КОМЕТАЛАР

КОМЕТАЛАР (юн. kometes — узун сочли) — Қуёш системасига кирадиган кичик осмон жисмлари. Кометаларнинг Қуёш атрофидаги ҳаракат йўллари (орбиталари) кичик сайёраларникига Қараганда анча чўзиқ бўлгани учун Қуёшга яқинлашгандагина кўринади. Аввал улар осмонда хира оқ туман нуқталарга ўхшаб кўриниб, кейин Қуёшга яқинлашгани сари унинг таъсирида «дум» чиқаради (баъзан бир неча «дум» чиқариши қам мумкин). Одатда, Кометаларнинг думлари Қуёшга нисбатан қарама-қарши йўналган бўлади. Ҳар йили 5—10 та комета кашф этилади. Қуёш атрофида айланиш даврлари уларнинг орбиталари чўзиклигига боғлиқ бўлади. Шунинг учун уларнинг Қуёшга яқинлашиши бир неча йилдан минг ва ундан ҳам ортиқ йилда тўғри келиши мумкин. Кометаларнинг орбита текисликлари фазода ихтиёрий равишда жойлашган бўлиб, вақт ўтиши билан катта сайёралар таъсирида ўз вазиятларини ўзгартиради. Кометалар яқинлашган сари уларнинг орбитадаги тезлиги ортиб (500 км/с гача) боради. Перигелий нуқтасидан ўтгач, бу тезлик яна камая боради. Шундай катта тезликка эга бўлган Кометалардан баъзилари сайёралар билан тўқнашиши ҳам мумкин. Mac, Ой сиртидаги кратерларнинг келиб чиқишида Кометаларнинг ҳам «хизмати» бор. К. бош ва дум қисмларга ажратилиб текширилади. Кометалар ҳали Қуёшдан узоқда бўлганда унинг сув, оғир элементлар, газ-чанглардан ташкил топган мўзлаган ядро қисмигина кузатилади. Кометалар билан Қуёш орасидаги масофа 3—5 астрономик бирликка (а. б.) тенглашганда Қуёш нурлари таъсирида ядро ўзидан енгил газ ва чанг зарраларини чиқара бошлайди. Бу зарралар ядро атрофида туман қобиқкома ҳосил қилади. Ана шу ядро билан қобиқ бирга Кометаларнинг «боши»ни ташкил этади. Кометалар ядроларининг диаметри, одатда, 0,5—20 км, массаси 10»—10» кг бўлади. Кометалар билан Қуёш орасидаги масофа кескин қисқарганда Қуёш нурларининг итариш кучлари енгил чанг ва б. элементларни Кометалардан ташқарига чиқиб кетишга мажбур этади ва Кометаларда дум ҳосил бўлади. Ҳамма Кометаларда ҳам дум бўлавермайди. Дум бўлишбўлмаслиги Кометаларнинг Қуёшдан узоқяқинлигига, массаларига, об-ҳавонинг тиниқлиги ва б. га боғлиқ. Кометалар чанг боши (диаметри) бир неча минг км. дан 1—2 км. гача, думи эса баъзан бир неча ўн миллион км. гача чўзилган бўлиши мумкин. Кометалар думларининг кўринишига қараб уларни 3 турга ажратиш қабул қилинган: Қуёшдан қарама-қарши томонга тўғри йўналган думлар I турга; К. нинг орбитал қаракатлари йўналишига тескари томонга анча бурилган думлар II турга; қисқа, деярли тўғри ва орбитал ҳаракат йўналишига бир оз тескари бурилган думлар III турга киради. I турдаги думлар плазмалардан ташкил топган бўлиб, Қуёш шамоли таъсирида секундига ўнлаб ва юзлаб км тезликда Кометалар ядросини тарк этади. II ва III турдаги думлар чанг ва зарралардан ташкил топган. Кометаларлар спектрларини текшириш уларнинг ядроларини жуда майда қаттиқ моддалар — темир, кальций, никель, натрий, магний, кремний, марганец ва мўзлаган турли газлар (СН4, NH4, Н2О, СО2) аралашмасидан иборатлигини кўрсатади. Кометалар ларнинг келиб чиқиши ҳақидаги кўплаб назариялар ичида ҳрзир қабул қилинган назарияга мувофиқ, улар Қуёш системасидаги сайёраларнинг ҳосил бўлиши даврида газ-чанг қолдиқларидан пайдо бўлган. Ҳозиргача мингдан ортиқ Кометалар қайд қилинган, баъзилари бир неча марталаб кузатилади (2002).

Энг машҳур даврий Кометалар — Галлей кометаси (даври Р=76 йил), Энке кометаси (Р=3,3 йил), Швассман — Вахман кометаси (комета орбитаси Юпитер ва Сатурн орбиталари орасида жойлашган). Галлей кометаси 1986 й. перигелий орқали ўтганда собиқ Иттифоқ, ғарбий Европа ва япон космик аппаратлари ёрдамида тадқиқ қилинган. Кометалар табиатини яхшироқ ўрганиш учун уни моделлаштиришга доир лаб. тажрибаларидан фойдаланилади. Геофизик ракеталар ва космик зондлар ёрдамида бир неча юздан бир неча ўн минг км баландликда ишқорий металлар буғидан сунъий булутлар — сунъий Кометалар ҳосил қилинган. Улар очиқ космосда Кометаларни моделлаш учун негиз яратди. Кометаларнинг Қуёшга навбатдаги яқинлашишида бирон бир даврий кометага космик зонд чиқариб, унинг таркиби, магнит майдонлари ва б. физик хусусиятлари тўғрисидаги бевосита маълумотлар олиш режалаштирилган.

Абдусалом Латипов.