КОМИ, Коми Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Россиянинг Европа қисми шим.шарқида жойлашган. Майд. 415,9 минг км2. Аҳолиси 1135,5 минг киши (2000). Комида 12 туман, 8 шаҳар, 40 ша-ҳарча бор. Пойтахти — Сективкар ш.
Давлат тузуми. Коми — республика. Давлат бошлиғи — Республика бошлиғи ҳукуматга бошчилик қилади. Қонун чиқарувчи орган — Давлат кенгаши (парламент). Ижроия ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.
Табиати. Коми ҳудуди жан.-шаркдан шим.-ғарбга кўтарилиб боради. Шарқида Шим., Қутбий, Қутб олди ва Урал тоғлари бор. Комининг шарқий чегараси шу тоғларнинг сувайирғичи бўйлаб ўтади. Комининг ва Уралнинг энг баланд чўққиси — Народа тоғи (1895 м). Тиман қатор тепалари билан Урал тоғи орасида Печора пасттекислиги жойлашган.
Комида тошкўмир, нефть, табиий газ, асфальтит, титан рудаси, боксит, тош тўз, калий тузи, гипс, оҳактош, қурилиш материаллари кўп. Айниқса, ёқилғиэнергетика ресурсларининг аҳамияти катта.
Иқлими республиканинг кўп қисмида мўътадил континентал; қиши узоқ, совуқ; ёзи қисқа, илиқ. Совуқ жан.-ғарбдан шим.-шарққа томон кучайиб боради, янв. нинг ўртача т-раси — 17° дан —20° гача, июлники 1 Г дан 15°гача. Республика ҳудудининг 13% (шим., шим.-шарқи) кўп йиллар давомида музлаб ётади.
Республиканинг кўп қисмида йиллик ёғин 600—700 мм, Урал тоғларида 1500 мм гача. Йирик дарёлари: Печора, Вичегда, Мезень. Печоранинг 1500 км қисмида кема қатнайди. Вичегда (Шим. Двина ирмоғи) — К. нинг муҳим сув йўли. Йирик кўллари — Ямозеро ва Синдор. Тупроғи подзол, шим. қисмида эса тундра тоифали. Ҳудудининг 12 — 15% ботқоқлик, 2% чўкинди тупроқли, кўп қисми тайга. 28,7 млн. гектар ўрмон бор, асосан, қорақарағай, қарағай, кедр, оққарағай, тилоғоч ва б. ўсади. Қимматбаҳо мўйнали ҳайвонлардан қутб тулкиси, сувсар, тийин, тулки, қуён; қушлардан қур, карқур, ўрдак, булдуруқ ва қутб кақлиги овланади. Лосос зот балиқлар (сёмга ва б.) кўп. Юқори Печора ҳавзасида Печора-Ильич қўриқхонаси ва «Югид Ва» миллий боғи бор.
Аҳолиси. Туб аҳолиси — комилар, шунингдек, руслар, украинлар, белоруслар, татарлар ва б. яшайди. Аҳолининг 75% шаҳарларда истиқомат қилади. Расмий тили — коми ва рус тиллари. Диндорлар, асосан, христианлар. Йирик шаҳарлари: Сективкар, Воркута, Ухта, Инта, Печора, Сосногорск.
Тарихи. Коми ҳудудида аҳоли юқори палеолит давридан яшаб келган ва асосан, овчилик билан шуғулланган. Мезолит ва неолит даврларида Вичегда ва Печора ҳавзасига жан. дан келган қаби-лалар жойлашиб борган. 2-минг йилликнинг бошида ҳоз. коми (зирян) халқи авлодларининг қабилавий бирликлари шаклланди. 11 —14-а. ларга оид манбаларда вичегдалик пермлар номи эслатиб ўтилади. Улар ўрта ва қуйи Вичегда ҳавзасида яшаб, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Ўтроқ ҳаёт бошланиб, ҳунар марказлари вужудга келган. Вичегдалик пермлар 12 — 14-а. лар давомида Новгородга хирож тўлаб турди. 14-а. да Москва князлигининг таъсири кучайди. 14-а. охиридан аҳоли христиан динига ўта бошлади. 1478 й. Коми ўлкаси расмий равишда Рус давлати таркибига қўшиб олинди. 15 — 18-а. ларда муҳим савдо йўллари (Вятка-Кама ҳавзаси — Архангельск ва Великий Устюг — Сибирь) Коми ўлкаси орқали ўтарди. 18-а. да бир неча савдо маркази пайдо бўлди. Чўян қуйиш з-длари, нефть ҳайдаш корхоналари ва ҳ. к. қурилди. Коми халқи таркиб топди. 19-а. нинг 1-ярмида деҳқонлар Россия давлати ва маҳаллий эксплуататорлар зулмига қарши оммавий исён кўтарди. 1918 й. янв. —март ойларида Комида шўро ҳокимияти эълон қилинди. 1921 й. авг. да РСФСР таркибида Коми (Зирян) мухтор вилояти тузилди, у 1936 й. да Коми мухтор республикасига айлантирилди. 1990 й. суверенитет ҳақидаги Декларацияга мувофиқ, 1992 й. да К. Республикаси мақомини олди.
