КОНТРФОС (франц. contre — forse — қарама-қарши куч) — бино ва б. иншоотларда деворни мустаҳкамлаб, унинг қийшайиб (оғиб) кетишига йўл қўймайдиган тиргак. Кўндаланг девор, вертикал таянч. Асосан, бино ташқарисида бўлади. Биноларда Контрфос деворнинг горизонтал босимини, сув тўғонларида сув босимини ўзига қабул қилиб, иншоотнинг мустаҳкамлигини таъминлайди. Готика меъморлигида Контрфос деворга гумбаз ёки равоқдан тўшадиган босимни ўзига қабул қилувчи қўшимча таянч, ташқи тирговуч сифатида қўлланилган.
Ҳозир қад. меъморий ёдгорликлар мустаҳкамлигини таъминлашда фойдаланилади.