КОНГО

КОНГО (Congo), Конго Республикаси (Republique du Congo) — Марказий Африкадаги давлат. Майд. 342 минг км2. Аҳолиси 2,9 млн. кишига яқин (2001). Маъмурий жихатдан 10 вилоят (region) ra бўлинади. Пойтахти — Браззавиль ш.

Давлат тузуми. Конго — республика. Давлат бошлиғипрезидент (1997 й. дан Дени Сассу-Нгессо). Қонун чиқарувчи ҳокимият бир палатали парламент (Миллий ўтиш кенгаши). Ижроия ҳокимият — ҳукуматга президент бошчилик қилади.

Табиати. Конго ҳудуди, асосан, Конго ботиғида жойлашган. Майомбе тоғлари (бал. 930 м гача) камбар (эни 40 — 50 км) денгиз бўйи пасттекислигига параллел ётади. Мамлакатнинг шим.-ғарби текислик бўлиб, унда айрим тоғлар қад кўтарган (Набемба чўққиси — 1000 м). Конгонинг қолган қисми ботқоқлашган аллювиал текисликлардан иборат.

Иқлими иссиқ; шим. сернам экваториал, жан. қуруқ субэкваториал иқлим. Энг иссиқ ойи (апр.)нинг ўртача т-раси 24—27°, энг салқин ойи (июль)ники 20—25°. Йиллик ёғин 1500—2000 мм, жан. чеккасида 1200—1400 мм. Дарё кўп, ҳаммаси серсув. Йириклари Конго . ва унинг ўнг ирмоқлари — Убанги, Санга, Ликвала, Алима. Кема катнайди. Қизил-сариқ ферралитли тупрок,ларда қимматбаҳо ёғоч берадиган (лимба, окуме ва б.) ўрмонлар, жан. да саванналар мавжуд. Ҳайвонлардан маймун, фил, бегемот, қоплон яшайди; парранда турлари кўп. Тимсоҳ, илон, ҳашаротлар (жумладан, цеце пашша ва ҳ. к.) учрайди. Конгода Лефини қўриқхонаси ва Одзала миллий боғи бор.

Аҳолиси банту тили оиласига мансуб халқлар (конго, теке, мбоши, санга, бобангилар)дан иборат. Тропик ўрмонларда пигмей қабилалари яшайди. Расмий тилфранцуз тили. Аҳолининг 46% шаҳарларда яшайди. Диндорлар — католиклар, протестантлар, бир қисми анъанавий динларга эътиқод қилади, мусулмонлар ҳам бор. Йирик шаҳарлари: Браззавиль, Нкайи, Лубомо, Мосенжо.

Тарихи. Археология топилмаларининг далолат беришича, Конго ҳудудида палеолит ва мезолит даврларида Ниари дарёси водийсида одамлар яшаган, Мпила ва Мпиака деган манзилгохлар бўлган. Тахм. милоднинг дастлабки асрларида бантулар Конго дарёси хавзасига кўчиб келган ва бу жойда яшовчи пигмейларни суриб чиқарган. Шу даврга оид темир анжомлар топилган. 1482 й. да португал денгизчиси Диогу Кан бу ерга келиб тушганида мажусий банту халқларидан конго, вили, йомбелар (Конго дарёсининг қуйи оқимида), текелар (Малебодан шим. рокда) ва б. яшаган. Улар ўрмондан ер очиб, деҳқончилик қилар (супурги, дуккакли экинлар, ямс экишган), аҳолининг бир қисми балиқчилик билан шуғулланар, ҳунармандчилик (тўқувчилик, кулоллик, темир ва мис эритиб, турли идиш ва асбоблар ясаш) ривожланган эди.

Конго ҳудудида вилилар яшайдиган соҳилда Лоанго, текелар яшайдиган Малебо атрофида Теке (Тио) давлатлари вужудга келган. Улар билан европаликлар ўртасида алоқа ўрнатила борган, қул савдосида ҳамкорлик қилинган. 19-а. охирида Конго дарёси ҳавзасида французлар пайдо бўлган. Экспедиция қўмондони П. Саворньян де Бразза 1880 й. да Нкуна манзили (ҳоз. Браззавиль ш.)га асос солди. 1880 й. дан Конго Франция протекторати, 1886 й. дан мустамлакасига айлантирилди. 1903 й. дан Ўрта Конго деб номланди.

