КОНГО (Conqo), Конго Демократик Республикаси (Republique Democratique du Conqo; 1971—97 й. ларда Заир Республикаси) — Марказий Африкада жойлашган давлат. Майд. 2345,4 минг км2. Аҳолиси 53,6 млн. Киши (2001). Пойтахти — Киншаса ш. Маъмурий жиҳатдан 11 вилоят (province)ra бўлинади.
Давлат тузуми. Конго — республика. Давлат ва ҳукумат бошлиғи — президент. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни ҳукумат ва Ўтиш парламенти томонидан қабул этиладиган декрет қонунлар орқали президент амалга оширади. Ижроия ҳркимиятни ҳам президент амалга оширади; у ҳукумат аъзоларини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади.
Табиати. Конго ҳудуди Шим. ва Жан. ярим шарларнинг экваториал ва субэкваториал минтақаларининг қирлар билан ўралган Конго ботиғида жойлашган. Конго ботигининг энг паст (300—350 м) аллювиал текислик қисми мамлакатнинг маркази ва ғарбидадир. Жан. да бал. 700—1000 м дан 1200—1300 м гача бўлган супасимон платолар бор. Шаба вилоятидаги Митумба тоғлари (1889 м), Маниқа (1679 м) ва Кунделунгу (1772 м) платолари кенг тектоник ботиклар билан ажралган. Шарқий чегараси бўйлаб бал. 2000—3000 м ли топ,ар жойлашган. Энг баланд жойи — К. ва Уганда чегарасидаги Рувензори тоғи (5109 м). Сунмаган вулканлар бор. Кучли зилзилалар бўлиб туради. Фойдали қазилмалардан мис, колбальт, рух, уран, қалай, темир, вольфрам ва марганец рудалари, боксит, олтин, кумуш, платина, олмос, никель, молибден, кўмир ва б. қазиб олинади.
Иқлими мамлакат шим. да (3° ш. к. б-н 3° ж. к. оралиғи) экваториал, ҳамиша серёғин, жан. да ва чекка шим. да субэкваториал, ёзи серёғин, қиши қуруқ, Конго ботиғи ва унинг атрофидаги платоларда энг иссиқ ой — мартнинг ўртача т-раси 24—28°, энг салқин ой — июлнинг ўртача т-раси 22 — 25°. Шарқи ва жан.шарқидаги тоғларда иқлим салқинроқ. Шаба вилоятида т-ра июлда 16°, окт. да 24°. Йиллик ёғин экваториал минтакада 1700—1800 мм дан 2000—2200 мм гача, шарқидаги тоғларда 2500 мм ва ундан кўпроқ; чекка жан. да 1000—1200 мм, энг шим. да 1300—1500 мм.
Дарёлари кўп ва серсув. Энг катта дарёси — Конго ва унинг ирмоқлари. Мамлакат худудининг 9/10 қисми Конго дарёси ҳавзасида жойлашган. Деярли ҳамма дарёларида остона ва шаршаралар бор, гидроэнергия ресурслари ниҳоятда катта. Дарёларнинг маълум қисмларидагина кема қатнайди. Конгода Киву, Танганьика, Мверу, Тумба ва б. кўллар бор. Конгонинг шим. қисмида подзоллашган латерит тупроқ. Ботқоқлашган тупрокларда доимий яшил экваториал сернам ўрмонлар бор. Жан. қисмида ва энг чекка шим. даги кизил тупрокларда, асосан, бўйи баланд ўтли саванналар, дарё бўйларида эса галереяли ўрмонлар ўсади. Жан.-шарқий чеккасидаги қизил-қўнғир тупроқли ерларда барг тўкувчи сийрак саванна ўрмонлари бор. Шаркдаги тоғларда баландликка кўтарилган сари минтақалар ўзгариб, сернам экваториал ўрмонлардан баланд тоғ экваториал ўтлоқларигача алмашиниб боради. Рувензори тоғида абадий қор ва музликлар бор. Ўрмонларда қимматбаҳо ёғочли қизил, сариқ, эбен, лимба, агба каби дарахтлар, ёғли пальма, каучук берадиган ўсимликлар ўсади. Ҳайвонот дунёси жуда бой. Ўрмонларда ҳар хил маймун, тўнғиз; саванналарда фил, каркидон, буйвол, жайран, ғизол, зебра, жирафа, арслон, қоплон, гепард, чиябўри, сиртлон, бегемот (дарё ва кўлларда), қушларнинг турли хиллари, тимсоҳ, заҳарли илонлар, балиқ ва ҳашаротлар (цеце пашша, термитлар) кўп. Миллий боғлари — Вирунга, Гарамба, Салонге, Кахузи-Биего ва б.
