КОНИБОДОМ — Тожикистон Республикаси Суғд вилоятидаги шаҳар. Фарғона водийсининг ғарбий қисмида. Катта Фарғона канали бўйида. Конибодом темир йўл ст-ясидан 6 км. Аҳолиси 38,8 минг киши (1990-й. лар). Конибодом 1463 й. дан Канди Бодом деб тилга олинади. Баъзи адабиётларга кўра, Конибодом 9—10-а. лардан маълум. Қ. х. машинасозлиги, енгил (пахта тозалаш, тўқимачилик, тикувчилик), озиқовқат саноати корхоналари бор. Бадиий ҳунармандчиликнинг қад. маркази. Театр, тарих-ўлкашунослик музейи мавжуд. 16—17-а. ларга мансуб 2 Мадраса, анъанавий ўймакорлик ва китобали (безак ёзувли) масжидлар сақланган.