КОНСУЛ (лот. consul — маслаҳатчи) — 1) Кдд. Римда илк республика даврида вужудга келган олий мансабдор шахс. Консуллар 2 кишидан иборат тартибда дастлаб 1 йиллик муддатга фақат патрицийлар томонидан сайланган. Мил. ав 367 й. дан сўнг Консулдан бири плебейлар орасидан сайланган. Консул халқ йиғинлари ва сенатни чақирган. Алоҳида ҳолларда сенат К. га чексиз хуқуқлар берган. Консул империя даврида ўз амалий аҳамиятини йўқотиб, фахрий унвонга айланган;
2) ўрта аср Шим. ва Марказий Италия шаҳарларидаги олий мансабдор шахс. 8-а. нинг 1-ярмида Консул фуқаролар томонидан, асосан, 1 йилга 4 — 12 кишидан иборат таркибда сайланиб, олий ижроия, маъмурий, молиявий, суд ва қисман қонун чиқарувчи ҳокимиятга эгалик қилган ва шаҳар патрицийлари манфаатини ифода этган;
3) бир давлатнинг бошқа давлат ҳудудида ўз мамлакати, унинг юридик шахслари ва фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш, 2 давлат орасида сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга ёрдам бериш учун тайинланадиган мансабдор шахс. Консулнинг тайинланишида уни қабул қилувчи давлатнинг аниқ розилиги талаб этилади. Консул қабул қилувчи давлатнинг қонунлари, одат ва анъаналарини бузмаслиги лозим. Консулнинг фаолияти уни юборувчи давлат элчихонаси томонидан назорат этилади. Консуллик тоифалари Консул ларнинг ўз хизмат даражадари билан боғлиқ унвонлари бўлиб, уларнинг 4 хили мавжуд: Бош К., К., Вице-К. ва Консуллик агентлари. Консуллик тоифаларини бериш, юборувчи давлатнинг ички иши ҳисобланади ва шу давлатнинг қонунлари билан тартибга солинади. 1963 й. да БМТ доирасида «Консуллик алоқалари ҳақида» Вена Конвенцияси ишлаб чиқилган, 1994 й. 6 майда Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияга қўшилган. Ўзбекистон, шунингдек, бир қатор давлатлар билан Консуллик битимлари тузган ва уларда Консуллик ваколатхоналари ва б. мансабдор шахслар фаолият доираси, ҳуқуқ, имтиёз ва иммунитетлари белгиланган. 1996 й. 29 авг. да Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави қабул қилинди, унда Консуллик муассасаларининг ишини ташқил этиш, шу ишларни бажариш тартиби Консуллик мансабдор шахслар томонидан белгилаб берилди.