КОЛОМБО

КОЛОМБО (сингал тилида Каламбу) — Шри Ланка Республикасининг амалдаги пойтахти, Шри Ланка о. нинг ғарбий соҳилида, Келани дарёсининг куйилиш жойида. Иқлими субэкваториал, муссонли нам иқлим. Ўртача йиллик ёғин 2400 мм, энг кўп ёғин ёз ойларига тўғри келади. Йил давомида ҳаво т-раси кам ўзгаради, 27° атрофида сақланади. Аҳолиси қарийб 2 млн. киши (1990-й. лар ўрталари).

Коломбо тўғрисида дастлабки маълумот у ерга 1346 й. да келиб кетган араб сайёҳи Ибн Баттута асарларида учрайди. Ўрта асрларда шаҳар Колонтата номи билан машҳур бўлган. 16-а. да Ҳинд океани ҳавзасидаги муҳим савдо марказларидан эди. Португалиянинг мустамлакачилик йилларида ҳарбий форт (қалъа) бўлган. 17-а. да голландлар қўлига ўтди. 1796 й. да инглизлар босиб олган ва 1802 й. дан Англия мустамлакаси — Цейлоннинг маъмурий маркази. 1948 й. дан мустақил Цейлон давлатининг, 1972 й. дан Шри Ланка Республикасининг пойтахти. 1985 й. дан мамлакатнинг янги пойтахти — Шри-Жаяварденапура-Котте ш. қурилмокда.

Коломбо — мамлакатнинг асосий иқтисодий ва маданий маркази. Транспорт йўлларининг муҳим тугуни. Ҳинд океанининг муҳим денгиз йўллари кесишган жойидаги порт. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Коломбо ва унинг атрофида мамлакатдаги саноат корхоналарининг 1/2 қисми жойлашган. Озиқ-овқат, каучукни қайта ишлаш, кемасозлик ва кема ремонтни корхоналари, иссиқлик электр ст-яси мавжуд. Шаҳар яқинида шина з-ди, металлургия з-дининг прокат цехи; сунъий гаванда қуруқ док, нефть сақланадиган ва б. омборлар қурилган.

Коломбода давлат ун-ти, Видьяланкара будда ун-ти, техника, нафис санъат коллежлари, Миллий музей, жамоат кутубхонаси, и. т. институтлари, санъат галереяси ва б. бор. Меъморий ёдгорликлардан ибодатхоналар сақланган.

Loading...