КОНСЕРВА (лот. conservare — сақламоқ) — ҳайвон ёки ўсимлик маҳсулотларидан махсус ишлов берилиб, узоқ муддат сақлаш учун тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари. Жаҳонда Консерванинг 1000 дан ортиқ хили ишлаб чиқарилади. Консерва гўшт, гўшт-ўсимлик, сут, балиқ, сабзавот, мева ва б. дан тайёрланади. Консервалаш озиқ-овқат маҳсулотлар тўйимлилигини сақлашга ёрдам беради. Кўпинча, ортиқча қисмлари (қобиғи, уруғи, суяги, томири ва ҳ. к.) олиб ташланиши, мой ва шакар қўшилиш ҳисобига маҳсулотларнинг тўйимлилиги ошади. Консерваланган маҳсулотларнинг витамини қисман (5 — 7%) камаяди. Консерва бузилиб қолмаслиги учун салқин ва қуруқ жойда сақланиши лозим. Консерва тайёрланадиган аппаратларнинг кўпи автоматлаштирилган. Аҳолини йил бўйи сабзавот ва мевалар билан таъминлашда, туристик саёҳатларда Консерванинг аҳамияти катта (яна қ. Консерва саноати).