Хўжалигида оғир саноат тармоқларининг улуши катта: электроэнергетика, кўмир, нефть, газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш, ўрмон саноати етакчи ўринда. Энергетика-сини бир қанча иссиқлик электр ст-ялари ва Печора ГРЭС ташқил этади. Йилига ўртача 10,1 млрд. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади. Ёғоч, асосан, Вичегда, Печора ва Мезень ҳавзаларида тайёрланади. Ёғочсозлик, мебель, целлюлозақоғоз саноати барпо этилган. Тиман-Печора нефть-газ конлари негизида нефть ва газни қайта ишлаш саноати ривож топган. Машинасозлик ва металлсозлик корхоналари Сективкар, Ухта, Нювчим, Инта, Шельяюрда жойлашган. Қурилиш ашёлари кони (ғишт, цемент, оҳак, темир-бетон конструкциялар) и. ч. йўлга қўйилган. Енгил саноат корхоналари кўн-пойабзал к-ти, тикувчилик ф-калари ва б. дан, озиқ-овқат саноати сут з-длари, гўшт к-тлари, тўз олиш з-ди, ун к-ти, қандолат ва макарон ф-кларидан иборат. Асосий саноат марказлари: Сективкар, Ухта, Воркута, Инта, Печора.
К-х. сут чорвачилигига ихтисослашган. Қорамол, чўчқа, қўй ва эчки, парранда, шим. да буғу боқилади. Комининг жан.ғарбида деҳқончилик билан шуғулланилади. Озуқабоп экинлар, картошка, сабзавот, ғалла (жавдар, арпа, сули) экилади. Қ. х. аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди.
Республикада т. й. (3,1 минг км) ва автомобиль йўли (15,3 минг км) асосий транспорот туридир. Микунь — Ухта— Воркута т. й., Вуктил—Ухта-Торжок газ қувури, Усинск—Ухта-Ярославль нефть қувури ўтказилган. Асосий автомобиль йўллари: Сективкар—Емва—Ухта, Усть-Вим—Яренск, Айкино—Микунь, Ухта—Вуктил, Сективкар—Усть-Кулом, Усть-Сисольск — Троицко-Печорск. Юк ташишда сув транспорти, йўловчи ташишда ҳаво транспорти муҳим роль ўйнайди. Сективкар, Ухта, Печора, Воркутада аэропортлар бор.
Тиббий хизмат. Комида аҳолига 5 мингга яқин врач, 12 мингдан кўпроқ ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. 200 дан кўпроқ амбулатория-поликлиника, 29 санитария-эпидемиология ст-яси, 500 га яқин фельдшерлик-акушерлик муассасаси, Серёгово бальнеология курорти, санаторийлар бор.
Маорифи, маданий-маърифий ва илмий муассасалари. Коми даги 592 кундузги умумий таълим мактабида 196 минг, 20 ўрта махсус ўқув юртида 15 минг ўқувчи, 3 олий ўқув юрти (Сективкар ун-ти, пед. ин-ти, Ухтадаги индустриал ин-т)да 11 мингга яқин талаба таълим олади. Комида Россия ФА Урал бўли-мининг Коми илмий маркази, Печора кўмир и. т. ин-ти, Коми тиббиёт ин-ти, қ. х. тажриба ст-яси ва б. илмий муассаса ҳамда лойиҳаконструкторлик ташқилотлари мавжуд. Комида маданият уйлари, оммавий кутубхоналар, 4 театр, 5 музей, спорт мактаблари бор. Республика радио ва телевидениеси, Сективкар, Воркута ва Ухтада телемарказлар ишлайди.
