КОМИЛОВ Иброҳим Комилович

КОМИЛОВ Иброҳим Комилович (1926.15.5, Риштон тумани) — кулол, Ўзбекистон халқ рассоми (1973). Отаси уста Комил Мадаминов ва кулол Элибой Далиевдан хунар урганган. «Янги ҳаёт» кулоллик артелида кулол, рассом; 1970 й. дан Риштон керамика з-дида рассом. Комилов қад. Риштон кулоллик мактаби анъаналарини қайта тиклашга катта ҳисса қўшди ва унинг янги, чидамли ва нафис намуналарини яратди; у яратган буюмлар (лаган, коса, шокоса, пиёла, гулдон ва б.) ҳаво ранг колорити, ўзига хос услублаштирилган нақшлари ва ҳайвонларнинг рамзий шакллари билан ажралиб туради. Комилов анъанавий услубда тайёрлаган кошинлар замонавий биноларни безаб турибди, асарларидан намуналар республика ва хориждаги музейларда, шахсий тўпламларда сақланади (жумладан, Япониядаги энг йирик кулоллик тўпламларидан кенг ўрин олган).

1950 й. дан республика ва чет мамлакатлардаги кўргазмаларда асарлари билан иштирок этади. Ўзбекистон БА Олтин медали билан мукофотланган (2002).