КОНСЕРВАТОРИЯ (итал. conservatorio — бошпана) — махсус мусиқа ўқув юрти. Турли йўналишлардаги мусиқа ижрочилиги, композиторлик ва мусиқашунослик соҳалари бўйича муайян тизимда таълим беради. Даставвал Италияда етим ва қаровсиз болаларга мўлжалланган бошпана — К. (биринчиси Неаполь, 1537) деб аталиб, унда турли ҳунарлар қатори мусиқа (асосан, қўшиқчилик) ҳам ўқитилган. 17-а. охиридан Италия К. лари профессионал мусиқачиларни тайёрлайдиган муассасаларга айланган. Замонавий ўқув юрти сифатида Консерваториялар Европада 18-а. охиридан ташқил этила бошланди (Стокгольмдаги Қирол олий мусиқа мактаби, 1771; Париждаги Мусиқа ва декламация К. си, 1795 ва б.). Баъзи чет эл мусиқа олий ўқув юртлари — академия, олий мактаб, институт деб ҳам аталади (мас, Бағдод нафис санъатлар академияси, Қоҳирадаги Араб мусиқаси института ва б.). Аксарият Европа ва Америка К. ларида фақат ижрочи (созанда, хонанда, дирижёр) ва композиторлар таълим олишади. Мусиқашунослар эса ун-тларнинг мусиқа ф-тларида тайёрланади. Ўзбекистонда дастлаб Туркистон халқ К. си (1918), 1934 й. дан Олий мусиқа мактаби, 1936 й. дан Тошкент К. си, 2002 й. дан Ўзбекистон консерваторияси фаолият кўрсатади. Мазкур Консерватория мамлакатнинг мусиқа ижрочилиги, бастакорлик ва мусиқашунослик соҳаларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашнинг асосий маркази сифатида миллий санъатнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келади.