КОММУНИКАЦИЯ

КОММУНИКАЦИЯ (лот. communicatio — умумлаштираман, боғлайман) — 1) кибернетикада — информация (ахборот)ларни алмашиш жараёни. Жисмоний ва ижтимоий нуқтаи назардан ёндошиладиган Коммуникациялар мавжуд. Жисмоний нуқтаи назардан ёндошиладиган Коммуникацияни алоқа ҳам деб аталади. Алоқа фаза жойлашган нуқталар, қурилмалар ёки кишилар ўртасида мос алоқа каналы бўйича ахборотларни узатиш жараёнларини ўз ичига олади. Инсон яратган техникавий тизимларда қуйидаги 4 та асосий Коммуникация тури бор: «инсон-инсон», «инсон-машина», «машина-инсон», «машина-машина». Техникавий даражадаги Коммуникация жараёнларида турли хил сунъий тиллар (мас, алгол, кобол ва ахборотларни автоматик қайта ишлаш учун мўлжалланган бошқа тиллар)дан фойдаланилади. Ижтимоий нуқтаи назардан ёндошиладиган Коммуникация гуруҳ ёки ташқилот ичидаги, бутун жамоа ичидаги алоҳида шахслар ўртасида ахборот алмашиш жараёнини ўз ичига олади. Бундай турдаги Коммуникация, асосан, табиий тил ёрдамида амалга оширилади. Якка Коммуникацияда инсон ахборотни аниқлаши ва идрок этиши (ўзлаштириши) катта аҳамиятга эга. Гуруҳ ёки ташқилот ичидаги Коммуникация учун шу гуруҳ ёки ташқилот аъзолари орасида муносабатларнинг тақсимланиши, қабул қилинган Коммуникация қоидаларининг хусусиятлари аҳамиятли;

2) транспорт, алоқа йўллари ва шаҳар хўжалиги ер ости тармоқлари. Шаҳар хўжалиги ер ости тармоқларига шаҳарни сув, электр энергияси, иссиқлик, газ билан таъминлаш учун ер остидан ўтказиладиган сув қувурлари ва кабеллар киради. Ер ости тармоқлари кўча ва майдонлар остидан ўтказилади. Катта шаҳарларда сув қувурлари ва кабеллар бир умумий коллектордан ўтказилади, натижада Коммуникацияни таъмирлаш вақтида йўлларни қайта бузиб-тузатишга ҳожат қолмайди; З) ҳайвонларда бирбири билан «мулоқот қилиш»даги «сигналли» усуллар мажмуи. Ҳар бир тур ҳайвон учун «ўзига хос» К. «сигналлари» бўлади.

Loading...