КОНДОРСЕ

КОНДОРСЕ (Condorset) Мари Жан Антуан Никола (1743.17.9, Рибмон, СенКантен яқини — 1794.29.3, Бурла-Рен) — француз файласуфи, маърифатпарвар, сиёсий арбоб. Париж ФА аъзоси (1769). 1777 й. дан Париж ФАнинг доимий котиби. «Энциклопедия» нашр этишда ҳамкорлик қилган, кейинчалик инқилобда қатнашган, 1791 й. да Қонун чиқарувчи мажлисга сайланган, Конвентда жирондачилар тарафида бўлган. Фалсафада деизм ва сенсуализм тарафдори. «Инсон ақл-заковати тараққиёти тарихий кўринишларининг эскизи» (1794) асарида тарихий тараққиёт ғоясини ривожлантирган; бу ғоянинг асоси ақл-идрокни камолга етказишдан иборат.