Конго 1960 й. 15 авг. да мустақилликка эришди. Шу йилнинг 20 сент. дан БМТ аъзоси, 1969 й. 30 дек. да Халқ республикаси деб эълон қилинди. 1991 й. дан мамлакат К. Республикаси деб атала бошлади. Миллий байрами —15 авг. — Мустақиллик куни (1960).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. К. меҳнат партияси, 1969 й. да тузилган; К. демократия ва муштарак ривожланиш ҳаракати, 1990 й. да асос солинган; Демократия ва ривожланиш учун бирлашма, 1990 й. да ташқил этилган; Демократия ва ижтимоий тараққиёт учун бирлашма, 1990 й. да тузилган; Бирлашган демократик кучлар, 1994 й. да асос солинган; Ижтимоий демократия учун Африкааро иттифоқ партияси. Конго касаба уюшмалари конфедерацияси, 1964 й. да тузилган, Африка касаба уюшма бирлиги ташқилотига ва Жаҳон касаба уюшмалари федерациясига киради.

Хўжалиги. Конго — аграр мамлакат. Иқтисодиётининг асосини қ. х., кончилик ва ўрмончилик ташқил этади. Фаол аҳолининг 60% қ. х. да банд. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, балиқчиликнинг улуши — 14%, саноат ва қурилишнинг улуши — 37%. Нефть ва ёғоч асосий табиий бойликларидир. Нефть қазиб чиқариш, ёғочсозлик ва озиқ-овқат тармоқларида 300 дан кўпроқ йирик ва ўрта корхона бор. Бундан ташқари, газ, қўрғошин, pyx, мис, қалай, олмос, олтин, калий тузи қазиб олинади. Дарёлар бўйига қурилган ГЭСлар электр энергиянинг асосий қисмини ҳосил қилиб беради (1 й. да 482 млн. кВт-соат).

Ер фондининг жуда оз қисмини экинзор ва яйловлар ташқил этади. Қ. х. камҳосил бўлиб, аҳолининг озиқовқатга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Ички эҳтиёж учун маниок, батат, ямс, таро, тариқ, маккажўхори, шоли, сабзавот етиштирилади. Экспорт учун мойли пальма, банан, кофе, какао, цитрус ўсимликлар, гевея ўстирилади, шакарқамиш, ер енғоқ, тамаки экилади.

Конгода 802 км т. й., 15 минг км автомобиль йўли бор (1,5 минг км қаттиқ қопламали). Ягона денгиз порти — Пуэнт-Нуар, дарё порти — Браззавиль, халқаро аэропортлари — Браззавиль ва Пуэнт-Нуарда.

Конго четга нефть, ёғоч, қурилиш материаллари, олмос, пальма мағзи ва ёғи, кофе, какао, тамаки, қанд-шакар, рангли металл рудалари чиқаради. Четдан машина, транспорт восита ва жиҳозлари, кенг истеъмол моллари, озиқ-овқат келтиради. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: АҚШ, Франция, Испания ва б. Пул бирлиги — Африка франки.

Тиббий хизмат. Тиббий хизмат тизими давлат тасарруфида. Ҳар бир туманда касалхона, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш маркази, тиббиёт маркази бор. Безгак, ошқозон-ичак ва сил касалликлари тарқалган. Врачлар, асосан, Франция ва Сенегалда тайёрланади.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Мамлакатда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий этилган, ҳамма турдаги ўқиш бепул. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 6 й., ўрта мактабда 7 и. Браззавилда миллий ун-т бор. Илмий муассасалари: Илмий техника тадқиқотлари миллий кенгаши, Конго маҳсулдорлигини ошириш бюроси, Тропик ўрмонни ўрганиш маркази ва б. Браззавилда ун-т кутубхонаси, миллий музей ҳамда унинг архиви ва кутубхонаси бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Конгода бир қанча газ. нашр этилади. Йириклари: «Мвети» («Юлдуз» француз тилидаги кундалик газ., 1977 й. дан), «Бакенто йа Конго» («Конго хотинқизлари», француз тилида 3 ойда 1 марта чиқадиган газ.), «Вуа де ла класс увриер» («Ишчилар синфи овози», француз тилида 1 й. да 6 марта чиқадиган газ.), «Женес э революсьон» («Ёшлар ва инқилоб», француз тилидаги ҳафталик газ., 1977 й. дан), «Комбаттан руж» («Қизил жангчи», француз тилидаги ойлик газ.), «Смэн африкэн» («Африка ҳафтаси», француз тилидаги газ., 1952 й. дан). Конго ахборот агентлиги 1962 й. да тузилган. Конго миллий радиоэшиттириш ва телекўрсатувига 1962 й. да асос солинган.

