КОММУНАЛ ГИГИЕНА, аҳоли яшайдиган жойлар гигиенаси — гигиенасининг бир бўлими. Аҳоли яшайдиган жойларда уй-жой шароити ва атроф муҳит омилларининг аҳоли соғлигига таъсирини ўрганади. Аҳолининг соғлом ва қулай турмуш шароитини таъминлаш учун гигиена меъёри ва санитария қоидаларини ишлаб чикали. Абу Али ибн Сино ўзининг «Тиб крнунлари» китобида қуриладиган турар жойлар кунгай, баҳаво ва қуруқ тупрокли бўлишини айтиб ўтган. Исмоил Журжоний «Хоразмшоҳ хазинаси» китобида нам, зах жойларга уй-жой қурганда пойдевори баландроқ бўлиши, шунингдек, атмосфера ҳавоси ва ичиладиган сув тозалигини сақлаш керак деб айтган.
Аҳоли яшайдиган жойларнинг атмосфера ҳавоси гигиенаси ва ҳавони санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш, сув ва сув таъминоти гигиенаси, тупроқ гигиенаси ва аҳоли яшайдиган жойларни тозалаш, сув ҳавзаларини санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш, турар жой ҳамда бинолар, шунингдек, даволаш ва профилактика муассасалари гигиенаси Коммунал гигиенанинг асосий бўлимларидир. Коммунал гигиена турли текшириш усулларидан, мас, ташқи муҳитни ўрганишда физик, кимёвий ва биологик методлардан, ташқи муҳитнинг организм ва кишилар соғлигига таъсирини ўрганишда физиологик, санитариятоксикологик, клиник-статистик методлар ва б. дан фойдаланади. Саноатда ва қ. х. да ишлатиладиган кўпгина кимёвий моддаларни тажрибада текшириб, йўл қўйиш мумкин бўлган зарарсиз миқдор кўрсаткичларини тавсия этади. Коммунал гигиена масалалари билан Ўзбекистон Санитария, гигиена ва касб касалликлари ҳамда Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ин-тлари, шунингдек, тиббиёт ин-тларининг Коммунал гигиена кафедралари шуғулланади. Коммунал гигиенанинг ривожида ўзбек олимларидан А. З. Зоҳидов, Қ. С. Зоиров, С. Н. Бобожонов. Т. И. Искандаров, Н. С. Тожибоева, Р. У. Убайдуллаев, А. Х. Комилжоновларнинг хизматлари катта. Коммунал гигиенага оид маълумотлар «Ўзбекистон тиббиёт журнали»да ёритиб борилади.