КОЛУМБ

КОЛУМБ Христофор (1451, Генуя — 1506.20.5, Вальядолид) — денгизчи сайёқ, асли генуялик. 1476—84 й. ларда Лиссабонда ҳамда Мадейра ва ПортуСанту о. ларида яшаган. Ернинг шар шаклида эканлиги тўғрисидаги қад. таълимотга ва 15-а. олимларининг нотўғри ҳисобларига асосланиб, К. Европадан Ҳиндистонга олиб борадиган, унинг фикрича, энг қисқа денгиз йўлининг лойиҳасини тузди.

1-экспедициясида (1492—93) 90 киши билан «Санта-Мария», «Пинта», «Нилья» кемаларида Палосдан сафарга чиқди. Канар о. ларидан ғарбга бурилиб, Атлантика океанини кесиб ўтиб, 1492 й. 12 окт. да (бу сана Американинг расмий кашф этилган вақти деб ҳисобланади) Багама архипелагидаги Сан-Сальвадор о. га тўшади. Куба ва Гаити о. лари соҳилини кашф этди. 1493 й. 15 мартда Кастилияга қайтиб келди.

2-экспедициясида (1493—96) Колумб адмирал унвони ва янги кашф этилган ерларнинг вице-қироли лавозимида 1500 кишилик эки паж билан 17 кемада сафарга чикди. Доминика, Гваделупа, Кичик Антил, Пуэрто-Рико ва Ямайка о. ларини, Кубанинг жан. қирғоқлари бўйлаб сузиб, бир неча орол ва ярим оролларни кашф қилди, Гаитининг жан. соҳилларини тадқиқ қилди. 1496 й. 11 июнда Кастилияга қайтиб келди.

3-экспедициясида (1498—1500) Колумб 6 кема билан Атлантика океанини 10° ш. к. да кесиб ўтиб, Тринидад о. ни кашф этди. Жан. томондан Пария қўлтиғига ва Ориноко дарёси дельтаси атрофидаги соҳил ва Пария я. о. гача кириб бориб, Жан. Американи кашф этишни бошлаб берди. Жан. Американинг шим.-шарқий соҳилларини текшириб, ундан Кариб денгизи орқали Гаити о. га ўтди. 1500 й. да Кастилияга қайтиб келди.

4-экспедициясида (1502—04) Колумб 4 кема билан 1502 й. 12 июнда Мартиника о. га келди. Ундан Гондурас қўлтиғига сузиб, Гондурас, Никарагуа, Коста-Рика ва Панама соҳилларини кашф қилди. 1504 й. 7 нояб. да Кастилияга қайтиб келди. Колумбнинг кашфиётлари янги ерларни мустамлакага айлантириш, ўша ерларнинг индейслар деб аталган туб аҳолисини қул қилиш ва қириб ташлаш билан биргаликда кечди. Колумбнинг биринчи бўлиб Американи очганлиги тўғрисида илмий адабиётларда мунозара кетмокда. Америка расмий кашф этилишидан 5 аср илгари Беруний Ғарбий ярим шарда қуруклик бўлиши мумкин, деган фикрни ёзиб қолдирган. Шим. ва Шим.-Шарқий Америкага Колумбдан аввал норманлар борганлиги аниқланган. Аммо Колумб кашфиётларидан кейингина Америка қитъаси геогр. фанига маълум бўлди.

Ад.: Путешествия Христофора Колумба [Дневники, письма, документы], перевод с испанского, М., 1961; Магидович И. П., История открытия и исследования Центральной и Южной Америки, М., 1965.

Loading...