Аҳолиси. Конгода 300 дан ортиқ қабила ва элатлар: луба, конго, руанда, азонда, банги, тва ва б. бор. Аҳолининг 30% га яқини йирик шаҳарларда яшайди. Расмий тил — француз тили; суахили тиллари, шунингдек, 20 дан кўпроқ лаҳжа бор. Аҳолининг ярмига яқини маҳаллий динларга, қолганлари христиан динига эътиқод қилади. Муҳим шаҳарлари: Лубумбаши, Мбужи-Майи, Кисангани, Кананга, Букаву, Ликаси, Матади, Киквит.
Тарихи. Ҳоз. Конго ҳудудида қуйи палеолит даврига оид манзилгохлар ва тош қуроллар топилган (Касаи, Луалаба, Луапула дарёларининг юқори оқими). Европаликлар бу ерга келишидан анча аввал Бакуба давлати ҳукм сурган, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган. Сўнг Балуба, Лунда ва ш. к. ўндан ортиқ майда давлатлар мавжуд бўлган. Аҳолиси овчилик, балиқчилик, деҳқончилик, темир ва мис рудаларини эритиш ишлари билан шуғулланиб келган. 15-а. охирида портуғаллар (Д. Кан экспедицияси) Конго дарёси ҳавзасига ўрнашиб олиб, уни қул бозорига айлантирди (15—19-а. лар мобайнида у ердан 13 млн. дан ортиқ қул Америкага олиб кетилди). Маҳаллий халқ мустамлакачиларга, маҳаллий амалдорларга қарши узоқ вақт кураш олиб борди (1890-92, 1895-96, 1897-1900, 1901—07). 19-а. 70-й. ларида Бельгия қироли Леопольд II ҳар хил найранглар билан катта ҳудудни босиб одди. Бу ҳудуд «Озод Конго давлати» номи билан Леопольд II мулкига айлантирилди (1885). 1908 й. мазкур ҳудуд компенсация эвазига Бельгия ихтиёрига берилгач, Белгия Конгоси номи билан унинг мустамлакасига айланди. Ҳокимиятни генерал-губернатор идора қилди. Қул савдоси ва эксплуатациянинг кучайиши натижасида маҳаллий аҳоли камайиб кетди (1884 й. 30 млн; 1915 й. 15 млн.). Шунга қарамай, мамлакатда мустамлакачиларга қарши ҳаракат тўхтамади.
1-жаҳон уруши йилларида ва урушдан кейин мустамлакачилар мамлакат табиий бойликлари (олтин, олмос, мис ва ш. к.)ни қазиб олиб, ташиб кета бошлади. Қ. х. нинг экспортга мўлжалланган соҳалари (каучук, кофе, какао), кончилик ва саноатнинг кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик, қурилиш матери-аллари каби тармоқлари, транспорт ва энергетика ривожланиб борди. Катанга, Леопольдвиль, Касаи ва Киву вилоятлари асосий саноат марказларига айланди. Йирик шаҳарлар қад кўтара бошлади.
2-жаҳон уруши даврида Бельгия Конгоси АҚШ ва Буюк Британияга ҳарбийстратегик хом ашё (мис, калай, кобальт, рух, уран ва б.) етказиб берадиган манбага айлантирилди. Урушдан кейин 40-, айниқса, 50-й. ларда меҳнаткашларнинг мустамлака зулмига қарши ҳаракати кескин тус олди. Аф-рикаликлар касаба уюшмалари тузиш ҳуқуқига эришдилар(1946). Кўпгина маданий-маърифий ташқилотлар тўзилиб, улар кейинроқ сиёсий партияларга айланди. Бу партиялар миллий озодлик ҳаракатини уюштириб, Бельгия ҳукуматидан мустақиллик беришни талаб қилди. Ниҳоят, Бельгия бу талабни қондиришга мажбур бўлди.
