КОНСТИТУЦИЯ

КОНСТИТУЦИЯ (лот. constitutio — тузилиш, тузук) — давлатнинг асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конституция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.

Конституция давлатчилик белгисидир. Бирбиридан фарқланувчи юридик ва ҳақиқий (фактик) Конституция тушунчалари бор. Юридик Конституция ижтимоий муносабатлар доирасини тартибга солувчи маълум ҳуқуқий нормалар тизими. Ҳақиқий Конституция эса — шундай муносабатларнинг ўзи, яъни реал мавжуд муносабатлардир. Конституция ўз шаклига кўра, кодекслаштирилган, кодекслаштирилмаган ва аралаш турларга бўлинади. Кодекслаштирилган Конституция — конституциявий хусусиятга эга барча асосий масалаларни тартибга солувчи бир бутун ёзма ҳужжат ҳисобланади. Агар айни ўша масалалар бир неча ёзилган ҳужжатлар билан тартибга солинса, у ҳолда Конституция кодекслаштирилмаган ҳисобланади. Аралаш турдаги Конституция парламент томонидан қабул қилинган қонунлар ва суд прецедентлари билан бирга, одатлар ва назарий шархларни ҳам ўз ичига олади, яъни қисман ёзилган бўлади. Ўзгартириш киритиш усули бўйича Конституция юмшоқ ва қаттиқ турларга бўлинади. Уларнинг биринчиси оддий қонун қабул қилиш йўли билан ўзгартирилиши мумкин. Иккинчиси махсус такомиллаштирилган тартибда (парламент аъзолари овозининг малакали кўпчилиги, баъзан эса референдум ўтказиш, тузатишларни муайян миқдордаги федерация субъектлари томонидан ратификациялаш ва ш. к.) ўзгартирилиши мумкин. Амал қилиш муддатлари бўйича Конституциялар доимий ва муваққат турларга бўлинади.

Давлат фаолиятининг турли соҳаларида Конституцияга риоя қилинишини назорат этиш Олий суд ёки Конституциявий суд зиммасига юкланади. «Конституция» атамаси Қад. Римдаёқ бор эди (император К. си деб аталган қонун). Амир Темур «Тузуклар»и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Ўрта Осиё халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган. Европадаги тарихий тараққиёт ҳоз. кунда амалда бўлган Конституция ларнинг 2 гуруҳини вужудга келтирди. 1-гуруҳ — ҳоз. замон шароитларидан кескин фарқ қилувчи шароитларда қабул қилинган эски Конституция лар. Бу хилдаги Конституция ларга 1787 й. ги АҚШ Конституцияси, 1831 й. ги Бельгия К. си, 1874 й. ги Швейцария К. си мисол бўла олади. 2-гуруҳга 20-а. нинг 2-ярмида қабул қилинган «янги авлод» К. лари киради. Улар дастлабки Конституция лардан хуқуқ ва эркинликлар ин-тининг, Конституциянинг ҳимоя қилиш механизмлари ва ижтимоий муаммоларга мурожаат килиш механизмларининг кенгайиши натижасида конституциявий тартибга солиш ҳажмининг кўпайиши билан фарқ қилади.

Халқаро конституциявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжат қоидаларини инобатга олиш, миллий давлатчилик анъаналардан келиб чиқиш натижасида яратилган ЎзР Конституцияси (1992 й. 8 дек. да қабул қилинган) жаҳон андозаларига мос бўлиб, халқаро талабларга жавоб беради (қ. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси).

Акмал Саидов.