КОНЧАК, Конжак — қипчоқлар хони (1172—1203). Қипчоқ хонларидан Ўтроқнинг ўғли. Шаруканнинг набираси. Отаси ўзининг суюкли фарзандини ёшлигида Кавказ тоғларида сақлаган. 12-а. нинг 2-ярмида Дон дарёси ҳавзасидаги қипчоқларни бирлаштириб, қудратли кўчманчи давлат уюшмаси барпо қилган. Кончак рус князлари билан қариндошлик (К. нинг қизи Новгород-Северский князи Игорь Святославичнинг ўғлига теккан эди) ва баъзан иттифоқчилик муносабатларида бўлиб, Киевга қарши муттасил кураш олиб борган. У Лукоморе (Азовнинг шим. даги ҳудуд) хони Кобек б-н иттифоқ бўлиб, Переяславль ерига бир неча бор (1174, 1178, 1183) ҳарбий юришлар қилган; 1185 й. Игорь Святославични мағлубиятга учратиб, уни асир олган, сўнгра Переяславлни бесамар қамал қилган. 1187 й. К. яна Киев ерларига чопқун уюштирган, Чернигов князлигини эгаллаган.
Кончак ҳақида рус солномачисининг ёзишича, «ушбу қудратли буюк хон Сула (Днепр ирмоғй)дан елкасида қозон кўтариб ўта олган». Йилномадаги «қозон» овқат тайёрлайдиган идиш эмас, балки у К. нинг ва у раҳбарлик қилган давлат уюшмасининг қудратини рамзий белгиси бўлиб, у «қозон» билан ушбу кучқудратни «боқа олиши» ва бошқара олишини англатган. К. Днепр ҳавзасидаги қипчоқлар (бошқа уюшмаси)нинг Русга қарши айрим йирик юришларига тез-тез раҳбарлик қилиб турган; 13-а. бошида эса унинг ўғли Юрий Кончаковични рус солномачиси «барча қипчокларнинг каттаси» деб атаган. Князь Игорь Кончак қароргоҳидан, асирликдан қочаётган чоғида йўлида кўплаб ҳайвонлар ва қушлар (бўрилар, тулкилар, бургутлар, қарғалар, оққушлар, зағчалар, булбуллар) ни учратганини, улар ҳақиқий бўлмай, балки қипчоқларнинг уруғ-қабила тотемлари ва номлари эканлигини айтган. Кончак 1184 й. Русга қилган чопқуни пайтида шаҳар-қалъаларни қамал қилишда Кавказ (Грузия, Озарбайжон) дан олиб келтирилган ёнар ўқ отувчи «манжаниқ» (нафтандоз) ва уни отувчи мусулмон тўпчилардан фойдаланганлиги ҳақида солномаларда маълумот бор. Кончакнинг укаси Грузия подшоси Тамара хизматида бўлган. Рус тарихчиси Н. М. Карамзиннинг ёзишича, 1185 й. половецлар князи Кончак тирик олов отувчи Хоразий (хоразмлик) Туркни ўзи б-н олиб юрган, ундаги қурол ўт со-чар қурол бўлган. Рус халқ оғзаки ижоди қаҳрамонларидан бири — ўлмас Кошчей образи Кончак билан боғлиқ бўлиб, рус солномачилари Кончакни «баттол, мурдор Кошчей» деб аташган. Маҳмуд Кошғарий луғатида кэнжак — туркий қабила номи сифатида келтирилган. Тошкентда Кунжак маҳалласи мавжуд. Игорь Святославич ва б. князларнинг Кончакга қарши курашлари ҳақидаги воқелар баёни қад. рус адабийёдгорлиги «Игорь полки жангномаси» негизини ташқил қилади.
Ад,: Барманкулов М., Хрустальная мечта тюрков о квадронации, Алматы, 1999; Слово о полку Игореве, М. —Л., 1950; Плетнева С. А., Кочевники средневековья, М., 1982; Половцы, М., 1990; Мурад Аджи, Полынь половецкого поля, М., 1994.
Фахриддин Ҳасанов.