
КОНФЛИКТ
КОНФЛИКТ (лот. contlictue — ихтилоф, тўқнашиш) — 1) қарши томонлар, фикрлар, кучлар тўқнашуви;
2) адабиёт ва санъатда — бадиий асар моҳиятида ётган зиддият, персонажларнинг ўзаро тўқнашиши, ихтилофи. Конфликт эпик асарларга нисбатан қўлланади, лирик асарларда эса у коллизия, кечинма, фикр оқими тарзида намоён бўлади. Конфликтнинг 3 хил кўриниши мавжуд: асар қаҳрамонларининг бирбирлари билан тўқнашуви, кураши; шартшароит, муҳит билан тўқнашув; ўз-ўзи билан ички кураш. Драмааа Конфликт ҳара-катни ривожлантирувчи, кескинлаштирувчи хусусиятга эга. Конфликтда ёзувчининг дунёқараши, воқеликни, ҳаётни, дунёни ва инсонни қандай идрок этиши ва тушуниши намоён бўлади. Драматургияда «ташқи» К. га кенг ўрин берилади, бунда қаҳрамонлар ўзаро бир-бири билан ихтилофда, курашда бўлади, «ички» К. да эса қаҳрамоннинг ўз бурчини ҳис этиши билан ожиз руҳий томони, ҳиссий изтироблари, ҳолати ўртасидаги зиддият тарзида кўринади. Мазмуни, йўналиши нуқтаи назаридан Конфликтнинг маиший, ахлоқий, ижтимоий, сиёсий, фалсафий ва б. турлари мавжуд. Воқеалар ривожи давомида ижтимоий Конфликт сиёсий Конфликтга, сиёсий Конфликт фалсафий Конфликтга айланиши мумкин. Катта, ўткир ғоялар учун кескин курашга асосланган тўқнашувда фожиавий руҳ устун бўлиб, фожиавий Конфликтни туғдиради ёки кулгили, ўткир ҳажвий йўналишдаги вазият, ҳолат, воқеалар кулгили руҳни ҳосил қилади. Конфликтнинг моҳияти замон, макон билан жипс боғлиқ. Шундай Конфликтлар бўладики, давр ўтиши билан улар барҳам топади. Mac, қад. дунёда яратилган асарлар Конфликт ти заминида тақдир тақозоси турган бўлса, ўрта асрлардаги асарларда илоҳий куч б-н инсондаги шайтоний ҳирс Конфликтнинг асосини ташқил этади. Романтизм даврида воқелик, муҳит, шарт-шароит билан идеал ўртасида, яхшилик билан ёмонлик, руҳий эркинлик билан турмуш ташвишлари ўртасидаги зиддият ҳукмронлик қилган, реализм тантана қилган даврда инсон моҳияти, унинг истаги, имконияти б-н ижтимоий-тарихий шарт-шароит заминида Конфликт юзага келган. Шундай боқий мавзулар борки (мас, сахийлик ва хасислик, вафодорлик ва бевафолик, тириклик ва ўлим), бўларда Конфликт ҳар бир даврнинг маънавий, руҳий талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб талқин қилинади. Шўролар даврида — социалистик реализм методи ҳукмронлик қилган даврда Конфликт заминига ижтимоий-синфий антагонизм қўйилган ва бу зиддиятнинг инқилобий йўл билан ечилиши талаб қилинган, индивидуал ахлоқ билан жамоа онги ўртасидаги, хусусий мулкчилик руҳияти билан жамоат, халқ манфаати ўртасидаги кураш тарзида қўйилган. Шўро тузумини танқид қилиш ман этилган ва шу туфайли адабиётда, айниқса драматургияда Конфликт сизлик «назария»си келиб чиққан. Ҳаётдаги кескин зиддиятларни четлаб ўтиш, воқеликни, ҳаётни бўяб кўрсатиш, инсонни шунчаки бир қўғирчоқ, робот тарзида кўрсатиш бу давр адабиётининг бош белгиси бўлган. Миллий мустақиллик туфайли ўзбек адабиёти ва санъатининг ижодий усули реалистик метод бўлиб қолди, ҳаёт ва инсонни ҳаққоний тасвирлаш, воқеликдаги зиддиятлар кулами ва моҳиятини теран очиш, инсон ва жамиятнинг камол топишидаги қийинчиликларни, мураккаб жараёнларни оқилона тасвирлаш ягона мезонга айланди. Аммо ёзувчи, санъаткор воқеликдаги зиддиятларни қандай бўлса, шундайлигича бадиий асарга кўчирмайди, аксинча, уларни танлаб олади, умумлаштиради, янада кескинлаштиради, улар маъноси, моҳиятини очади, тушунтиради.
Садоҳиддин Мамажонов.