
КОНСЕРВАТИЗМ
КОНСЕРВАТИЗМ — ижтимоий ва маданий ҳаётда анъана ва ворислик ғоясига таянувчи хилма-хил ғоявийсиёсий ва маданий оқимлар мажмуи. Тарихда Консерватизм турли шаклларда намоён бўлган, лекин, умуман олганда, мавжуд ва барқарор ижтимоий тизимлар ҳамда меъёрларга мойиллик, инқилоб ва кескин ислоҳотларни қабул қилмаслик — К. га хос асосий хусусият ҳисобланган. Ижтимоий ўзгаришлар юз бераётган шароитда Консерватизм эски тартибларни қайта тиклаш, бой берилган мавқеларни асл ҳолига қайтариш ва ўтмишни идеаллаштиришда кўринади. «К» термини биринчи бор француз адиби Ф. Шатобриан томонидан қўлланилган ҳамда 18-а. охирида Буюк француз инқилоби даврида аристократия мафкўрасини ифодаловчи қарашлар йиғиндисини билдирган. Капитализм қарор топаётган даврда Консерватизм ғарбда либерализм ва социализма қарши турган.