КОМИЛОВ Эркин (1946.20.7, Андижон вилояти, Курфа қишлоғи) — Ўзбекистон халқ артисти (1998). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1968). 1966 й. дан Ҳамза театрида актёр. Энг яхши роллари: Қиличбек («Олтин девор»), Қобилжон («Самандар»), Ибн Сино («Беруний»), Карл Моор («Қароқчилар»), Жевакин («Уйланиш»), Глумов («Ҳар тўкисда бир айб»), Мясников («Қатағон»), ал-Зокир («Пири Коинот»), Боязит («Соҳибқирон Темур»), Икром («Уфқ»), Альбени («Қирол Лир»), Абулфайзхон («Абулфайзхон»), Ортиқ («Ноёб нусха»), Маннон Уйғур («Томоша давом этади»), Гаррисон («Етти фарёд») ва б. Яратган образларига ўзига хос ранг бериб, характерларнинг ишончли чиқишига эришади. Роль ўйнашда яхшилик, табиийлик, қаҳрамоннинг ҳиссиёт ва кечинмаларини мураккаб мажмуини бера олиш, актёр сийратидаги жиловланган куч, зиёлилик, ички маданиятнинг жўш уриши Комилов ижодига хос.
Комилов кинода ҳам бир қанча образлар яратган: Бегимқул («Юзсиз»), Йўлдош («Севги»), Мусулмонқул («Ўтган кунлар»), Валихўжа эшон («Амирнинг хуфиёна юриши»), Хуррам («Тилла бола»), Боязид Жалойир («Амир Темур»), Қурбонов («Учишга рухсат этинг»), Довженко киностудиясида «Юлдуз шуъласи» фильмида Эргаш Собиров ва б. Видео ва телефильмларда Азиз Қосимов («Гирдоб»), Султонмурод («Алишер Навоий»), Ҳайдар («Диёнат»), Раҳим Саидов («Ёз ёмғири»), Чарльз Фористер («Қора карвон»), Бачана («Абадият қонуни»), Жаббор («Қора кўзлар»), Майор Солиҳов («Сўнгги ўқ»), Ҳайдар (Кесак полвон) («Шайтанат»), Шокир ота («Еттинчи фалакдан келган овоз») каби роллар ижро этган. «Оталар сўзи—ақлнинг кўзи» кўрсатувида 100 дан ортиқ роль ўйнаган, 500 дан ортиқ фильм (айниқса, мультфильм, эртак-фильмлар)ни дубляж қилишда қатнашган.