КЎНИКМА

КЎНИКМА — инсоннинг илгариги тажрибалари асосида муайян фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш қобилияти. Кўникмалар амалий фаолиятга, билимларни амалда қўллай билишга оид фаолиятнинг таркибий қисмидир. Кўникма фаолиятнинг мақсади ва шароитларига мутаносиб равишда ҳаракатни муваффақиятли бажариш усулларидир. У ҳамиша билимларга асосланади, маҳорат (малака)нинг негизи ҳисобланади. Кўникма мазмунан амалий (жисмоний) ва ақлий, шаклан оддий ва мураккаб турларга ажратилади. Амалий Кўникмалар меҳнат фаолиятини амалга оширишга, ақлий К. лар билим олишга, уни ўзлаштиришга йўналтирилган бўлади. Кўникмаларни билим билан адаштирмаслик лозим, чунки билимлар воқелик тўғри акс эттирилган ҳукм (мулоҳаза)ларда ифодаланади. Кўникмалар эса кўпроқ ақлий ва жисмоний ҳаракатларда мужассамлашади.