КОМПЛЕКС ЎҒИТЛАР — таркибида ўсимликлар ҳаёт фаолияти учун зарур бир неча асосий озиқ моддалари бўлган органик ва минерал ўғитлар. Органик Комплекс ўғитларга уй ҳайвонлари гўнги, қушлар гўнги, сидерат ўсимликларнинг яшил массаси (кўкат ўғит), турли хил компостлар киради. Таркибидаги асосий озиқ моддаларига кўра, минерал К. ў. икки элементли (фосфоркалийли, азот-фосфорли, азот-калийли) ва уч элементли (азот-фосфор-калийли) бўлади. Олиниш усулига кўра, мураккаб ўғитлар, мураккаб аралаш ўғитлар ва аралаш ўғитларга бўлинади. Кўпгина Комплекс ўғитлар таркибида микроэлементлар бўлади ёки уларга бу элементлар қўшилади.