КОЛЛЕКЦИЯ

КОЛЛЕКЦИЯ (лот. collectio — тўплаш, тўплам) — бир турдаги ёки умумий мавзуда бирлаштирилган нарсалар ёки санъат асарлари (жумладан, китоб, қўлёзма, картина, гравюра, чинни, марка, танга ва ҳ. к.) тўплами. Коллекция тузиш материал йиғиш, таҳлил қилиш ва тартибга солишни назарда тутади. Бир хил буюм ёки мавзу билан боғлиқ ашёларни, санъат асарларини тўплаш, йиғиш қадим пайтлардан маълум. Ўзига ёққан буюм ёки ашёларни ўрганиш, бир-бири билан солиштириш ва ҳар бирида ўзига хосликни кашф этиш, уларнинг янги қирраларини очиш тўпловчига завқ бағишлайди, уни янги топилмалар қидиришга ундайди. Хусусий бадиий Коллекциялар музейда доимий ёки даврий кўргазма ашёларини ташкил қилади, баъзан музей ёки давлатга совға тариқасида такдим этилади. Музейшуносликда Коллекция мавзу, сана, услуб, типология ва б. хусусиятлари билан ажралиб турадиган шахсий тўпламнинг бир қисмини билдиради. Ўзбекистон давлат санъат музейи, Амалий санъат музейи, Ўзбекистон давлат табиат музейи шундай тўпламлар асосида юзага келган.

Prev Article

КОЛЛЕЖ

Next Article

КОЛЛЕНХИМА