КОМЁБ (тахаллуси; асл исм-шарифи Саййид Ҳомид ибн Саййид Муҳаммад) (1862.2.9 — Хива — 1922) — шоир, тарихчи. Отадан ёш етим қолиб, Ферўз тарбиясида ўсган. Хивадаги мадрасада таҳсил кўрган. К. ёшлигидан ўзбек ва форс тилларида шеърлар ёзган. Кейинчалик Навоий, Жомий, Мунис, Огаҳий, Ферўз, Мискин каби шоирларнинг шеърларига тахмислар боғлаган, ўзи ҳам кўплаб ғазал, муҳаммас, мусаддас, мураббаъ, мустазод, чистонлар ёзиб, замонасининг таниқли шоири даражасига кўтарилган. Комёбнинг 2 қисмдан иборат шеърий девони бизгача етиб келган («Тумор ул-ошиқин», «Анис ул-ошиқин»). Мазкур девонда 3 мингдан зиёд мисрани ташқил этган шеърлар тўпланган. Уларда ватанга муҳаббат, ин-соний комиллик, ҳаётни севиш ғоялари тараннум этилган.
Комёбнинг «Тарих ул-ҳавонин» («Хонлар тарихи»), «Мунтахаб ул-вақое» («Воқеалар тўплами») насрий ҳамда «Хоразм мамоликинда фалак ҳодисасидин воқеа ажойиби зуҳур марҳаласиға келгонининг зикри» номли эсдалик асари ҳам бор. «Тарих ул-ҳавонин»да Хиванинг биринчи хони яшаган даврдан рус босқинигача бўлган давр қаламга олинган. «Мунтахаб ул-вақое»да хонликдаги маданий, ижтимоий-сиёсий, тарихий, адабий жараён тўғрисидаги муҳим воқеалар, эсдаликларида эса 19-а. охирида рўй берган табиат ҳодисалари, турли хил ғаройиб воқеалар жамланган.
Комёбнинг лирик девонининг 4 қўлёзма нусхаси, «Тарих ул-ҳавонин», «Мунтахаб ул-вақое» асарлари ва эсдалик асари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти фондида (инв. №2627, №3730/ IV, №1257, №1005, №7717, №853/ 111, №3730/1, №3730/111), лирик девонининг яна бир нусхаси Россия ФАнинг Москвадаги Шарқшунослик ин-ти фондида (инв. №2324, №1513) сақланади.
Ад.: Д авл атёр Раҳим, Шиҳназар Матрасул, Ферўз — шоҳ ва шоир қисмати, Т., 1991.