КОЛЬРАБИ

КОЛЬРАБИ, Кольраби карами (Brassica gongyloides L.) — икки йиллик сабзавот экини, карамнинг бир тури. Биринчи йили поямева беради; иккинчи йили эса гул новдалар чиқариб, гул ва уруғ ҳосил қилади. 2 та кенжа тури: осиё кенжа тури (ssp.asiatica Lizg.) ва ғарбий европа кенжа тури (ssp.occidentali — europaea Lizg.) бор. Илдиз тизими кучли ривожланган. Поя — мева шаклланишида 7—8 чинбарг чиқаради. Туббарги кичкина. Барги бандли, учбурчак ёки тухумсимон. Диаметри 10—15 см йўгонлашган, шакли шолғомни эслатадиган поя меваси б-н қолган барча карамлардан ажралиб туради. Ранги оч-кўкимтир, бинафша ёки қизғиш. Тупроқ қуруқ, намлик кам бўлса поямеваси майда, дағал бўлади. Экин жуда эртапишар, ниҳоллар пайдо бўлганидан кейин 65—80 кундан сўнг ҳосил йиғиштирилади. Кечпишар навларининг ўсув даври 120—150 кун. Эртапишар навларининг ҳосилдорлиги 120— 240 ц/га, кечпишарлариники 500—600 ц/га. Ўзбекистонда Оқ Вена 1350 эртаги нави экилади. Кольрабининг экиш муддати ва парваришлаш технологияси оддий карамникига ўхшаш.

Ад.: Лебедева А. Т., Ершов И. И., Бунин М. С., Ваш огород. Кольраби, М., 1994.