КОН САНОАТИ, кон қазиб олиш саноати — фойдали қазилмалар конларини қидириш, уларни ер остидан казиб олиш, дастлабки қайта ишлаш — бойитиш бўйича и. ч. тармоқлари мажмуи. Кон саноати куйидаги асосий гуруҳларга бўлинади:
1) ёқилғи (нефть, табиий газ, кўмир, сланец, торф) қазиб олиш саноати;
2) руда (темир рудаси, марганец рудаси, рангли металлар, асил ва ноёб металлар рудалари, радиоактив элементлар) қазиб олиш саноати;
3) нометалл қазилма ва маҳаллий қурилиш материаллари саноати (мармар, фанит, асбест, бўр, доломит, кварцит, каолин, гипс, мергель, дала шпати, оҳактош ва б. ни қазиб олиш);
4) кон-кимё (апатит, калий тўзлари, нефелин, селитра, олтингугурт колчедани, бор рудалари, фосфат хом ашёси қазиб олиш) саноати;
5) гидроминерал сувлар (минерал ер ости сувлари, сув таъминоти ва б. мақсадлар учун сув) олиш саноати.
Кон иши қад. даврлардан бери маълум. 18-а. охири — 19-а. бошларидан жадал ривожлана бошлади. 20-а. охирларига келиб дунёда йилига 5 млрд. т дан зиёд кўмир, 3 млрд. т дан зиёд нефть, 2,3—2,5 трлн. м3 табиий газ ва 1 млрд. т темир рудаси қазиб олинмоқда. Бошқа турдаги минерал хом ашёни қазиб олиш ҳажми камроқ. Жумладан, дунёда кейинги вақтда йилига 2,2—2,3 минг т олтин қазиб олинмоқда. Жаҳонда уран етказиб берувчи йирик мамлакатлар қаторига Канада, Австралия ва ЖАР, калий тўзлари бўйича Канада ва Германия давлатлари киради. Темир рудасини қазиб олиш иқтисодий ривожланган мамлакатларда ҳам (АҚШ, Канада, Австралия, ЖАР, Швеция, шунингдек, Россия ва Украина), ривожланаётган мамлакатларда ҳам (Хитой, Бразилия, Ҳиндистон, Венесуэла, Либерия) кенг миқёсда амалга оширилмоқда.
Халқаро географик меҳнат тақсимотининг чуқурлашиши ва янада ривожланиши дунёда 6 та йирик Кон саноати марказларининг шаклланишига олиб келди. Уларнинг ҳиссасига жами қазиб олинган хом ашё ва ёқилғининг 2/3 қисми тўғри келмокда. Шундай мамлакатлар қаторига АҚШ, Канада, Австралия, ЖАР, Россия ва Хитой киради. Кон саноати кўпчилик бошқа мамлакатларда ҳам ривожланган. Лекин уларда хом ашё ёки ёқилғининг бир-икки тури казиб олинади, холос. Жумладан, дунёда кўмир қазиб олишда Польша, мис рудаси қазиб олишда Чили, қалай рудаси қазиб олишда Малайзия, нефть қазиб олишда Форс кўрфази мамлакатлари юқори ўринларни эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси жаҳонда Кон саноати юқори ривожланган мамлакатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олган. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 2,7 мингдан зиёд истиқболли турли фойдали қазилма конлари аниқланган. Улар 100 га яқин минерал-хом ашё турларини ўз ичига олади. Муҳим стратегик манбалар — нефть ва газ конденсати, табиий газ бўйича 155 та кон, қимматбаҳо металлар бўйича 40 дан ортиқ, рангли, нодир ва радиактив металлар бўйича 40, кон-кимё хом ашёси бўйича 15 та кон ва б. қидириб топилган ва ишга туширилган.
Олтин, уран, нефть, фосфоритларнинг разведка қилинган заҳиралари бўйича Ўзбекистон жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди. Республика жаҳонда олтин заҳиралари бўйича 4-ўринда, мис заҳиралари бўйича 10—11 ўринда, уран заҳиралари бўйича 7—8 ўринда туради (2001) (яна қ. Газ саноати, Рангли металлургия, Кумир саноати, Нефть саноати, Олтин саноати, Темир руда саноати).
Абдуҳаким Қаюмов.