КОНФУЦИЙ

КОНФУЦИЙ, Кун Фуцзи, Кун-цзу, Кун Цю, Кун Чжунни (мил. ав. тахм. 552 — Цюйфу ш., Хитойнинг Шаньдун вилояти — 479) — қад. Хитой файласуфи, конфуцийчилик асосчиси, сиёсий арбоб. Камбағаллашиб қолган аристократ ва ҳарбийлар оиласида туғилган. 22 ёшида таълим бериш билан шуғулланиб, Хитойнинг энг машҳур ўқитувчиси сифатида шуҳрат қозонган. Конфуций ўзи очган мактабида 4 та фан: ахлоқ, тил, сиёсат ва адабиёт ўқитилган. 50 ёшида Конфуций сиёсий фаолиятини бошлаб, Лу давлатида юқори амалдор бўлиб хизмат қилади. Фитналар натижасида хизматидан кетади, 13 й. мобайнида Хитойнинг турли ўлкаларига боради, бироқ у жойларда ўз ғояларини қўллай олмагач, мил. ав. 484 й. Луга қайтиб келади. Таълим беришдан ташқари қад. Хитойнинг 5 та мумтоз асари — «Шуцзин», «Шицзин», «Ицзин», «Юэцзин» ва «Лицзи»ни тўплаш, таҳрир қилиш, тарқатиш билан шуғулланади. Конфуций таълимоти унинг «Лунь юй» («Суҳбатлар ва мулоҳазалар») китобида баён этилган. Бу китоб аслида Конфуцийнинг фикрлари ва суҳбатлари асосида шогирдлари ва издошлари томонидан яратилган. Конфуций ўзи учун, авлодлари, яқин шогирдлари учун алоҳида ажратилган кабристонга дафн этилган; унинг уйи Конфуций ибодатхонасига айлантирилган, бу жой зиёратгоҳ бўлиб қолган (қ. Конфуций ёдгорлик мажмуи).

Prev Article

КОНФЛИКТ

Next Article

КОНХА