
КОННЕКТИКУТ
КОННЕКТИКУТ — АҚШнинг шим.-шарқий қисмидаги штат, Янги Англияда. Майд. 12,9 минг км2. Аҳолиси 3,4 млн. киши (2001). Маъмурий маркази — Хартфорд ш. К. ҳудуди дастлаб Англия мустамлакаси бўлган. 1788 й. дан АҚШ таркибида. Штат ЛонгАйленд бўғозининг соҳил пасттекислиги ва Аппалачи товюрининг жан. этақларида (200—400 м) жойлашган. Коннектикут ҳудудидан ўтувчи Коннектикут дарёсида кема қатнайди. Иқлими мўътадил океан иқлими. Хартфордда ўртача т-ра янв. да —2,4°, июлда 22,6°. Йилига ўртача 1200 мм ёғин ёғади.
Етакчи саноат тармоқлари — машинасозлик (электротехника ва радиоэлектроника, соат и. ч., приборсозлик, авиасозлик, кемасозлик ва б.) ва металлсозлик. Тўқимачилик, кимё, резина, полиграфия саноати корхоналари бор. Асосий саноат марказлари: Хартфорд, Брижпорт, НьюХейвен, Уотербери.
Қ. ҳ. нинг етакчи тармоғи — сут чорвачилиги ва паррандачилик. Коннектикут дарёси водийсида тамаки етиштирилади. Транспорт йўллари зич. Муҳим денгиз портлари: Нью-Хейвен, Брижпорт, НьюЛондон. Коннектикутда музейлар, ун-тлар бор.