КОНФУЦИЙЧИЛИК

КОНФУЦИЙЧИЛИК — Хитойдаги ахлоқий-сиёсий таълимот; кейинчалик энг таъсирли 3 асосий фалсафий-диний оқимдан бири (даосизм ва буддизм билан бирга). Конфуций асос солган. Конфуцийчиликнинг илк давомчилари — Мэн-цзи (Мэк Кэ — мил. ав. 371—289), Вэн-цзи (мил. ав. 6-а.), Хань Фэй-цзи (мил. ав. 233 й. в. э.), кейинги даврда Фан Чжень (6-а.), Хань Юй (768—824) ва б.

Конфуцийчилик таълимотида инсонпарварлик (жэнь), одоб қоидалари (ли), фазилат (дэ) тушунчаси муҳим ўрин эгаллайди. Инсонпарварлик тушунчасига кўра, одамлар ахлоқий ва ижтимоий муносабатларда ёши улуғ, мавқеи баланд кишиларни хурмат қилишлари, подшоҳга садоқатли бўлишлари керак. Одоб кридалари тушунчасига кўра, у туфайли юксак фазилатлар шаклланади, жамият ривож топади, адолат тантана қилади. Бурчни адо этиш туфайли ин-сон камолотга эришади. Унинг неги-зида «сен ўзинг нимага эришишни истасанг, унга бошқаларнинг эришишига кўмақлаш», «сен нимани орзу қилмасанг, уни бошқаларга раво кўрма» каби ҳаётий тамойиллар ётади. «Буюк таълимот» ва «Ўрталик ҳақида таълимот» деган асарларни Конфуций ёзган деб тахмин қилинади. Бу китобларга кўра, одамларнинг биргаликда оқилона яшаши тартибининг муҳим шартини 5 та оддий ва буюк фазилат ташқил этади: донолик; инсонпарварлик; садоқат; катталарни ҳурмат қилиш; жасорат. Бу фазилатлар ўзига ва б. га халолликни ва чуқур ҳурматни англатади. Фақат мумтоз ва комил инсонларгина бундай фазилатга эга бўлади.

Конфуцийчиликда таъкидланишича, қонун инсон манфаатларига хизмат қилмоғи лозим. Қонун ўзгариши билан манфаатдорлик ва манфаатсизлик тушунчалари ҳам бошқача маъно касб этади, инсон фаолиятида туб ўзгариш рўй беради. Ўтмишда ўрнатилган тартибга сажда қилиш янги қонунлар руҳига зиддир. Конфуцийчиликда жамиятни бошқаришга катта эътибор берилиб, унга кўра, жамиятни керагидан ортик, оддий қонунлар билан тўлдириб юбормаслик зарур. Хитойда асрлар мобайнида Конфуцийчиликнинг турли мактаблари юзага келган. Улар ўртасида кескин кураш борган.

Конфуцийчилик мил. 1 – а. да давлат таълимотига айланди, 9-а. да буддизм, 11-а. да даосизм устидан тўла ғалаба қозонди. Бунга, айниқса, Сун даври (960—1279)да неоконфуцийчилик ривожланганлиги туфайли эришилди.

Расул Иосиров.

Loading...