КОМПОЗИТОР

КОМПОЗИТОР (лот. compositor — тузувчи, ижод этувчи) — 1) кўп овозли мусиқа асарлари муаллифи, мусиқа ижодқори. «Композитор» атамаси 16-а. га келиб Италияда кенг тарқалган. Композиторлик касби ижодкордан мусиқий-ижодий қобилият б-н бирга махсус (композиция фани соҳасидаги) пухта билим ҳам талаб этади. Композитор нота ёзуви ёрдамида мусиқа асарларини ижод этади, янги, индивидуал бадиий мазмунни ифодалашга ҳаракат қилади. Шу жиҳати билан анъанавийлик мезонига таяниб монодия тизимида ижод этувчи бастакордан фарқ қилади. Ўзбекистонда Композиторлик ижодиёти 19-а. нинг охири (В. Лейсек ва б.), айниқса, 1920— 30 й. лардан бошлаб (В. Успенский, А. Козловский, Г. Мушель ва б.) жадал ривожланди. Маҳаллий Композитор лардан М. Ашрафий, Т. Содиқов, М. Левиев, М. Бурҳонов, С. Юдаковларнинг илк ижодий тажрибалари 1930 — 40 й. ларга мансуб. 1950—60 й. ларда Ик. Акбаров, С. Бобоев, Ъ. Гиенко, Х,. Раҳимов, Ф. Янов-Яновский, Р. Ҳамроев, Т. Қурбонов, Р. Вильданов, Сайфи Жалил, 1970—90 й. ларда эса Д. Саидаминова, Н. Зокиров, Р. Абдуллаев, М. Бафоев, М. Тожиев ва б. кўп овозли мусиқанинг турли жанрларида катта ютуқларга эришдилар. Мустақиллик даврида Ўзбекистон К. ларининг ижоди янги босқичга кўтарилди. Ёш К. лардан А. Мансуров, Д. Омонуллаева, К. Эргашев, Д. Янов-Яновский, Н. Ғиёсов ва б. мусиқа ҳаётига, шу жумладан, эстрада ва кино мусиқаси, симфоник ҳамда камер мусиқаси жанрлари ривожига салмокли ҳисса қўшмокда;

2) шахмат соҳасида ўзининг мустақил ўйин услуби (композицияси)ни яратувчи ижодкор.

Loading...