Адабиёти. Конгода кадимдан бой халқ оғзаки ижодиёти мавжуд. Ёзма адабиёт 2-жаҳон урушидан кейин француз ва лингал тилларида пайдо бўлди. Шеърият, айниқса, гуркираб ривожланди. Ж. Б. Тати-Лутарнинг лирик шеърлари ватанга муҳаббат руҳи билан суғорилган. Шоир Ж. Ф. Чикайя ёзма шеъриятни юксак даражага кўтарди. Унинг «Қора қон», «Қорин», «Африка эртаклари» ва б. шеърий китобларида халқнинг озодлик ва тенглик учун кураши — Африка такдири ҳақида ўйлар, халқ туйғулари акс эттирилган. М. Синданинг шеърий асарларида ҳам мустамлакачиликка қарши кураш мавзуи янгради. Айни вақтда насрий асарлар ҳам кенг ривожланди. Ж. Малонганинг қуллар ҳаётига бағишланган «Мпфуму Ма Мазоно афсонаси» ва тенгсизликка қарши кураш мавзуини ифода этган «Юракдаги армон» романлари Конго насрининг ютуғи ҳисобланади. Драматургия соҳасида С. Бемба, П. Лони, Ф. Муангасса, Л. Амбили ва б. ижод қиладилар.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Халқ турар жойлари, асосан, тўғри бурчакли, томи икки нишабли кулбалардан иборат. Маросим ўтказиладиган бинолар нақш солинган ёғоч тахталар билан безатилган. 19-а. 2-ярмидан шаҳарларда европача бинолар қурила бошлади. Браззавиль, Пуэнт-Нуар ва б. шаҳарларда муҳташам ибодатхона, меҳмонхона ва маъмурий бинолар қад кўтарди.

Ёғочдан ҳайкалчалар ясаш, ўймакорлик, қовоқ ва сопол идишлар ишлаш, уларни нақш билан безаш ривожланган. Ҳоз. замон санъатида «ПотоПото» рассомлик мактаб-устахонаси муҳим роль ўйнайди (1951 й. француз рассоми ва этнографи П. Лодс ташқил этган). Бу мактаб-устахона маҳаллий анъаналарга асосланган; манзараларни аниқ тасвирловчи, ранглардан жозибадор кўринишлар ҳосил қилувчи ноёб услубдаги картиналар (гуашь, акварель) яратилган. Халқ ҳунармандчилиги ривож топган.

Мусиқаси қадимдан мавжуд. Конгода яшайдиган халқларнинг мусиқа маданияти кўпроқ фольклор билан боғлиқ.

Бака, бабинга ва б. қабилаларнинг мусиқаси овчилик, деҳқончилик мавзуини ифодалайди. Қўшиқ ва рақслар ҳам кўпинча қ. х. ишлари ёки ов вақтида ижро этилади. Барабан, флейта, чанг воситасида хабар ва янгиликлар тарқатилади. Мустақиллик йилларида Африка халқлари ва фольклори мусиқасига қизиқиш кучайди. Куй ва қўшиқлар, асосан, барабанда (току, локука, лўнгўнгу ва б.) оркестр жўрлигида ижро этилади. Кейинги йилларда замонавий мусиқа ривожланди. 1966 й. да ташқил этилган Конго миллий балети, асосан, халқ рақсларини ижро этади.

Театри. Конгода яшаган қад. халқларнинг овчилик, балиқчилик ва турмуш мавзуидаги анъанавий рақслари ва маросимларида театр санъати унсурлари бўлган. Шу асосда ва Ев ропа замонавий театр санъати услубидан фойдаланиб, 1965 й. Браззавилда Конго миллий театри барпо этилди, унда саҳналаштирилган Г. Ойоно-Мбианинг «Уч ошиқ — бир қайлиқ», Ги Менганинг «Коко Мбаленинг декчаси», «Оракул», Л. Амбилининг «Ватанпарвар» пьесалари шуҳрат қозонди.

Киноси. 70-й. ларнинг бошида ҳужжатли фильмлар чиқарилди. 1974 й. биринчи тўлиқ метражли бадиий фильм — «Қалин пули» (реж. С. Комиба) яратилди; фильм Конго ёзувчиси Ж. Малонганинг «Мпфуму Ма Мазоно афсонаси» романи асосида экранлаштирилди. 1977 й. К. да кинематография миллий бошқармаси ташқил этилди. Унинг «Ибодатхона», «Жангчилар» (реж. Ж. М. Чиссуку) фильмлари яхши кўтиб олинди. 1980—90-й. ларда ҳам бир қанча бадиий фильмлар яратилди.