1960 й. 30 июнда мустақил К. Республикаси эълон қилинди. Конго миллий ҳаракати партияси раҳбари Патрис Лумумба бош вазир, Ж. Касавубу президент лавозимини эгаллади. 1960 й. сент. да К. Республикаси БМТга қабул қилинди. Республика раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликлар мамлакат мустақиллигига раҳна сола бошлади. 1960 й. европаликларни ҳимоя қилиш баҳонаси билан Конгога Бельгия қўшинлари бостириб кирди. Босқинчиларни даф қилиш учун Лумумба илтимоси билан Конгога БМТ армияси киритилди. Лекин бу армиянинг сусткашлиги натижасида миллий ҳукумат ҳокимиятдан четлатилиб, ватанпарвар раҳбарлар таъқиб қилинди. Лумумба ваҳшиёна ўлдирилди (1961 й. янв.). Ватанпарварлар мустақиллик курашини тўхтатмадилар. Уларнинг тазйиқи остида парламент чақирилиб, С. Адула бошлиқ янги ҳукумат тузилди (1961 й. июль). 1964 й. К. Демократик Республикаси деб эълон қилинди. 1965 й. 25 нояб. да ҳукумат армия қўлига ўтди. Унинг бош қўмондони генерал-лейтенант С. С. Мобуту мамлакат президенти деб эълон қилинди. Парламент яна тарқатилди, сиёсий партия ва жамоат ташкилотлари фаолияти тақикланди.
Кейинги йилларда ички сиёсий аҳвол кескинлашди. 1997 й. давлат тўнтариши натижасида президент Мобуту лавозимидан четлатилди. Демократ кучлар уюшмасининг раҳбари Лоран-Дезире Қабила ҳокимият тепасига келди. 2001 й. дан мамлакат президенти — Жозеф Қабила. Миллий байрами — 30 июнь — Мустақиллик куни (1960).
Асосий сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Конго озодлиги ҳаракати, 1998 й. тузилган; Демократия учун конголиклар уюшмаси, 1998 й. ташқил этилган; Инқилоб халқ ҳаракати, 1967 й. да асос солинган; Демократия ва ижтимоий тараққиёт иттифоқи, 1982 й. да тузилган; Федералчилар ва мустақил республикачилар иттифоқи, 1990 й. да тузилган. Конго меҳнаткашлар миллий бирлашмаси, бирлашган касаба уюшма маркази, 1967 й. да асос солинган.
Хўжалиги. Конго — кон ва рангли металлургия саноати ривожланган аграр мамлакат. Хўжалиги ташқи бозор учун минерал ва қ. х. хом ашёси и. ч. га мўлжалланган. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ ва ўрмон хўжалигининг улуши 31,4%, кончилик саноати улуши 26,9%, савдо ва хизмат кўрсатиш улуши 33,9%.
Саноати. Иқтисодий фаол аҳолининг 13% саноатда банд. Шаба вилоятида мис, марганец, Кипушида рух, Луалаба дарёси ва Танганьика кули ора-лиғида қалай, шим.-шарқда олтин, Чикапа ва Касаи дарёлари ҳавзасида олмос қазиб чиқарилади. Энг йирик ГЭСлар Шабада, Конгонинг қуйи оқимида 300 минг кВт ли ГЭС қурилган. Рангли металлургия, металлсозлик, машинасозлик, цемент, кимё, ўрмончилик, ёғоч тилиш, кемасозлик, тўқимачилик, тикувчилик, кўнпойабзал, қанд-шакар саноати корхоналари, ҳамда ёғ, пиво, ун з-длари, тамаки ф-калари, Матади, Киншасада кемасозлик ва кема таъмирлаш корхоналари, Мвандада нефтни қайта ишлаш з-ди бор. Асосий саноат марказлари: Киншаса, Лумумбаши.
