КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД — бир қанча давлатларда ягона ёки асосий иши конституциявий назоратии амалга ошириш бўлган алоҳида орган. Биринчи марта 1920 й. Австрияда таъсис килинган. Шундан эътиборан бу тартибот Ғарбий ва Шарқий Европада кенг ёйилди, шунингдек, Осиё, Африка ва Американинг айрим мамлакатларида қабул қилинган. Конституциявий суд одатдаги олий судлардан фарқ қилиб, умумий юрисдикция судлари тизимига кирмайди. Баъзи мамлакатларда (мас, РФ) К. с. алоҳида тоифадаги суд ҳисобланади ва шунга кўра суд тизимига киради, бошқа мамлакатларда (ГФР, Италия, Руминия, Болгария, Монголия) — суд ҳокимиятига алоқаси йўқ алоҳида назорат органи ҳисобланади. Конституциявий суд аъзолари парламент томонидан сайланади (ГФР, Хорватия) ёки давлат бошлиғи томонидан тайинланади (Кипр); баъзида Конституциявий суд аъзоларини парламент ва ҳокимият ҳамда адлиянинг бошқа органлари тайинлайди (мас, Италия К. с. ни тенг микдорда президент, парламент ва магистратура тайинлайди). Конституциявий суд конституциявий назоратни амалга ошириш билан бир қаторда турли мамлакатларда конституцияга шарҳ бериш ҳуқуқига эга, сиёсий партияларнинг фаолияти конституцияга мувофиқ келиш-келмаслиги масаласини ҳал қила-ди, ваколатлар билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади ва ҳ. к. Ўзбекистон Республикаси К. с. суд тизимига кириб, қонунлар ва б. ҳужжатларнинг ЎзР Конституциясига мослигини аниқлайди, Конституция ҳимоячиси ҳисобланади. Унинг фаолияти махсус Конституциявий суд тўғрисидаги қонун билан тартибга солинади (яна қ. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди).