланиб, ноҳақ қатл қилинди ва уларнинг мол-мулки мусодара этилди.

Ад.: X ў ж а е в Ф., Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Т., 1926, 1997; Садриддин Айний, Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар, М., 1926; Война в песках, М, 1935; Туркестан в начале XX века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Ўзбекистон тарихи (1917-1991), Т., 2000; Муҳаммад Али Балжувоний, Тарихи нофеий (Фойдали тарих), Т., 2001.

Раҳмон Каримов, Қаҳрамон Ражабов.

Loading...