Қишлоқ хўжалиги. Иқтисодий фаол аҳолининг 76% қ. х. да банд. Йирик плантация ва чорвачилик хўжаликлари б-н бирга ярим натурал майда деҳқон хўжаликлари мавжуд. Йирик хўжаликлар етиштирган маҳсулот (пальма ёғи, какао, гевея, каучук, кофе, чой ва б.) экспорт қилинади. Ички эҳтиёжлар учун маниок, банан, сабзавот, шоли, маккажўхори, сизаль, тариқ, шакарқамиш, пахта, батат экилади. Қорамол, чўчқа, эчки, қўй боқилади, балиқ овланади. Ўрмон бойликларидан етарли фойдаланилмайди. Экспорт учун қимматбаҳо ёғоч тайёрланади. Мой олиш учун ёввойи пальма меваси терилади. Умуман, қ. х. ички эҳтиёжни қондирмайди. Конгода 16 минг км ички сув йўли, 5,4 минг км т. й., 154 минг км автомобиль йўли бор. Денгиз портлари: Матади ва Бома. Киншаса ва Лубумбашида халқаро аэропорт бор.
Минерал хом ашё экспорт молларининг 80% ини ташқил этади. Четга мис, кобальт, рух, қалай, олтин, олмос, пальма мойи ва ёнғоғи, кофе, чой, каучук, ёғоч чиқаради. Четдан машина-ускуналар, металл буюмлар, дори-дармон, транспорт воситалари, озиқ-овқат, газлама, ёқилғи келтиради. Конго, асосан, Бельгия, Люксембург, АҚШ, Италия, Германия, Франция, Буюк Британия билан савдо қилади. Пул бирлиги — К. франки.
Тиббий хизмати. Конгода юқумли касалликлар кенг тарқалган. 1990-й. ларнинг бошларида 4324 шифохона, шу жумладан, 402 умумий касалхона, 300 дан ортиқ туғруқхона, 500 дан кўпроқ диспансер, 12 тиббиёт маркази, 19 клиника, 5 сил ва 3 руҳий беморлар касалхонаси, 28 лепрозорий (моховхона) бўлган. Уларда 2143 врач, 20 минг тиббий ҳамшира ва доя ишлади. Врачлар Киншаса, Лубумбаши, Кисангани ун-тларида, ўрта тиббий ходимлар Киншасадаги тиббиёт билим юртида тайёрланади.
Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 1968 й. дан 6 ёшгача бўлган болалар учун бошланғич ва ўрта таълимнинг 1-поғонаси бепул. Дарслар француз тилида; бошланғич мактабда маҳаллий тиллардан фойдаланилади. Бошланғич мактаб — 6 й. лик, ўрта мактаб — 6 й. лик. Давлат мактабларидан ташқари хусусий мактаблар ҳам бор. Конгода 19 давлат, 70 хусусий техникум, 14 пед. билим юрти бўлиб, уларда ўқиш муддати — 3—4 й. Олий ўқув юртлари: Киншаса ун-ти (1954), Кисангани ун-ти (1963), Лубумбаши ун-ти (1955), Нафис санъат академияси, Янгамбидаги агрономия фанлари ин-ти ва Киншасадаги пед. ин-ти, шунингдек, айрим техникумларнинг 5 й. ўқитиладиган баъзи ф-тлари ҳам олий маълумот беради. Илмий муассасалари: Киншасада — Марказий Африка илмий тадқиқот ин-ти (1975), Тропик тиббиёт ин-ти (1899), Конго геогр. ин-ти (1949), Атом энергияси марказий комиссарлиги (1959), геол. тадқиқотлари бюроси, Лубумбашида Конго тарих жамияти (1974) бор. Кутубхоналари: Киншаса миллий ун-тининг марказий кутубхонаси (1954), Лумумбаши ун-тининг кутубхонаси (1955), Кисангани ун-тининг кутубхонаси, Киншасадаги халқ кутубхонаси (1932), Киншасадаги архив (1949).
Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Конгода 50 дан ортиқ газ. ва жур. нашр этилади. Энг муҳимлари: «Бойома» (кундалик газ.), «Мжумбе» (кундалик газ., 1963 й. дан), «Потансье» («Имконият», француз тилидаги кундалик газ., 1982 й. дан), «Элима» (француз тилидаги кундалик газ., 1928 й. дан) ва б. К. матбуот агентлиги ҳукумат ахборот маҳкамаси бўлиб, 1957 й. ташқил этилган. Радио ва телевидение ҳукуматга карашли. Йирик шаҳарларда 9 радиост-я ва пойтахтда телест-я бор.
