КОЛОВРАТКАЛАР

КОЛОВРАТКАЛАР, бошайлангичлилар (Rotatoria) — тўгарак чувалчанглар типига мансуб умуртқасиз ҳайвонлар синфи. Бўйи 0,04—2,5 мм, 2000 тача тури бор. Танаси кутикала билан қопланган, 3 бўлим: бош, тана ва оёқдан иборат (баъзи Коловраткаларда ҳамма бўлимлар қўшилиб кетган). Бош томонида доира бўлиб 2 қатор жойлашган киприклари оғиз айлангич аппаратни ҳосил қилади. Киприкларининг маълум томонга қараб бир меъёрда тебраниши туфайли сузиб юради ва майда организмларни оғзига тортиб олади. Нерв системаси халқум усти ганглийси ва ундан чиқадиган нервлардан, сезги органлари эса кўз (кўпинча битта) ва пайпаслагичлардан иборат. Айириш органи жуфт протонефридий типида. Кон айланиш ва нафас олиш системаси йўқ. Эркақлари урғочиларидан анча кичик. Коловраткалар чучук ва шўртоб сувларда, баъзан денгиз ва тупроқда яшайди. Планктонхўр ёш баликлар учун озиқ бўлади.