КОНСТРУКТИВИЗМ (лот. constructs — қуриш, ясаш) — 20-а. нинг 20-й. лари санъат ва адабиётда вужудга келган оқим. Дастлаб меъморликда курилиш техникаси ва технологияси ютуқлари таъсирида юзага келди ва ривожланди. Конструктивизм бадиий лойиҳалаш (дизайн) ни шаклланишига ҳар тарафлама имкон яратди. Конструктивизм тарафдорлари атроф муҳитни «куриш» вазифасини илгари сурдилар. Қурилган бино ва яратилган буюмларни содда ва ихчам, қулай ва мақсадга мувофиқ бўлишини эътироф этдилар. Меъмор ва рассомлар ҳамкорликда одамлар яшайдиган муҳитни яратиб, уларнинг кайфияти, меҳнат фаолиятига таъсир этиш мумкин деб билдилар. Конструктивизм назариётчилари инглиз Ж. Рескин, У. Моррис, америкалик Х. Гринуа, Л. Х. Салмив, австриялик О. Лоза, француз О. Перре, Ле Корбюзье, немис меъморлари В. Гропиус, Х. Мейер, россиялик ака-ука Веснинлар, М. Гинзбург ва б. нинг амалий ва назарий қарашларида шу йўналиш ғоялари ўз аксини топди. Европа, Америка, Осиёда кенг ёйилиб «халқаро услуб» даражасига кўтарилди. Ўзбекистонда меъморлардан Г. П. Бауэр, Г. М. Сваричевский, С. Н. Полупанов ва б. К. услубини кенг қўллашга ҳаракат қилишган.
Тасвирий ва амалий санъатда идиш, мебель, жиҳозларнинг янги нусхалари, газламалар учун расмлар яратилди, кийимларнинг янги ва қулай шакллари ишлаб чиқилди, Конструктивизм графика ривожи, китоб иши, ҳарф териш ва б. да муҳим аҳамият касб этди. Театр декорациясида анъанавий безаклар ўрнига саҳнадаги ҳаракат мазмунига хизмат қиладиган «дастгоҳ»лар яратилди. Ўзбекистон тасвирий санъатида В. Уфимцев ижодида Конструктивизм таъсири кузатилади, 60—70-й. ларда плакат жанрида кенг қўлланилди. Конструктивизм кридалари Ф. Кагаров, И. Абдуллаев, Ҳ. Ҳасанов ва б. ижодида ўз аксини топди.
Адабиётдаги Конструктивизм дастлаб Россиядаги «сўл» оқим — футуризм ичида намоён бўлди. 1924—30 й. ларда конструктивистларнинг адабий маркази гуруҳи мавжуд бўлиб, унга И. Сельвинский, К. Зелинский, В. Инберг, Э. Багрицкий, Б. Агалов ва б. кирган эди. Конструктивизм вакиллари бадиий асарга «конструкция» сифатида қараб, образнинг ҳар бир унсурига «маъно юклашга» ҳаракат қиддилар. Бу амалда схематизмга, шиор ва реклама услубига олиб келди. Мумтоз мероснинг аҳамиятини етарли баҳоламаслик Конструктивизмни футуризм билан яқинлаштирди. Конструктивизмга мойиллик 20-й. ларда Шокир Сулаймон, Ғайратий каби ўзбек шоирларининг ижодида ҳам сезилган. Конструктивистларнинг адабий маркази жамоатчиликнинг қаттиқ танқидига учради, фаолиятини 1930 й. да тугатди.