Адабиёти француз тилида ва маҳаллий луба, лингала, киконго ва б. тилларда ривожланиб бораётир. Конго халқи қад. ва бой фольклор анъаналарига эга. Халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиш ва нашр этиш 19-а. охиридан бошланди. Бельгиялик даъваткорлар христиан динини тарғиб қилиш мақсадида маҳаллий тилларда газ. ва мактаблар учун дарсликлар нашр этди. Бу миллий адабиётнинг шаклланишига ёрдам берди. Ёш К. адабиёти, асосан, мустамлакачилар ва черков назорати остида ривожланди. Айрим ёзувчиларгина миллий мустакиллик учун курашга чорловчи асарлар ярата олди (П. Кабонго шеърлари ва А. Р. Боламбанинг «Қора аёлнинг эволюцияси масаласи» асарлари ва б.). 1920—50 й. лар Конго адабиётида диний шеърият катта ўрин тутди. Бу адабиётнинг айрим вакиллари (А. Исамбу, О. Нгонго) мустамлакачиликни фош этувчи асарлар езди. Мамлакат мустақиллиги эълон қилиниши арафасида П. Лумумба ва б. нинг ҳақиқий миллий озодлик учун курашга чорловчи сиёсий мавзудаги шеърлари босилди.
Насрда фольклор ва ахлоқий-диний мавзудаги ҳикоянавислик салмоқли ўрин тутади. «Боболаримиз», «Сокин жанг», «Муҳаббат ғалабаси» (Д. Мутомбо), «Оқ одам келгач…» (А. Р. Бокванго), «Кунда Калумби — Африка қизи» (Ф. Эдм) қиссалари, «Негрлар ҳаёти саҳналари» ҳикоялар тўплами Конго адабиётининг йирик намуналаридир. Кейинги йилларда драматургия ривож топди. А. Монжита, Бондекве, Ж. Дизази пьесалари шуҳрат қозонди. Нгал Мбвил а Мпангнинг «Жамбатист Вико» ва «Адашиш» романлари африкалик зиёлиларнинг халқ б-н ўзаро муносабатлари муаммосига бағишланган. Тиунамо-Вумбанинг ҳикоялари, Батукезанга Заменганинг қиссаларида ижтимоий муаммолар кўтарилган.
Меъморлиги ва тасвирий санъати. Шаба вилояти ва б. жойларда тоғ қояларига ўйиб ишланган расмларда одамлар, жониворлар ва ўсимликлар тасвирланган, улар неолит даврига мансуб деб тахмин қилинади. Кўпгина Африка мамлакатларидагидек Конгода ҳам уйлар четан деворли, баъзан лойдан квадрат ёки айлана қилиб солинган ва усти похол, пичан, шох-шабба билан ёпилган. Дарё бўйларида яшовчи балиқчиларнинг уйлари қозиқлар устига қурилган. 19-а. охири ва 20-а. бошларидан Киншаса, Бома, Мбандака, Ликаси, Кисонгаки, Лубумбаши ва б. шаҳарларда кўп қаватли уйлар тропик иқлимга мослаб қурилди. Кейинги йилларда металл конструкциялардан ва б. янги қурилиш материалларидан фойдаланила бошлади. Шаҳар чеккаларига бир хил кўринишдаги бараксимон уйлар қалаштириб ташланган.
Халқ санъатида ёғоч ҳайкалчалар ишлаш кенг расм бўлган. Нақшли ёғоч ниқоблар ишлашга аҳамият берилади. Бу ниқобларда хилма-хил кайфият (изтироб, ғазаб, қувонч ва б.) ифодаланади. Мустамлака тузуми йилларида Конго ҳайкалтарошлигида европалик усталарга тақлид авж олди. 1940-й. ларнинг охирига келиб дастгоҳ рассомлиги вужудга келди: А. Монтита манзара, А. Киабелуа портрет асарлари яратди. Бир гуруҳ рассомлар рангдор безак композициялари устида иш олиб борди. Киншасада меъморлик ин-ти ва Пластик санъати ин-ти ишлайди.
Ёғоч ва сопол идишлар тайёрлаш, пальма толасидан рангдор мато, сават, бўйра тўқиш тараққий этган. Одам қиёфасидаги чолғу асбоблари, ўймакорлик услубидаги мебель, ўқ ёй ва турли асбоблар ясаш авж олган. Ҳунармандчилик ривожланган. Ҳайкалтарошлик ва рассомлик ўзига хос тарзда эндигина ривожлана бошлади.
Мусиқаси. Конго ҳудудида Балуба, Бушонг, Конго, Лунда ва б. давлатлар ташқил топишидан аввал баконго, монго, баленгола, локеле, бангала, батеке, балуба ва б. халқларнинг профессионал мусиқа маданияти шаклланиб, ривожлана бошлаган. Мусиқа анъаналари нақадар хилма-хил бўлмасин, банту ва пигмейларнинг мусиқий маданияти алоҳида ажралиб туради. Халқ байрамларида қатнашган бахши шоирлар йўлбошчиларнинг қаҳрамонлиги ва донолигини мадҳ этган.
Конго оркестри нгома, иконко, току, локука ноғораларидан, лира, арфа, цитра, труба, флейта, бургу ва б. чолғулардан иборат. Ноғорадан турли хабарлар беришда фойдаланилади, шунингдек, у қўшиқчи ва раққосаларга жўр бўлади. «Ноғора тили»га ёшликдан ўргатилади. Миллий куйларни гитара, саксофон ва б. Европа асбоблари жўрлигида ижро этган профессионал оркестрлар Конгода гитара услуби деб ном олган. Меҳнат жараёнлари (балиқ овлаш, эшкак эшиш, деҳқончилик ишлари) пайтида қўшиқ айтиш ва рақс тушиш одат бўлган. Машҳур хонандалари: Лвамбо Макиади, Табу Лей, Абети Масикинл, Мпонго Лав ва б. 1968 й. Киншасада Миллий мусиқа ва театр санъати академияси ташқил топган. Профессионал кадрлар Миллий санъат ин-тида тайёрланади.
Театр санъати халқ удумлари ва байрамлари асосида қадимдан ривожланиб келган. 2-жаҳон урушидан кейин Европа маданияти таъсирида дастлаб ҳаваскорлар тўгараги, сўнг драматургия вужудга келди. Рассом ва драматург А. Монжита Леопольдвилда Конго фольклори лигаси труппаси — «Лифоко»ни тузди. Труппа 1960 й. ўрталаригача саҳналаштирилган эртақлар ва турмуш сюжетлари асосида томоша кўрсатган.
Мустақиллик йилларида ҳаваскорлар театрлари янада ривожланди. Улар репертуаридаги «Нгонго Лютете» (Д. Боламба), «Уганда заҳматкашлари» (М. Андрен), «Нгомбе» (А. Монжита) ва б. пьесаларда тарихий, тарбиявий ва диний мавзудаги воқеалар акс этган.
Янги ташқил этилган «Ўн иккилар театри»да қўйилган «Оптимист», «Сайлов сири» ва б. пьесаларда ижтимоий зиддиятлар, ўтмиш сарқитлари танқид қилинган. 1969 й. Киншасада миллий театр труппаси тузилди. Бу труппанинг «Оҳулар отилмасин», «Қора масиҳ ёки Симон Кимбангу» спектаклларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш муаммолари кўтарилган, мустамлакачилик асослари фош этилган. Бу труппа профессионал театр — Миллий театр компаниясига айлантирилди, унинг ҳузурида 2 труппа: миллий балет ва драма труппалари мавжуд. Уларнинг ишларида Африкага хос колоритни сақлаш билан бирга зўр ифодали ижрога алоҳида эътибор берилади. Б. Б. Дадьенинг «Жаноб ТоғоНьини», Г. Ойоно-Мбианинг «Яна бир огоҳлантириш» пьесалари, Мольер ва Гоголь асарлари бунга мисол бўла олади.
Конгода миллий кинематография эндигина ривожлана бошлади.