Адабиёти. Қад. халқ ижодиёти: қўшиқ, эртак, афсона, ривоятларда комилар турмуши ва қалби ифодаланган. Коми ёзма адабиётига шоир И. А. Куратов (1839—75) асос солган. У ўз шеърларида халқнинг оғир чаёти ва орзу-умидларини акс эттирган. 20-й. ларда поэзия ва драматургия етакчи жанрларга айланди. А. В. Савин, М. Н. Лебедев, В. И. Литкин, В. Т. Чисталев ва б. ёзувчилар халқ оғзаки ижоди ва рус адабиёти анъаналарига таяниб ижод қилди. Шоирлар халқ жасорати ва она юрт табиатини куйлади. 20-й. ларнинг 2-ярмида проза етакчи жанр бўлиб қолди. 30-й. ларда Коми адабиёти янада равнақ топди. Йирик насрий асарлар — қисса ва романлар (Г. А. Фёдоровнинг «Қишлоқ тонги», И. В. Изъюровнинг «Тимка бригадаси» ва б.) пайдо бўлди. Коми ёзувчиларининг кўпи 2-жаҳон урушида қатнашди. С. А. Попов, И. М. Вавилин, Н. М. Дьяконов каби ёш ёзувчлар жангчилар жасоратини ва фронт орқасидаги меҳнатни улуғлаган асарлар яратди. Кейинги йилларда халқнинг ўтмиш ва замонавий ҳаётини акс эттирувчи «Тундра чироқлари» (В. В. Юхнин), «Икки дуст» (Я. М. Рочев), «Тонгда» (Г. А. Фёдоров) ва б. романлар яратилди.
Меъморлиги ва тасвирий санъати. Республика ҳудудида мезолит даврига оид геометрик нақшли ёғоч ва тош асбоблар, турли расмларга бой шиша идишлар, суяк буюмлар топилган. Республиканинг ўрмонга бойлиги ёғоч меъморлигининг ривожланишига имкон берди. Ибодатхоналар ёғоч ва тошдан ишланган (18-а.). Сусол ва вим услубидаги уйлар гўзал ва ифодали. 19-а. да 1—2 қаватли, баланд пойдеворли серқашам ва ёғоч уйлар қўпроқ қурилган. Томи икки томонга нишаб қилинган. Деразалари оққа бўялган, устки тахтаси ҳашамдор қилиб ясалган. 20-а. да Сективкарда қурилиш ишлари авж олдирилди. Воркута (1943), Ухта (1943), Печора (1949) ва б. шаҳарлар барпо этилди, 5—9 қаватли ғиштин ва йирик панелли уйлар, кўплаб жамоат бинолари ва б. қурилди.
Коми халқ санъати, асосан, кийим ва рўзғор буюмларини тайёрлашдан бошланган. Ҳар бир жойнинг севимли ранглари бор: жан. да аёл бош кийимлари ва кўйлаклари жуда майда зич каштали қилиб, кўпинча, қизил ва қора рангда тикилади. Шим. да мўйнали кийимлар, кўлқоплар, сумкалар қизил, кўк, яшил рангдаги мовут парчалари билан «мозаика» усулида безатилади. Қайин пўстлоғидан турли буюмлар тўқиш кенг расм бўлган. Профессионал тасвирий санъати 20-а. нинг 20-й. ларида пайдо бўлди. В. В. Поляков асос солган китоб графикаси, плакат ва газ. сураткашлиги М. П. Безносов, В. П. Малахов, В. А. Баусовлар томонидан ривожлан-тирилди. 40-й. ларда тарихий мавзуда манзара ва расм чизиш (В. Г. Постников), портретлар яратиш (М. П. Безносов) авж олди. 40—50й. ларда дастлабки сюжетли расмлар ва портретлар яратилди. Ҳайкалтарошлик, ўймакорлик санъати пайдо бўлди. Кейинги йилларда санъатнинг барча тармоқлари равнақ топди. Халқ ҳунармандчилиги турларида ёғоч ўймакорлиги, ёғочсозлик, мўйначилик, каштачилик, кўнчилик, кулоллик, тўқимачилик ривож топган.
Мусиқа фольклори қўшиқ жанридан иборат. Қад. Коми қўшиқлари паст пардаларда равон айтилади. Кейинги давр қўшиклари кенг диапазонда ижро этилиши билан ажралиб туради. Яккахон ва хор (одатда, 2 ва 3 овозли) ижрочилик санъати тарқалган. Чолғу асбобларидан уч торли сугудэк (камонли ва чертма), 4—7 торли брунган (катта ҳажмдаги урма соз), пуфлаб чалинадиган оркестр асбобларидан чипсан, пэлян ва б. бор. Улар ичида балалайка ва гармонь салмоқли ўрин тутади.
Профессионал мусиқа санъати 20а. бошларида пайдо бўлди. 40-й. ларда дастлабки миллий мусиқали драмалар яратилди (А. А. Воронцовнинг «УстьКулом қўзғолони» асари ва б.). 60-й. ларда миллий опера («Усть-Кулом осмонида момақалдироқ») ва балет («Яг-Морт») юзага келди.
Комида республика мусиқали театри, филармония, ашула ва рақс ансамбли, мусиқа билим юртлари, болалар мусиқа мактаблари бор.